Эртага Элит Чемпионлар лигаси 2-туридан ўрин олган «Насаф» – «Ал-Ҳилол» тўқнашуви бўлиб ўтади. Қарши шаҳрида ташкил этиладиган мазкур беллашув олдидан икки жамоа мутасаддилари ўзаро учрашув ўтказишди.
Мазкур митингда асосий эътибор эртанги учрашувга оид ташкилий масалаларга қаратилди. Жумладан, стадионга кириш тартиби, хавфсизлик масалалари ва техник жиҳатлардан ташқари, жамоаларнинг либос ранглари ҳам келишиб олинди.
Қарорга кўра, мезбон «Насаф» майдонга анъанавий равишда тўлиқ қизил либосда тушади. Саудия Арабистонининг гранди ҳисобланган «Ал-Ҳилол» эса бутунлай кўк рангли формада ҳаракат қилади. Мутасаддилар бу қарор мухлислар учун ҳам, ўйинчилар учун ҳам аниқлик яратишини таъкидлашди.
Беллашув олдидан икки жамоа учун барча шарт-шароитлар тайёрланди. Махсус йиғилишда нафақат либос масаласи, балки медиавоситалар билан ишлаш ва учрашувдан кейинги матбуот анжумани ҳам муҳокама қилингани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, «Насаф» – «Ал-Ҳилол» баҳси 28 сентябрь куни соат 18:45да старт олади. Мазкур тўқнашув нафақат мухлислар, балки бутун қитъа футбол жамоатчилигининг ҳам эътиборида бўлади.
Қаршидаги учрашув икки клуб учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки гуруҳ босқичида ҳар бир очко қиммат, ҳар бир ғалаба кейинги босқичга чиқиш имкониятларини кенгайтириб беради. Шунинг учун эртанги беллашув жуда кескин ва шиддатли ўтиши кутиляпти.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!