22:06 / 06.07.2020
2 376

«Путин катта ғалабани қўлга киритди» – Ғарб нашрлари Россиядаги референдумга қандай муносабатда бўлди?

«Путин катта ғалабани қўлга киритди» – Ғарб нашрлари Россиядаги референдумга қандай муносабатда бўлди?
EPA/KREMLIN POOL
1 июль куни Россия учун муҳим кун бўлди. Шу куни мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритиш масаласида умумхалқ референдуми ўтказилди. Россия конституциясига киритиладиган асосий тузатиш – сиёсий харакатерга эга ўзгариш эди. Яъни, Россия аҳолиси 2024 йилда ўз ваколатларини янги президентга топшириши лозим бўлган Путиннинг президентлик қилган муддатларни бекор қилиниши масаласида ўз хоҳишини билдириши лозим эди.

1 июлда ўтказилган референдумда қатнашганларнинг 77,92 фоизи конституцияга ўзгартириш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлади. Энди, ҳозир ўзининг иккинчи муддатида (бошдан ҳисобланса тўртинчи муддат) Россияни бошқараётган амалдаги президент Владимир Путин 2024 ва 2030 йилларда ўтказиладиган президент сайловларида бемалол ўз номзодини қўя олади.

Путинга Россияни янада узоқроқ бошқариш учун имконият берадиган конституцион ўзгаришлар ҳақида Терешкова илк таклиф берганидаёқ буни нафақат бошқа давлатларда, балки Россиянинг ўзида ҳам танқидий руҳда кутиб олишганди. 1 июль куни референдум натижалари аниқ бўлганидан сўнг унга дунёнинг кўплаб ОАВ ва сиёсий таҳлилчилари ўз фикрини билдирди.

The Guardian: «Кремль ва унинг тарафдорлари Россия конституциясига ўзгартириш киритиш ва Владимир Путинга мамлакатни 2036 йилгача бошқариш имкониятини берадиган қонун учун умумхалқ овозини олишди.

...Референдум натижаларига кўра россияликларнинг аксарияти Путиннинг тўртинчи ва охирги президентлик муддати тугаган 2024 йилдан кейин ҳам мамлакатни бошқаришда давом этишини қўллаб-қувватлаган. Аҳолини овоз беришга чақирган тарғиботларда бу референдум натижаси Путиннинг ваколат муддати чекловларини бекор қилиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Бир овоз билан «қаршиман» ёки «ҳа» дейиш орқали россияликлар шунингдек, пенсия ҳамда энг кам иш ҳақини ошириш, ҳукуматнинг камтарона қайта ташкил этилиши, «Худога ишониш»ни конституция билан мустаҳкамлаб қўйиш, бир жинсли никоҳни тақиқлаш, рус тили ва тарихини асраб-авайлашга чақирувчи ўзгаришлар учун ҳам овоз беришди. Бундан ташқари, референдумда юқори мансабдор шахсларнинг икки фуқароликка эга бўлишларини тақиқлаш ҳақидаги банд учун ҳам овоз бериш киритилганди.

Референдум орқали овоз бериш конституцияга ўзгартириш киритиш учун охирги қадам эди. Унгача барча жараёнлар аллақачон Россия конституциявий судида кўриб чиқилган ва минтақавий қонун чиқарувчилар томонидан қўллаб-қувватланган эди».

Financial Times: «Владимир Путиннинг исми Россия конституциясига киритилган тузатишларни маъқуллаш учун ўтказилган референдумда овоз бериш бюллетенларида кўринмайди. Овоз бериш жараёнларида унинг 2036 йилгача президент бўлиб қолишига имкон берадиган қоидаларни эслатишдан қочилган.

...Режалаштирилган конституциявий тузатишларга ижтимоий нафақалар кафолати, шунингдек, миллатчилик кайфиятлари шаклланишига қарши курашиш каби сайловчиларни чалғитишга қаратилган бир қатор ўзгартиришлар киритилган. Буларга бир жинсли никоҳ тақиқланиши ва Россияга тегишли ҳудудларни қайтариш, рус тилини «давлатнинг асосини ташкил этувчи этник гуруҳ тили» сифатида бирлаштириш ва Иккинчи жаҳон уруши пайтида «халқнинг «Улуғ Ватан уруши»да ватанни ҳимоя қилишдаги ғалабасининг аҳамиятини камситишга уринишга қарши» сўровлар ҳам киради. Аммо жаноб Путин на ўз нутқида, на сайловолди ташвиқоти материалларида ҳозирги пайтда қабул қилинадиган максимал иккита президентлик муддатини бекор қиладиган нуқтайи назарга аҳамият берди.

...Бу Путиннинг ҳозирги олти йиллик ваколат муддати 2024 йилда тугаши билан яна икки марта президентликка номзод бўлишига имкон беради».

CNN: «Президент Владимир Путин келгуси ўн йилликнинг ўрталарига қадар ҳокимиятда қолиш истагида катта ғалабани қўлга киритди.
1 июль куни россияликлар конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ референдумида овоз бериш учун сайлов участкаларига боришди. Ушбу референдум мамлакатни шундоқ ҳам йигирма йилдан бери бошқариб келаётган Путиннинг 2036 йилгача президент бўлиб қолишига йўл очиб беради».

Le Monde: «Якуний натижаларга кўра, референдумда қатнашганларнинг 78 фоизи конституция ўзгартирилиши учун овоз берган. Расмийларнинг асосий хавотири аҳолининг референдумда қатнашиш масаласи эди. Кремль тарқатган маълумотларга кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга аҳолининг 65 фоизи референдумда қатнашган. Бу референдумнинг натижаларини инобатга олиш учун етарли бўлган миқдор ҳисобланади. Аксарият минтақалар ўз аҳолисининг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган қисмининг 70 фоизга яқини референдумда қатнашгани ҳақида маълумот берган.

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг бу референдумда фаол қатнашганининг кўплаб сабаблари бор. Владимир Путиннинг ҳақиқий машҳурлиги, Россия сиёсатининг асосий қадриятига айланган барқарорликка чанқоқлик, шунингдек, яширин ва самарали сайлов маркетинги ҳамда демократик овоз бериш стандартлари билан муҳим келишувлар».

Николаевка қишлоғи. Омск области.
Фото: Reuters

Zeit: «Ушбу конституцияни ўзгартирадиган референдум, ҳатто уни «референдум» деб ҳам атаб бўлмайди, жуда ўзига хос қоидаларга мувофиқ бўлиб ўтди. Россия янги тарихидаги энг ғалати овоз бериш жараёни бўлди. Коронавирус пандемияси туфайли одамлар биринчи марта, нафақат бир кунда, балки бутун ҳафта давомида расман овоз беришди. Улар автоуловларнинг очиқ юкхонасида, эски автобусда, дарахтлар остида, ўйин майдончаларида, чодирларда ва пиёдалар йўлакчасига ўрнатилган ўриндиқларда ўтириб овоз беришди.

...Расмий маълумотларга кўра, деярли барча овозларни санаб чиққандан сўнг сайловчиларнинг 77,92 фоизи конституциядаги ўзгаришларга рози бўлган, Бу Владимир Путинга яна икки бор ўз номзодини президентликка қўйишига имкон беради».

Reuters: «Россияликлар Владимир Путинга 2036 йилгача ҳокимиятда қолиш учун эшикни ланг очиб берди.

...Путин, совет иттифоқи диктатори Иосиф Сталин давридан бери Россияда энг узоқ вақт ҳукмронлик қилиб келаётган раҳбар ҳисобланади. Овоз бериш белгиланган кун арафасида у ўтказиладиган референдум мартабасига қандай таъсир қилиши мумкинлигини билмаслигини гапириб, ҳали келажаги ҳақида қарор қилмаганини айтган эди. Путинни замонавий шоҳга тенглаштирган танқидчилар унинг яна сайловларда қатнашишига шубҳа қилишмаяпти.

Аммо баъзи таҳлилчиларга кўра, у «чўлоқ ўрдак» бўлиб қолмаслик учун турли имкониятларни сақлаб қолишни истаяпти («Чўлоқ ўрдак» – бу АҚШда икки муддат президентлик қилиб бўлган ва номзодини қайта қўя олмайдиган президентлар). «Левада» ижтимоий сўров агентлиги ўтказган сўровда сўралганларнинг 60 фоизи Путинни қўллашини маълум қилганди. Аммо референдумда қатнашганларнинг қарийб 80 фоизи конституцияни ўзгартиришни қўллаб овоз берган. Бу замонавий сайловларда зўр натижа ҳисобланади.

Bloomberg: «Россияда турмуш даражаси пасайиб кетаётгани учун жамоатчилик норозилиги кучайиб бораётган бир пайтда, Кремль расмийлари референдумда сайловчиларнинг кўпроқ қатнашишига эришиш учун ҳамма ишни қилди. Ҳокимият вакиллари россияликларни популистик мазмундаги, масалан, бир жинслилар никоҳини тақиқлаш, рус тилини қўллаб-қувватлаш каби мавзуларни ҳам овоз бериш жараёнига қўшиб сайловчиларни чалғитди ва максимал овозга эга бўлди. Шу билан бирга, улар Путинга мамлакат тахтини узоқ муддат бошқаришга имкон берадиган сўровни бошқа сўровлар орасига тиқиб аҳамиятини туширишди ва «ҳа» деб бериладиган жавобга қарши тарғибот қилганларга тўсқинлик қилишди».

«Ушбу овоз бериш жамиятдаги тафовутни оширади ва кўпчиликни озчиликдан ажратади. Бу сайлов жараёнларини бутунлай йўқ қилиш учун хавфли ҳолат. Кейинги сайловда ушбу амалиётларни такрорлаш васвасаси жуда кучли бўлади», дейди Москва сиёсий технологиялар маркази президенти Борис Макаренко.

The New York Times: «Жаноб Путинга сайловчиларнинг конституцияни ўзгартириш ҳақидаги қўллови нега керак бўлгани бироз тушунарсиз ҳолат. Чунки конституцияга ўзгартириш ҳақида шу пайтгача Россия парламенти ва минтақалардаги қонун чиқарувчи органлар ўз розилигини бериб бўлганди.

«Ҳуқуқий нуқтайи назардан референдум ўтказиш жараёни ақлсизликдан бошқа нарса эмас», дейди социолог ва профессор Григорий Юдин. Шу билан бирга, у «бу маъносиз жараён эмас» деб таъкидлайди. Унинг фикрига кўра, Путин бошчилигидаги Россия бошқарув тизимига президент қабул қилган қарорларга қонунийлик бериш учун ташқи қўллаб-қувватлов жуда керак. «Бу театр, аммо жуда муҳим ва яхши ишланган театр. Бошқарув тизими жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланадиган намойишларни ташкил қилиши керак, ҳатто бундай қўллаб-қувватловнинг ўз бўлмаса ҳам», дея таъкидлайди социолог.

EUobserver: «Путиннинг бу ҳаракати уни умрбод президентлик қилган раҳбарлар минтақавий клубининг аъзосига айлантиради».

Le Monde: «Ғалаба қозониб ўзига керакли натижани олиш учун «ҳа» сўзи билан тузилган ўзига хос овоз бериш пайтида, россияликлар мамлакат конституциясининг 81-моддасини маъқуллади. Конституциядаги ушбу ўзгариш шу ондан бошлаб амалдаги муддати 2024 йилда якунланадиган Путинга ундан кейин ҳам ҳокимиятда қолишига имкон беради. Шу пайтгача Россия конституцияси бир одамнинг манфаатларига кўра қайта ёзилмаганди. Бу биринчиси бўлди.

Le Figaro: «Россия Путин даврини узайтириш учун овоз бермоқда.

...Овоз бериш натижалари қандай кўринишда бўлиши ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ эди: ислоҳот ёз бошида қонун чиқарувчи орган, парламент томонидан маъқулланган ва конституциянинг янги матни аллақачон китоб дўконларида сотиляпти.

... Энг мунозарали ушбу тузатиш Путинга 2024 йилда амалдаги президентлик муддати тугагандан сўнг яна икки муддат Россияни бошқариш ҳуқуқини беради. Путинга кўра, бу зарурат, чунки сиёсий синф «потенциал ворисларни қидиришда» адашиб қолмаслиги керак. Конституцияни ўзгартириш унга 2036 йилгача, 84 ёшга киргунича Кремлда қолиш имконини беради».

Politico: «Ҳайрон қолдирувчи совға! Путин ғалаба қозонди. Овоз бериш натижаси ҳеч қачон шубҳа уйғотмайди. Россиянинг ўзгартирилган янги конституцияси нусхалари натижалар маълум бўлишидан бир неча кун олдин китоб дўконларида сотила бошланди. Россияда сайловлар шаффоф ўтмаслигини шундан ҳам билиб олаверинг».

Associated Press: Сиёсатшунос Екатерина Шульман Associated Press нашрига айтишича, Кремль хавфли вазият билан тўқнашди: Овоз бериш жараёни аввалроқ ўтказилса сиёсий мақсадлар учун жамоат соғлиғига путур етказганлик айбловлари илгари сурилиши мумкин эди. Иккинчи тарафдан референдумни кечиктириб, кейинроқ ўтказиш мағлубият хавфини оширарди. Шунинг учун Путин ва унинг жамоаси коронавирус пандемияси кенг тарқалган пайтда аҳоли соғлигини гаровга қўйиб бўлсада уни тезроқ ўтказиш пайида бўлди. «Референдумни кузда ўтказиш жуда хавфли бўлар эди», дейди Шульман.

«Биз турли минтақаларни кўриб чиқмоқдамиз, овоз беришда рўй берган қонунбузарликлар яққол кўриниб турибди», дейди «Голос» ҳаракатининг ҳамраиси Голосий Мелконянц. Унинг сўзларига кўра, баъзи минтақаларда сайловчиларнинг иштироки сунъий равишда ошириб кўрсатилган. Овоз бериш натижалари «ҳақиқатан ҳам ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга эга бўлмайди».

Кам сонли фаоллар ўтказган акциялар ҳукуматга керакли натижага эришишга тўсқинлик қила олмади / EPA
NBC News: «Россия конституциясига тузатишлар қабул қилинишига озгина шубҳа бор эди. Аммо Россия сайловлари учун кўпроқ муҳим нарса сайловчиларнинг иштироки ҳақидаги статистик маълумотлар. Кремль эса «овоз бериш натижалари халқ иродасининг қонуний ифодаси» деган фикрни қўллаб-қувватлайди. Натижада, коронавирус пандемиясига қарамай референдум ўтказилган кунларда россияликларни уйдан чиқариш учун расмийлар томонидан катта куч сарфланди.

Иккинчи тарафдан эса мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳали ҳам одамларни COVID-19 вирусидан сақланишлари учун уйда ўтиришлари лозимлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Буёқда эса ҳукумат одамларни референдумга боришга ундаб таклиф қилинган ўзгартиришлар учун овоз беришга чақирди.

«Расмийлар сайлов участкаларига келганлар учун турли совғалар, жумладан соч қуритиш мосламасидан тортиб янги хонадонларгача ўйналадиган лотереяларни таклиф қилди. Шунингдек, Москва шаҳрида «Миллионта совға» номи остида танлов уюштирилди ва унда 145 миллион долларни турли маҳсулотларга алмаштириш мумкин бўлган ваучерлар шаклида ютуқ ўйналди».

«Референдум натижалари Путиннинг келажагини тошга ўйиб ёзмайди. Аммо унинг 2036 йилгача ҳокимиятда қолишига йўл очиб беради. Бу эса унга Буюк Пётр давридан бери Россияда энг узоқ вақт ҳукмрон бўлган давлат раҳбари бўлиш имкониятини яратади. Аммо у бунинг учун яна иккита янги президентлик кампаниясини олиб бориши керак».

Россия президенти Владимир Путин томонидан таклиф қилинган конституциявий тузатишларни тайёрлаш ишлари жадал суръатлар билан кетаётган бир пайтда, ғарб ҳуқуқшунослари бу ишга ўз баҳосини берди. Уларнинг аксарияти Россияда конституция ўзгартирилишини салбий кутиб олишди. Аксарият таҳлилчиларнинг фикрига кўра, президент томонидан киритилган ўзгартиришлар Россия Федерацияси конституциясига зид келади.

Юқорида келтирилган фикрлардан ҳам маълум Россияда 1 июлда ўтказилган референдумга кўпчилик салбий муносабат билдирди. Аксарият таҳлилчиларнинг фикрича, аксарият соҳаларда дунёнинг биринчи ўнталик давлатлари сафига кирадиган давлатда бир шахснинг узоқ муддат президентлик қилиши, буни устига ўша шахс томонидан президентлик муддати 4 йилдан 6 йилга оширилиши жуда ҳам салбий ҳолат.

Путин Россияда ҳокимият тепасига келганидан буён АҚШда тўрт президент алмашди. 1999 йил у Россия раҳбари бўлганда АҚШда ҳали Билл Клинтон президент эди. Ундан сўнг Жорж Буш, Барак Обама президентлик қилиб ўтишди ва раҳбарлик Трампга ўтди. Агар кузда ўтказиладиган сайловда Трамп ютқазса ва унинг ўрнига янги президент сайланса, бу президент Путин ҳокимият тепасига келганидан сўнг АҚШда раҳбарлик қилган бешинчи президент бўлади. Энди, агар Путин 2024 йилдан кейин ҳам президент бўлиб сайланса ва Россия тахтида қоладиган бўлса у раҳбарлик қилган даврда АҚШнинг нечанчи президентини кўради, буни тасаввур қилиб олаверинг.

Шу ўринда бир қизиқ маълумот: АҚШда 1947 йилгача икки муддат президентлик қилиш ва ўрнини бўшатишга шунчаки ёзилмаган қоида асосида амал қилинган. АҚШда жами 44 нафар шахс президентлик қилган бўлса уларнинг бирортаси учинчи муддатга ҳам қолиш учун конституцияни ўзгартиришга уринмаган. Икки муддат мамлакатни бошқариб, ўрнини бўшатиб кетаверишган. Ҳатто XVII-XIX асрдаги президентлар ҳам. Бугун дунё шунча тараққий топганига қарамасдан Россиядай катта мамлакатда бир шахс 20 йилдан бери тахтда ўтирибди ва камига яна ўтирмоқчи. Бу эса яхшилик ва демократия аломати эмас.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Путин катта ғалабани қўлга киритди» – Ғарб нашрлари Россиядаги референдумга қандай муносабатда бўлди?