Италияда тарихда илк бор дунёдаги энг катта самолёт қуриш ишлари бошланди. Euro Puls портали тарқатган маълумотга кўра, бу самолёт махсус равишда шамол энергетикаси соҳаси учун яратилмоқда ва у Radia WindRunner деб номланади.
Лойиҳанинг асосий мақсади — янги авлод шамол турбиналари учун ишлаб чиқарилаётган улкан парракларни ташиш. Маълумотларга кўра, бу парракларнинг узунлиги 104 метрга етади. Бу эса одатий шамол генераторлари учун ишлатиладиган парраклардан қарийб 30 метрга узунроқ ҳисобланади.
Мутаҳассислар айтишича, янги турбиналар шамол энергиясини анча самарали қўллайди. Улар қуёш электр станциялари ёки атом энергиясига қараганда камроқ харажат талаб қилиб, кўпроқ электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Аммо асосий муаммо — бундай катта парракларни манзилга етказишда юзага келди.
Парраклар конструкция жиҳатидан йиғилиб-терилиши мумкин эмас. Юк машиналари эса йўл бурилишлари ёки тор туннеллар сабабли бу улкан конструкцияларни ташиб бера олмайди. Самолёт ва вертолётлар ҳам бу даражада йирик ўлчамли юкка мос келмайди. Дирижабллар эса ўз навбатида жуда енгиллиги учун оғир юкларни кўтара олмайди.
Шу боис, ҳозирги вақтда топилган ягона амалий ечим — мутлақо янги улкан самолёт қуришдир. Унинг параметрлари ҳақиқатан ҳам таассурот уйғотади: баландлиги олти қаватли уйга тенг (24 метр), узунлиги эса 108 метрни ташкил этади. Қанотларининг умумий узунлиги эса 80 метрга етиши режалаштирилган.
Мутаҳассислар бу лойиҳа нафақат шамол энергетикасидаги транспорт муаммосига ечим бўлишини, балки авиация тарихида янги даврни бошлаб бериши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!