date

“Манчестер Сити”да ички рақобат кучайди, Ҳусанов қайтишга тайёр...

“Манчестер Сити”да ички рақобат кучайди, Ҳусанов қайтишга тайёр...

Англия Премьер-лигасининг 6-туридан ўрин олган баҳсда “Манчестер Сити” ўз майдонида “Бёрнли”ни 5:1 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақадаги учинчи йирик ғалабасини қайд этди. Бу баҳс нафақат йирик ҳисоб билан ёдда қолди, балки Хосеп Гвардиоланинг таркибий қарорлари ва жамоадаги ички рақобат кучайганини ҳам намойиш этди.

Мазкур учрашув арафасида “шаҳарликлар” таркибида жиддий йўқотишлар кузатилди. Родри, Абдуқодир Ҳусанов, Райан Айт-Нури, Райан Шерки ва Умар Мармуш каби асосий таркиб футболчилари жароҳат сабаб ўйинга қўшила олмади. Шу боис Гвардиола янги номларга ишонч билдиришга мажбур бўлди.

Жамоанинг одатда захирада қоладиган бир қатор футболчилари — Жереми Доку, Нико О’Райли, Матеуш Нуньеш ва Нико Гонсалес бу гал майдонда ўзини кўрсатиш имконига эга бўлишди. Айни пайтда уларнинг кўрсатган ўйини асосий таркиб учун курашда вазиятни кескинлаштирди.

Нико О’Райли чап қанот ҳимоясида муносиб ўйин кўрсатиб, Айт-Нурининг асосий рақобатчисига айланди. Умар Мармушнинг тиззадаги жароҳати эса Жереми Докуга йўл очиб берди ва бельгиялик ҳужумчи унинг имконидан усталик билан фойдаланмоқда.

Шунингдек, Родри ва Ҳусанов ўрнида майдонга тушган Нико Гонсалес ҳамда Матеуш Нуньеш “Бёрнли”га қарши баҳсда юқори даражада ҳаракат қилишди. Хусусан, Нуньеш ҳимоя вазифаларини бажариш билан чекланиб қолмасдан, ҳужумда ҳам фаол иштирок этди ва жамоага муҳим гол олиб келди.

Мутахассислар таъкидлашича, Нуньешнинг шижоати ва жисмоний тайёргарлиги Гвардиола жамоаси учун айни муддао бўлди. Испаниялик мураббийнинг сўзларига кўра, Нуньешнинг ҳаракатлари ҳужумларни кучайтиришда ҳал қилувчи омилга айланди.

Бироқ асосий таркиб ўйинчилари соғайиб майдонга қайтгач, рақобат янада кучайиши турган гап. Родри Гвардиола учун алоҳида мақомга эга ижрочи бўлгани боис, у қайтиши биланоқ жамоада ўз ўрнини эгаллайди. Аммо Мармуш, Айт-Нури, Шерки ва Ҳусановга таркибдаги жойини сақлаб қолиш учун янада кўпроқ куч сарф қилиш талаб этилади.

Айнан Абдуқодир Ҳусанов ҳам жамоадаги энг қизиқарли рақобат нуқталаридан бирига айланган. Ўзбек футболчиси мавсум бошида ўнг қанот ҳимоясида ишончли ўйини билан Гвардиоланинг ишончини қозонганди. Аммо унинг жароҳати туфайли бошланғич таркибда ўйнаган Нуньеш бу позицияда ҳам ўзини кўрсатиб қўйди.

Нуньешнинг доимий тарзда ҳужумга қўшилиб тургани ғалаба келтирган асосий омиллардан бўлди. Буни Гвардиола “Бизга Нуньешнинг жисмоний қуввати керак экан. Унинг шиддати, шижоати, энергияси ғалаба келтирди. Унинг бу ҳаракатлари ҳужумга ўтишда муҳим аҳамият касб этди. Аслида Матеуш ярим ҳимоячи, шу боис, ундан майдонда янада яхши паслар ва самарали ҳаракатларни талаб қилишга ҳақлимиз. Шундай ўйнашини қўллаб-қувватлайман”, дея тан олди, - деб ёзмоқда esteemedkompany.com сайти эксперт Адам Марретт.

Шу билан бирга, Ҳусановга марказий ҳимоя учун ҳам Йошко Гвардиол, Жон Стоунз ва Рубен Диаш каби катта рақиблар билан курашишга тўғри келади.

Эътиборлиси, Абдуқодир Ҳусановнинг тез орада сафга қайтиши кутилмоқда. Ахборотларга кўра, у 5 октябрь куни бўлиб ўтадиган “Брентфорд”га қарши учрашувгача майдонга қайта олиши мумкин.

Шу тариқа, “Манчестер Сити”да жамоавий рақобат кучайиб, ҳар бир ўйинчи ўз ўрни учун янада қатъийроқ курашиши талаб этилади. Бу эса, ўз навбатида, жамоанинг умумий савиясини янада юқори босқичга олиб чиқиши аниқ.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Манчестер Сити”да ички рақобат кучайди, Ҳусанов қайтишга тайёр...