Европа футболида ёзги трансферлар бозори қизғин паллага кирган бир пайтда, янги ва кутилмаган хабарлардан бири Италиянинг "Интер" клубида тўп суриб келаётган туркиялик маҳоратли ярим ҳимоячи Хакан Чалханоғлу ҳақида тарқалди. Маъълумотларга кўра, Саудия Арабистонининг нуфузли клуби "Ан-Наср" 31 ёшли футболчи билан жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда машҳур журналист Жанлуиджи Лонгари маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, саудиялик жамоа вакиллари ҳозирда Чалханоғлунинг яқин атрофидаги шахслар билан алоқа ўрнатган ва эҳтимолий шартнома масаласини муҳокама қилишга киришган. Бу ҳолат "Ан-Наср"нинг футболчига бўлган қизиқиши оддий миш-миш эмаслигини кўрсатади.
Аслида, Хакан ҳақида гап-сўзлар бу йилнинг июль ойидаёқ пайдо бўлганди. Ўшанда унинг Туркияга қайтиши мумкинлиги ҳақида турли хабарлар тарқалган ва ҳатто "Галатасарой" ҳамда "Фенербахче" каби юртнинг икки етакчи клуби унга жиддий таклиф билан чиққани айтилган. Бироқ ўша вақтнинг ўзида ўйинчининг ўзи "Интер" сафида қолиш нияти борлигини очиқ билдирган эди.
Transfermarkt портали маълумотига кўра, тажрибали хавбекнинг ҳозирги бозор қиймати тахминан 30 миллион еврога тенг. Унинг миланликлар билан амалдаги шартномаси эса 2027 йил ёзигача амал қилади, бу эса унинг трансферига қизиққан клублар учун музокара жараёнини янада мураккаблаштиради.
Қизиғи шундаки, "Ан-Наср" яқинда "Барселона"нинг собиқ марказий ҳимоячиси Иньиго Мартинес билан шартнома имзолаган эди. Демак, клубнинг таркибини янада кучайтириш ва халқаро миқёсда рақобатбардош бўлиш йўлидаги ҳаракатлари давом этмоқда.
Агар ушбу трансфер амалга ошса, Хакан Чалханоғлу нафақат Саудия Арабистонидаги, балки бутун Осиёдаги энг нуфузли ва катта юлдузлар сафидан жой олиши мумкин. Шу билан бирга, бу қадам унинг шахсий карьерасида ҳам янги саҳифа очиши эҳтимолдан холи эмас.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!