16:16 / 19.12.2020
4 201

«Ўртоқ Тўқаев, Олмаота шаҳрини Россияга қайтаринг!» — Рус депутатлари

«Ўртоқ Тўқаев, Олмаота шаҳрини Россияга қайтаринг!» — Рус депутатлари
Президентлар Владимир Путин ва Қосим-Жўмарт Тўқаев. Қозоғистон раҳбари ҳозирча рус депутатларининг ҳудудий даъволарига муносабат билдирганича йўқ.
Фото: «Akorda.kz»

Сўнгги ҳафта мобайнида Россия ҳамда Қозоғистон ўртасидаги сиёсий муносабатлар хийла таранглашди. Бунга эса рус депутатларининг «катта оғалик» руҳидаги даъвою иддаолари сабаб бўлди.

Жорий йил 10 декабрь куни Россия Давлат думасининг илм-фан ва таълим қўмитаси раиси Вячеслав Никонов 1-телеканалнинг «Большая игра» дастурида Қозоғистон деган давлат мавжуд бўлмаган дея баёнот берди. «Қозоғистон ҳудуди Россия ҳамда Совет иттифоқи томонидан берилган катта совғадир», — деди у.

Кескин ҳудудий даъво парламентнинг қўмита раиси эмас, кичикроқ рутбадаги аъзоси томонидан айтилганда, эҳтимол, «ҳа энди бир депутатнинг алмойи-жалмойи фикри-да» дейиш мумкин эди. Ушбу фикр давлат телеканали дастурида янграгани, боз устига, В.Никонов иқтидордаги «Единая Россия» партияси аъзоси экани важидан бу даъво Қозоғистон сиёсий доираларида катта хавотир ила қарши олинди.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги зудлик билан Россиянинг муваққат ишлар вакили (вақтинча элчи) Александр Комаровни чақириб, дипломатнинг қўлига норозилик нотасини тутқазди.

«Россиялик айрим сиёсатчиларнинг Қозоғистонга нисбатан провокацион ҳамлалари давлатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига жиддий зарар келтиради. Қозоғистон ТИВ Россияни бундай фикрларга нисбатан муносиб баҳо бериш ҳамда келгусида Россия Федерацияси давлат арбоблари томонидан бу каби баёнотларга йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар кўришга чақиради», — дейилади ТИВ норозилик мактубида.

Таомилга кўра, ташқи сиёсат маҳкамасининг норозилик нотасига мактубни қабул қилиб олган давлат ТИВ жавоб бермоғи лозим. Аммо расмий Нурсултоннинг норозилик мактубига Россия ТИВ эмас, Думанинг бошқа бир депутати, «Единая Россия» партияси аъзоси Евгений Фёдоров жавоб қайтарди.

Депутат Е.Фёдоров ҳамкасби В.Никоновнинг фикрини қўллаб-қувватлаган ҳолда, Қозоғистон Совет иттифоқига тегишли ҳудудларга ноқонуний равишда эгалик қилаётганини даъво қилди.

«Ўртоқ Назарбоев, Тўқаев, ТИВ... Верний — Олмаота шаҳри ҳудудини қайтаринг!» — деб талаб қилди у.

Баҳсга алмойи-жалмойи баёнотлари билан тилга тушган либерал-демократик партия етакчиси Владимир Жириновский қўшилдию тутаб турган оловга мой сепгандек бўлди. Асли Олмаота шаҳрида туғилган 74 ёшли сиёсатчи қозоқ қабилалари кўчманчи тарзда ҳаёт кечирганини ёдга олди.

«Чегара ва ҳукуматга эга давлат йўқ эди, уларнинг бари совет ҳукумати томонидан сунъий тарзда яратилган», — деди В.Жириновский.

Можаролардан бир ҳафта ўтиб, Кремль бу борада расмий муносабат билдирди. Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россияда мамлакатнинг ташқи сиёсатини президент белгилашини таъкидлади.

Депутатларнинг ҳудудий даъво билан чиқиши, хусусан, президентдан Олмаота шаҳрини топширишни талаб қилиши Қозоғистон сиёсатдонлари ҳамда зиёлилари томонидан кескин танқидлар билан қабул қилинди.

Қозоғистон сенатининг халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси Мухтар Қул-Муҳаммад депутат В.Никоновни сиёсий масъулиятсизликда айблади ва у даъво қилаётган Шимолий Қозоғистон ҳудудида бир неча минг йил аввал қозоқларнинг аждоди бўлган элатлар яшаганини таъкидлади.

Сиёсатшунос ва «Нур Отан» партияси аъзоси Ерлан Саиров рус депутатларининг баёнотини халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид эканига эътибор қаратди ҳамда иқтисодий қийинчиликлар домида қолган Россияда шовинизм кучаётганидан огоҳлантирди.

Қозоғистон сенатининг бошқа бир аъзоси Мурод Бахтиёр ўғлига кўра, рус депутатларининг чиқишлари Россиянинг империяча сиёсати давом этаётганини англатади. Москва томонидан бундай ҳамлалар келгусида ҳам рўй беришига ишора қилган сенатор расмий Нурсултон ташқи сиёсатда Европа, АҚШ ҳамда Туркия билан муносабатларга жиддий аҳамият қаратиши лозимлигини уқтирди.

Сиёсатшунос Досим Сатпаев эса Қозоғистон раҳбариятини бу каби жиддий даъволарга қарши қатъий чоралар кўришга чақирди. Қайд этилишича, бундай ҳақоратомуз ва халқаро ҳуқуққа зид баёнотлар учун шунчаки дипломатик эътирозлар билан чекланиш тўғри эмас. Д.Сатпаевга кўра, Қозоғистон ўз суверенитетини муҳофаза этиш борасида чора-тадбирлар кўрмоғи лозим. Бу борада энг сўнгги жавоб чораси сифатида Россия иштирокида тузилган Евроосиё иқтисодий иттифоқидан чиқиш, КХШТдаги аъзоликни вақтинча тўхтатиш таклиф этилган.

Қозоғистон сиёсий жамоатчилиги рус депутатларининг фикрларидан жунбушга келгани бежиз эмас. Зеро, жорий йил июнь ойида президент Владимир Путин «Россия. Кремль. Путин» номли ҳужжатли фильмда СССР таркибида бўлган республикалар Иттифоқ таркибидан чиқиш пайти ўзи билан Россияга тегишли улкан ҳудудларни ҳам олиб чиқиб кетганини даъво қилган эди. Ўша пайтдаёқ Россия етакчиси бу ўринда Украина ва Қозоғистонни назарда тутаётгани тахмин қилинганди.

2014 йилда эса Путин бу борада янада очиқроқ фикр билдирган, қозоқларда давлатчилик бўлмаганини айтган эди.

С.Салим
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)