09:00 / 24.03.2021
1 856

Қозоғистон олимлари радиацияга қарши дунёдаги биринчи дорини яратди

Қозоғистон олимлари радиацияга қарши дунёдаги биринчи дорини яратди
Фото: «РИА Новости»
Қозоғистон тиббиёт олимлари одатда қон кетишни тўхтатишда фойдаланиладиган «аминокапроик кислота» препарати инсон танасини нурланишдан самарали ҳимоя қилишга қодир эканини аниқлади. «Евразия» (Россиянинг «Биринчи канал»и филиали) сюжетида ушбу кашфиёт шов-шувли деб аталди, деб ёзмоқда Tengrinews.

Хабарга кўра, керакли тажрибалар лаборатория каламушлари устида ўтказилган. Ушбу кемирувчилар Чернобил ёки Фукусимадаги атом электр станцияси фалокати пайтида омон қолган бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Ярим аср давомида инсониятга маълум бўлган «аминокапроик кислота» каламушлар танасига киритилгандан сўнг улар икки марта ионлаштирувчи нурланиш билан нурлантирилган. Кемирувчилар ўлмаган, ҳатто радиация таъсирини сезмаган.

«Биз дорини кукун шаклида бердик. Ушбу дори таблеткалар шаклида ҳам ишлатилиши мумкин. Унинг биологик улуши жуда юқори. Шприс билан юбориш шарт эмас. Шунингдек, у ошқозон-ичак йўлининг ички органларини параллел равишда ҳимоя қилади. Радиациядан кейинги энг кенг тарқаладиган ва хавфли таъсир — ингичка ичакнинг шикастланишидир», — деди Б.Атчабаров номидаги фундаментал ва амалий тиббиёт илмий-тадқиқот институти директори Тимур Солиев.

Хабарларга кўра, тажриба давомида «аминокапроик кислота»нинг қўшимча фойдали хусусиятлари топилган. У эркин радикалларни йўқ қилишга ва ёшни узайтириб, шу орқали умрнинг давомийлигини оширишга қодир. Кислота асосида яратилган дори Альцгеймер касаллигининг олдини олишга ҳам ёрдам беради, аммо ҳозирча олимлар унинг нурланишдан ҳимоя қилиш хусусиятларигагина эътибор қаратмоқда.

«Ҳақиқий радиопротектор сифатида фойдаланиш учун расман тан олинган дорилар йўқ. Бундай дориларнинг юқори, паст ва ўрта дозадаги ионлаштирувчи нурланиш таъсиридан кейин танани ҳимоя қилишига кафолат берилиши керак. Менга маълум бўлишича, АҚШ ва Европадаги ҳеч бир фармацевтика компанияси ёки дорихонада бундай хусусиятга эга расман тан олинган дори йўқ», — дея тушунтирди Тимур Солиев.

Телеканал маълумотларига кўра, қозоғистонлик олимлар ушбу дори учун патент олган. Ундан АЭС ишчилари ёки радиация таъсирида бўлган одамлар учун профилактика чораси сифатида фойдаланиш мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон олимлари радиацияга қарши дунёдаги биринчи дорини яратди