14:28 / 06.04.2021
1 547

Айкидо тамойилини хуш кўрган «миллатлар отаси». Иосиф Сталиннинг ҳокимият тепасига келиши

Айкидо тамойилини хуш кўрган «миллатлар отаси». Иосиф Сталиннинг ҳокимият тепасига келиши
Фото: Google Photos
Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилль ўз кундаликларида рус халқини дунё учун оғир ва машаққатли даврида даҳо ва аҳдида қатъий бўлган Сталин бошқараётгани Россия учун бахт ҳамдир деган эди. «Дарё» нашри колумнисти Жаҳонгир Эргашев сана муносабати билан буюк қўмондон, шу билан бирга инсон ҳуқуқлари фаолларининг кўплаб танқидларига учраган «хақларнинг отаси» Иосиф Сталиннинг ҳокимиятга келиши тарихи ҳақида ҳикоя қилади.

1879 йил
Чоризм ва Совет империяси даврининг ашаддий инқилобчиси Иосиф Сталин 1879 йилнинг 21 декабрь санасида Грузиядаги Гори шаҳарчасида дунёга келади. Сталинни айримлар назарида буюк инқилобчи, дунёни фашизмнинг даҳшатли кунларидан халос қилган шахс сифатида эътироф этса, айримлар Россиядаги қатағонлар, очлик ва қашшоқлик, террорда айблаб келади. Сталиннинг сиёсати шу сабабдан кўплаб қизғин баҳсларга сабаб бўладиган мавзу.

Оилада учинчи фарзанд бўлган Сталин акаси ва синглисидан эрта айрилиб қолади ва оиладаги ягона фарзандга айланади. Устига устак, фойтун арава Сосони уриб юборади ва натижада бўлғуси доҳийда чап қўл соҳасининг ишлаши борасида муаммолар юзага келади. Қолаверса, Сталиннинг отаси ўғлини кўп калтаклаши оқибатида Сталинда бош мия соҳасида жароҳат асоратлари билан биргаликда психоэмоционал руҳий зўриқиш юзага келади. Сталиннинг онаси Екатерина Георгиевна фарзандига отаси беролмаган меҳрни тўлдириш учун бор кучини сарфлайди.

Саҳардан шомга қадар ишлаб чарчаган аёл ўз ўғлига муносиб таълим бериш учун уни келажакда руҳоний қилишга аҳд қилади. Аммо Екатерина Георгиевнанинг орзулари саробга айланади. Сталин черков ходими эмас, аммо кўп вақтини кўча безорилари билан ўтказадиган ўсмирга айланади. 1888 йилда Сталин Гори провослав черкови мактаби ўқувчисига кейинчалик, Тифлис диний семинариясини тингловчисига айланган бўлсада, кейинроқ ўз хатти-ҳаракатлари оқибатида семинарийдаги талабалар сафидан четлаштирилади.

Фото: Google Photos
1922 йил
Владимир Ленин Сталин ҳақида гап кетганида «бу ошпаз фақат мазали таомларни тайёрлайди» деганида жуда адашганди. Сталин эски большевиклардан бири сифатида ўз бошидан кўплаб сургун ва қамоқ жазоларини кечирганди. Бу эса унинг ўспиринлиги жанг-у жадалларда ўтганлигидан дарак эди. У фиқаролар урушида фаол қатнашади, Сарисин ҳимоясида жанговор биродарларига ёрдам беради.

Сталин ёшлигида ўзгаларнинг мулкини тортиб олишдан ҳам таб тортмай ҳаракат қилардики, Ленин болшевикларнинг мазкур хатти-ҳаракатларини танқид қилган даврлар ҳам бўлади. 1907 йилда «Коба Иванович» (Сталиннинг махфий тахаллуси) гуруҳи давлат банки пуллари ортилган фойтунга ҳужум қилади ва анча миқдордаги пулни ўз қўлига олади. Ленин Сталиннинг бу ҳаракатини маъқулламаган бўлсада, ўша кезларда бу пуллар партия учун кераклиги учун Сталиннинг ҳаракатига кўз юмади. Ўша талончиликда Кобе гуруҳи 250 минг рублни қўлга киритган ва бу пулларнинг барчаси Ленинга юборилганди. Сталиннинг бу хатти-ҳаракати айрим меншевикларга маъқул эмасди ва улар Сталинни Тифлисдаги йиғинда партия аъзолигидан ҳам ўчиради. Шунда Сталин меншевикларнинг етакчиларидан бири Мартовга «сени партия трибуналига топшираман» деган таҳдидини ҳам эшитишга мажбур бўлади.

Ҳокимиятга эришишнинг «Айкидо тамойили»
Айкидо тамойили – рус психотерапевти Михаил Литвак тарафидан илгари сурилган тамойил бўлиб, бунда шахс ўз рақибининг қарши фикрларига самарали тарзда жавоб қайтариш ва рақибнинг асосли фикрларини қабул қилиш усулидир.

Фото: Google Photos
Сталин Ленин вафот этганидан сўнг ҳокимиятга интилар экан, ўзи мансуб бўлмаган ғояларни Лениннинг ҳаммаслакларидан оқилона фойдалана билди ва партия қуриш борасидаги тезисларни астойдил ўрганди. Бошқача қилиб айтганда, Сталин ўз рақибларининг мафкуравий ғояларидан унумли фойдаланди. Николай Бухарин (Бухарчик Сталин таъбирида) Сталинга совет давлатининг пойдеворини яратишда ўз ғоялари билан ёрдам берди, гарчи Бухарин кейинроқ Сталин тарафидан репрессия қурбонига айланган бўлсада, Сталин Бухариннинг «партиянинг асосий мақсади», Зиновевнинг «уч шаҳар инқилоби» ғояларидан унумли фойдалана олди.

Ҳаттоки Сталин ўзининг ашаддий сиёсий рақиби бўлган Троцкийнинг «деҳқонлар ҳисобига саноатлаштириш» ғоясини ҳам қабул қилиб олди. Агарда Совет Иттифоқида 1927 йилдан кейинги беш йиллик режали иқтисодиётдаги ислоҳотлар Бухарин ғояларига асосланган бўлса, 1928 йил бошларига келиб Сталин бу ғояларни қайта кўриб чиқиш ва яхшилаш борасида фармон беради.

Кадрлар миллатнинг тақдирини ҳал қилади
Сталин карьераси ҳақида гап кетганда, аксарият кишилар унинг ҳокимият тепасида 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида давлатни шафқатсиз равишда бошқарганлигига урғу берсада, Сталин ҳукумат тепасига келган вақтларда Коммунистик партия бош котиблиги Совет Иттифоқида ҳали асосий сиёсий пост эмаслигини назардан қочиришади. Бош котиб партиянинг етакчиси бўлар экан, ўша кезларда у партиянинг бор имкониятини давлатнинг барча соҳаларига даҳлдорлигига асос солган тизимни барпо қила олди.

1935 йилда комунистик партия йиғинидаги нутқида Сталин «кадрлар барча муаммолар»ни ҳал қилади деганида, иккиюзламачилик қилмаганди. Кадрлар қайси бир соҳа бўлмасин Сталиннинг обрўсини оширишга ёрдам берарди. Сталин энг яхши кадрлардан бири ва кадрлар масаласини яхши тушуниши билан ажралиб турар ва ҳокимият тепасига келиши билан комунистик партия котибияти орқали тайинланадиган кадрларни танлаб олиш ислоҳотини амалга оширди. Бу сиёсат аввало, Сталинга ўз сиёсий ҳокимиятини мустаҳкамлаб олишга йўл очган бўлса, иккинчидан, ўз вазифасига лаёқатли бўлган кадрларнинг келишига туртки бўлди.

Аммо кадрлар борасидаги Сталлиннинг қатағонлари ҳам ниҳоятда шафқатсиз кечди. Сталиннинг кадрлар масаласидаги услубий ёндашуви рус тарихчилари, хусусан, Михаил Восленский назарида совет номенклатурасини яратишда хизмат қилади. Америкалик тарихчи Ричард Пайпс назарида Сталиннинг коммунистик партия раҳбариятчилигини ислоҳ қилишга эришиши Сталиннинг бюрократик тизимининг Совет иттифоқида кенг ёйилишига олиб келади.

Фото: Google Photos
Троцкий билан кечган кураш
Ҳокимиятга эришиш учун кураш Сталин ва унинг сиёсий саҳнадаги энг катта рақиби, дастлаб конституцион монархия тарафдори, кейин меншевиклар билан иттифоққа кирган Лев Давидович Троцкий ўртасида кечади. Троцкий инқилобдан кейинги даврда Қизил Армияни ташкил қилган, дунё инқилобининг тарафдори, қизиққон ва шахсий эгосини устун қўювчи инқилоб қаҳрамони эди. Троский ва Сталин душманлиги 1918 йилларда бошланган, ўш вақтда Сталин Ленинга ёзган бир мактубида «кеча бизга қўшилган Троцкий партия аъзоларини хулқ одобига ўқитмоқда» деб ёзганди. Троскийнинг раҳбарлик қобилияти Россиядаги фуқаролар уруши даврида сайқалланади, аммо унинг ҳарбий стратегияси тинчлик даврида руслар учун ҳеч қандай фойда келтирмаган сиёсат сифатида танқид қилинади.

Ленин вафот этган пайтда Троцкий Тифлисдаги санаторияда даъволанар экан, Сталин ўзининг рақибига санаториядан қайтмасликни маслаҳат беради. Шу боисдан Троцкий Ленининг дафн маросимида ҳам қатнаша олмайди. Қолаверса, Троцкийнинг ўзи ҳам пойтахтга қайтмасликка аҳд қилган, унинг назарида Сталин Ленинни заҳарлаган деган ишонч бор эди. 1925 йилда Троцкий ҳарбий ва денгиз халқ комиссарлиги лавозимидан олиб ташланади ва унинг ўрнига Михаил Фрунзе олиб келинади.

Троцкийнинг радикал ва кескин ислоҳот дастури унинг кўплаб тарафдорларини ҳам ундан юз ўгиришга олиб келади. Ҳаттоки Николай Бухарин ҳам Троскийнинг ғояларидан кўнгли қолади. Сабаб эса Янги Иқтисодий Сиёсат (НЕП) борасида фикрларнинг хилма-хиллиги эди. Гап шунда эдики, Троцкий НЕП орқали бутун дунёда комунистик инқилобни амалга оширишга ундарди, Бухарин эса бундай сиёсат мамлакатни жар ёқасига олиб келиб қўйишини таъкидларди. Натижада, айнан Бухарин Троцкийни сургун қилинишига сабабчи бўлган шахс бўлади.

Лев Троцкий сургун қилинади ва умрини Мексикада ўтказишга мажбур бўлади. Сталин эса «троцкизм»дан мамлакатда оммавий қатағонларни амалга оширишда яхшигина фойдаланади.

Фото: Google Photos
Сиёсий «покланиш»
Троцкий мағлубиятга учрагач Сталин якка ҳокимиятга интилишда Зиновев ва Каменевга қарши кураш бошлайди. 1925 йилда Зиновев ва Каменевнинг сўл мухолифат партияси «феодалчилик»да айбланади. Сталин назарида Зиновев ва Кеменев комунистик партияни бўлиб юбришга уринишда айбланади. Сталин Лениннинг мерўсхўри вазифасини бажаришга киришар экан, Ленин таянган Зиновев ва Каменевлар эндиликда Сталин учун хушланмайдиган ва хавфли инсонларга айланади. Сталин бор бюрократик кучини ишга солиб, уларни марказий аппаратдан четлаштиришга эришади.

Троцкий оғлига ёзган бир мактубида қуйидаги воқеани эсга олади: «Бир куни Сталин, Дзержинский ва Каменев қандайдир бир воқеани нишонлар экан, суҳбат ким нимани кўпроқ ёқтиришига бориб тақалади. Сталин шу суҳбат чоғида ҳаётдаги энг тотли нарсаси қурбонини яхшилаб нишонга олиш ва ундан кейин аниқ зарба бериш, шундан кейин хотиржам ухлаши» ҳақида айтганлигини хотирлайди. Сталин Ленин суянган шахсларни турли сохта сиёсий айбловлар билан қорага ботирар экан, унинг мақсади якка ҳукмронлик ва ўз иродасини бутун халқлар иродаси сифатида кўрсатишга таянганди. Турли сиёсий тамғалар эса Сталинни Лениннинг «ҳақиқий» издоши сифатида кўрсатишга хизмат қилди.

Сўнг сўз ўрнида
1953 йилнинг 5 мартида Иосиф Сталин вафот этади. Бу вақтга келиб Сталин совет миллатларининг буюк раҳнамоси шарафига сазовор бўлиб улгурганди. Уинстон Черчилль таъбири билан айтганда «Сталин ҳокимиятни «қўлқопсиз» эгаллаб, ўзидан кейин атом қуролига эга бўлган дунё мамлакатини қолдиришга» эришганди. Бироқ бундай қудратнинг остида эса миллионлаб ҳақ-ҳуқуқлари топталган, бесабаб тоталитар тузумнинг қурбонига айланган, оиласи ва яқинларидан айрилган тақдирлар ётарди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Айкидо тамойилини хуш кўрган «миллатлар отаси». Иосиф Сталиннинг ҳокимият тепасига келиши