18:46 / 12.09.2021
2 989

Жаҳон ҳамжамияти «Толибон» Афғонистонда тузган ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёрми?

Жаҳон ҳамжамияти «Толибон» Афғонистонда тузган ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёрми?
Фото: EPA/Забиҳулло Мужоҳид
Ҳали дунёда ҳеч бир мамлакат «Толибон» тузган ҳукуматни расман тан олгани йўқ, лекин кўпчилик давлатлар улар билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирган. Ушбу жараён Афғонистон ва дунёдаги бошқа давлатлар учун нимани билдиради? «РБК» нашри бу ҳақида таҳлилий мақола тайёрлаган.

Кимлар Афғонистонни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда?
Жаҳон ҳамжамияти «Толибон» ҳаракатининг Муҳаммад Ҳасан Охунд раҳбарлигидаги янги ҳукуматни шакллантирганини эълон қилганига фаол муносабат билдиргани йўқ. Толиблар вакили Забиҳулло Мужоҳид Охунд қўл остидаги Вазирлар маҳкамаси муваққат ҳукумат эканини айтган, бироқ тўлиқ бошқарув тизимига қачон ва қай йўсинда ўтилишига аниқлик киритмаган.

Покистон аввалги сафардагидек Афғонистондаги янги ҳукумат билан ишлашга тайёрлиги ҳақида очиқ эълон қилмоқда. 7 сентябрда Покистон ислом республикаси ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший Хитой, Тожикистон, Ўзбекистон, Эрон, Туркманистон ва Покистон ТИВ вакиллари қатнашган минтақавий форумга Афғонистоннинг янги ҳукумати аъзоларини ҳам таклиф қилиш зарурлигини таъкидлаган. Юқоридаги давлатлар ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги онлайн учрашув видеоконференцалоқа орқали ўтказилган.

«Ушбу ғояни ўйлаб кўриш керак деб ҳисоблайман», — дея вазир сўзларини келтиради Reuters.

Унинг қайд этишича Афғонистоннинг иштироки форум ишининг самарадорлигини оширади. Қурайший ҳамкасбларига мавжуд воқеликка эски линзалар билан қарашни тўхтатишга чақирган. Исломобод Афғонистон билан муносабатларга реал ёндашиш зарурлиги, бу мамлакатдаги 40 миллион аҳоли фойдасига хизмат қилишини таъкидлаган.

Учрашувда Хитой номидан иштирок этган ташқи ишлар вазири Ван И Пекиннинг Афғонистонга умумий қиймати 31 миллион АҚШ долларига тенг бўлган озиқ-овқат ҳамда тиббиёт воситалари, хусусан, 3 миллион доза коронавирусга қарши вакцина юборилиши маълум қилган. Шунингдек, у толибларга экстремистик гуруҳлар билан алоқаларни тўхтатишни тавсия этган.

Аввал Қатар ҳамда Туркия «Толибон» билан келишиб олгани ва ушбу давлатларнинг мутахассислари Кобул халқаро аэропортининг хавфсиз шароитда ишлашини таъминлаши хабар қилинган.

Халқаро жамоатчилик Афғонистон халқига ижтимоий ёрдам беришда давом этишига БМТда ҳам Халқаро қизил хоч қўмитасида ҳам шубҳалар йўқ. Қўмита президенти Петер Маурер Афғонистонга қилган тўрт кунлик сафаридан кейин журналистларга мамлакат аҳолисининг тахминан 90 фоизи кунига 2 доллар эвазига ҳаёт кечираётгани ва 10 миллионга яқин одамга озиқ-овқат етишмаётганини билдирган. У Афғонистондаги сафари давомида ҳукумат раҳбарининг ўринбосари мулла Бародар ва толибларнинг бошқа етакчилари билан учрашган. Халқаро ташкилот раҳбарининг фикрича, яна бир муаммо бу Кобулдан хориж фуқароларини эвакуация қилиш жараёнида ота-оналарнинг чақалоқларини чет элликларга бериб юборгани ва болаларнинг етим қолганлигида.

Москва давлат халқаро муносабатлар институти дипломатия кафедраси раҳбари Александр Пановнинг айтишича, толиблар ҳукумати билан ишлашга тайёрликни билдириш бу улар тузган Вазирлар маҳкамаси таркибини расман тан олишни англатмайди.

«Толибон» ҳукуматини расман тан олиш учун ҳар қандай мамлакат, албатта, Афғонистондаги ҳокимият бошқарувини тан олгани ва ушбу давлат билан дипломатик муносабатлар ўрнатишга тайёрлиги ҳақида мурожаатнома йўллаши зарур. Бу ҳақда расман эълон қилиниши керак», – дейди олим.

«Аэропортдаги хавфсизлик, ишнинг узлуксизлигини таъминлаш ёки толибларга ҳар қандай турдаги бошқа ёрдамнинг берилиши, мамлакат ҳудудида элчихонани сақлаб қолиш ёхуд бу борада музокаралар олиб боришни англатмайди. Элчихона ишини давом эттириши мумкин, сабаби дипломатик муносабатлар тўхтатилмаган. Бироқ муносабатлар легитимлашувини таъминлаш учун янги ҳукуматни расман тан олиш лозим», — дея «РБК»га тушунтиришлар берган Панов.

Жаҳон ҳамжамиятида қайси масалалар ҳал этилиши керак?
Россия, АҚШ, Европа иттифоқи ва бошқа давлатлар толибларнинг янги ҳукуматининг инклюзивлиги, яъни давлат бошқарувида мамлакатдаги турли этник, диний ва сиёсий гуруҳлар ҳамда аёлларнинг иштирокини таъминлашида кўмак беришга чақирган.

Афғонистонга қўшни мамлакатларнинг ва бошқа давлатларнинг янги ҳукуматга эътирозининг асосий сабаби инклюзивликнинг йўқлигида. Ҳукумат этник ва диний гуруҳларга давлат бошқарувида иштирок этишган умид уйғотмоқда, деган Европа иттифоқи вакили Петер Стано.

«Толибон» эълон қилган янги ҳукумат таркибида 33 нафар вазир бор, уларнинг ҳаммаси ҳаракат аъзолари ва пуштун миллатига мансуб кишилари. Германия ушбу бир хилликка эътироз билдирган.

«Бошқа гуруҳлар иштирокисиз ўтиш ҳукумати тузилганининг эълон қилингани, Кобулда намойишчиларнинг бостирилгани ва журналистларнинг таъқибга учрагани Афғонистондаги давлат бошқаруви юзасидан ҳеч қандай оптимизм сигналларини бермаяпти», — деган Германия федератив республикаси ТИВ раҳбари Хайко Маас.

Шунга қарамай Германия ҳукумати афғонистонликларга ижтимоий ёрдам тақдим қилиш имконияти бор деб ҳисобламоқда. Афғонистонга қўшни Эрон вакиллари ҳам гарчи ўз бошқарув тизими толибларники билан ўхшаш бўлса ҳам (олий етакчининг борлиги ва ягона ижро ҳокимияти) инклюзивлик таъминланмаганлиги туфайли янги ҳукуматни танқид қилган.

Ҳаракат давлат бошқарувида халқаро молиявий институтлардан ёрдам олиши учун толибларга ҳам бошқа мамлакатларнинг улар тузган ҳукуматни дипломатик жиҳатдан тан олиши ўта зарур, дея вазиятга эътибор қаратган The New York Times. Нашрнинг қайд этишича, халқаро жамоатчилик Афғонистондаги янги ҳукуматни БМТда таништириш сўровини ҳал этиши керак. АҚШ нашри билан суҳбатда бўлган дипломатлар янги вакилларини Афғонистонга юбориш учун тўққизта давлат, жумладан, АҚШ бунга розилик билдириши кераклигини айтган. Вашингтоннинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гриндфилд мамлакатнинг «Толибон»ни тан олишга тайёр эмаслигини билдирган.

«Толибон» 1996—2001 йилларда Афғонистонни бошқарган вақтда учта мамлакат — БАА, Саудия Арабистони ва Қатар ушбу давлат билан дипломатик алоқалар ўрнатган. ЕИ бундай йўл тутишнинг салбий томонларини ўрганиб чиққан ва толиблар билан ишлашнинг турли услубларини (ҳамкорликнинг етарли даражада самаралилигини таъминлашдан тўлиқ тан олишликкача) ишлаб чиқмоқда, дейилади The Financial Times хабарида.

Газета ушбу саъй-ҳаракатларда Берлин асосий ролда бўлиши — сабаби Германия мутахассислари мамлакатда АҚШ ҳарбийларидан кейинги асосий контингент ҳисобланган, бироқ улар асосан мамлакат шимоли, Мозори Шарифда ишлаган ва ҳарбий ҳаракатлар билан эмас, балки мактаблар ҳамда йўллар қурилиши билан шуғулланган. Брюссель толиблар билан алоқа ўрнатиш зарурлигини, бунда ишларни махсус элчи мақомидаги дипломат мувофиқлаштириши, бироқ бу ваколат уни тўлиқ мақомдаги элчи даражасини бермаслиги ҳақида нашрга икки нафар манба маълум қилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жаҳон ҳамжамияти «Толибон» Афғонистонда тузган ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёрми?