Кеча Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида ҳаваскор ММА (IMMAF) бўйича U-20 ҳамда катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатига старт берилди. Мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг турли давлатларидан келган йигит-қизлар ғолиблик учун кураш олиб боришмоқда.
Айни кунларда чемпионатнинг иккинчи босқич баҳслари қизғин тус олмоқда. Қувонарлиси, Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган спортчиларимиз ҳам бу нуфузли жанг майдонида ўз имкониятларини намойиш этмоқдалар.
Ҳозиргина юртимиз учун ёқимли хабар келди. 65,8 кг вазн тоифасида беллашув олиб борган Зафаржон Асадов ўзининг иккинчи жангини ўтказди ва унда кутилганидек чиройли ғалаба қозонди.
Белгия вакили Лука Силванига қарши кечган баҳс кескин ва муросасиз тарзда кечди. Биринчи дақиқаларданоқ Асадовнинг устунлиги кўзга ташланди. У рақибини босим остида ушлаб, ўз услубини сингдира олди ва якунда муносиб ғалабага эришди.
Бу натижа орқали Зафаржон Асадов чемпионатнинг илк чорак финалчисига айланди. Энди у мусобақанинг кейинги босқичида янада кучли рақибларга қарши октагонга чиқади.
Махсус таъкидлаш лозимки, бу каби йирик мусобақаларда ҳар бир ғалаба нафақат спортчи, балки бутун мамлакат учун катта шарафдир. Асадовнинг ғалабаси юртимиз ММА мактаби ривожланаётганининг ёрқин далили сифатида кўрилмоқда.
Мухлислар эндиликда Зафаржоннинг навбатдаги жангини катта қизиқиш билан кутмоқдалар. Чунки ҳар бир босқичда ғалаба қозониш уни медалга олиб бориши мумкин.