02:09 / 16.08.2021
5 505

Толиблар Афғонистонни эгаллади. Нима учун бу воқеанинг оқибати бутун дунё учун аянчли бўлиши мумкин?

Толиблар Афғонистонни эгаллади. Нима учун бу воқеанинг оқибати бутун дунё учун аянчли бўлиши мумкин?
Афғонистон армиясидан тортиб олинган техникада кетаётган толиблар, 2021 йил 15 август.
Фото: AFP / Meduza

«Толибон» 15 август куни бутун Афғонистон унинг назорати остига ўтганини эълон қилди. Ташкилот мамлакатни — АҚШ у ердан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетгач — саноқли ҳафталар ичида босиб олди. Meduza Замонавий Афғонистонни ўрганиш маркази эксперти Андрей Серенко билан суҳбатда юз берган воқелик қандай оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида суҳбатлашди.

— Четдан қараганда мазкур босқинни келтириб чиқарган энг асосий ҳодиса — бу Америка қўшинларининг чиқиб кетиши. Аслида ҳам шундайми?
— Омиллардан бири шу. Бироқ АҚШ чиқиб кетганидан кейин ҳам ҳамма «америкаликлар афғон ҳукуматини ҳаводан қўллаб-қувватлаб туради», деб ўйлаганди. Америкаликларнинг ўзи ҳам шундай бўлиши аниқлигини англатувчи ишоралар бераётганди. Бироқ амалда қўллаб-қувватлаш дарҳол тўхтатилди ҳисоб. Айнан ҳаводан кўмакнинг бўлмагани Афғонистон суянган хасни йўққа чиқарди. Бу ҳал қилувчи рол ўйнади. Шундан кейин афғонларнинг толибларга қаршилик кўрсатиш учун шунчаки кучи етмай қолган бўларди.

Бошқа томондан, Афғонистондаги урушни тугатиш учун Покистонга оммавий босим ўтказиш, унга нисбатан иқтисодий санкциялар ва бошқа чораларни кўриш лозим эди. Толибларнинг тайёргарлик лагерлари, бу одамларнинг бизнеслари ва бошқалар айнан ўша ерда жойлашган. «Толибон» амалда Покистон армиясининг гибрид бўлинмаси. Покистонга босим ўтказилса эди, толиблар масаласи бир неча ой ичида ҳал қилинган бўларди. Ҳозир эса биз амалда Покистоннинг гибрид урушда Афғонистон устидан қозонган ғалабасига гувоҳ бўлиб турибмиз.

— Нега АҚШ Покистонга босим ўтказмади?
— Истасангиз, мени фитна назарияларида айблашингиз мумкин, аммо менга «АҚШ Афғонистонни онгли равишда бериб юборди», деган фикр борган сари ишонарлидек кўринмоқда. Покистон — бу 200 миллион аҳоли яшайдиган, ядровий қуроли бор мамлакат. Мамлакат элитасининг америкаликлар билан муносабатлари мураккаб. Шу боис барча жиҳатларни ҳисоб-китоб қилиб чиқиб, «Афғонистонни Покистонга топшириш керак», деган хулосага келишган. Амалда бу АҚШ расмийларининг Покистон билан келишуви.

— Россия бундан қандай оқибатларни кутиши керак?
— Оқибатлар бўлади. Ҳеч қандай яхшилик бўлмайди. Бу ерда эътибор қаратиш лозим бўлган бир неча жиҳатлар бор. Биринчидан, «Толибон» — бу фақат толиблар, дегани эмас. Бу ерда бошқалар ҳам бор. Масалан, ким нима деса ҳам, толиблар «Ал-Қоида» билан алоқани ҳеч қачон узиб юбормайди. Улар ўртасидаги алоқа оилавий муносабатлар даражасига чиқиб кетган.

Лекин ҳозирги ҳолатдаги энг қўрқинчли жиҳат — бу жараён диний ақидапарастликнинг бутун дунё бўйлаб зўр рекламаси вазифасини ўтаб бераётгани. Четдан ҳаммаси худди диний ақидапарастлар катта, кучли бир давлат (АҚШ) устидан ғалаба қозонгандек, уни тиз чўктиргандек кўринади. Ҳозир «Толибон» урфдаги диний ақидапарастлик брендига айланмоқда. Россияда, Кавказда, Марказий Осиёда «Толибон» модаси пайдо бўлишини кутаверса бўлади. Толиб бўлиш модага айланади.

Яна бир жиҳати борки, ИШИДдан фарқли равишда, «Толибон» ҳеч кимни оммавий тарзда Афғонистонга чақирмайди. Ҳеч қаерга кўчиш ҳам шарт эмас. Бу яшаш жойидан туриб амалга ошириладиган ақидапарастлик. Кўп қаватли уйдаги хонадонингиздан чиқиб, йўлакда толибга дуч келиб қолишингиз эҳтимолини инкор қилиб бўлмайди.

Шу боис бизни Россиянинг «Толибон» билан ош-қатиқ бўлишининг тўлови кутиб турибди, деб қўрқаман. Ва бу тўлов терактларда ҳалок бўладиган оддий одамлар воситасида амалга оширилади. «Толибон» аъзолари орасида ҳозир ҳудкуш-террорчи бўлишга иштиёқ кучли. Лекин ҳозир улар Афғонистондаги ҳокимиятни қўлга киритди. Энди шунча ҳудкушни қаерга йўқотади?

Покистон ва Афғонистон чегараси, 2021 йил 15 август.
Фото: AFP / Meduza

— Сиз «диний ақидапарастлик рекламаси» ҳақида гапирдингиз. Шунда бу ИШИД Суриянинг катта қисмини эгаллаб олгандаги вазият такрорланяпти, деганими?
— Айнан шундай.

— Яқин вақт ичида Афғонистон ичкарисида нималар бўлади?
— Менимча, диний ақидапарастлик гуруҳларининг қайта брендлаштирилишини кутиш мумкин. ИШИД, «Ал-Қоида» ва бошқа гуруҳлар сафидаги одамлар «Толибон»га қўшила бошлайди. Бу жараён ҳозир ҳам кузатилмоқда.

Оддий афғонларни эса ҳеч қандай яхшилик кутаётгани йўқ. Ҳозир мамлакат бир гапни гапириб, бошқа ишни қиладиган ақидапарастлик гуруҳи томонидан босиб олинмоқда. Шуни унутмаслик керакки, толиблар — ахборот кампанияларини олиб бориш устаси. Улар афғон ҳукуматига қарши ахборот урушида ғалаба қозонди. Шу боис, эҳтимол, аҳоли ҳозир Стокгольм синдроми ҳолатида турган бўлиши мумкин. Лекин бу ҳолат узоқ вақт давом этмайди. Тез орада жазолаш ишлари, миллий озчилик вакилларини таъқиб қилиш, маҳаллий амалдорларни босқичма-босқич Покистондан келган одамлар билан алмаштириш кабилар бошланади.

Афғонистонда ҳозир, мазмунан, мустамлакачилик маъмурияти шакллантирилмоқда. Афғонистон толиблар томонидан бошқариладиган Покистон мустамлакасига айланади. Бу ҳолат қачонгача давом этишини билмайман, аммо яқин истиқболда шундай бўлиши аниқ.

— Байден маъмурияти ҳозир ўзини қўлга олиб, Афғонистонда қандайдир жиддий ҳаракатлар бошлаб қолишига ҳеч қандай умид йўқми?
— Афғонистонда нимадир қилишга энди кеч бўлди. Покистон масаласи очиқ қолмоқда. Америка нимадир қилиши мумкинлигини назарий жиҳатдан истисно қилиб бўлмайди. АҚШнинг авваллари нимадир қилишига Афғонистонда ўз қўшини борлиги, унинг таъминоти эса Покистон орқали амалга оширилиши халал берган. Нимадир бўлса, Покистон таъминотни шунчаки ёпиб қўйиши мумкин эди. Ҳозир бу омил йўқ, қайсидир маънода АҚШнинг қўли ечилган.

Бироқ улар Афғонистондаги ўз иттифоқчиларига хиёнат қилишди. Амалда бутун мамлакатга хиёнат қилинганини шубҳа остига олиб бўлмайди. Манбаларимизнинг айтишича, ҳозир афғонистонликларнинг Америка ва НАТОни кўргани кўзи йўқ.

Шундай экан, аҳвол ёмон. Бизни оғир кунлар кутмоқда. Биз янги ақидапарастлик модасининг дунёга келишини кузатмоқдамиз. Бу ақидапарастларни афғон чегаралари тутиб қололмайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Толиблар Афғонистонни эгаллади. Нима учун бу воқеанинг оқибати бутун дунё учун аянчли бўлиши мумкин?