Англия Суперкубогида "Кристал Пэлас" жамоасига қарши майдонга тушган "Ливерпуль" кутилганидек ғалаба қозона олмади ва мағлубиятга учради. Ўйиндан сўнг клуб бош мураббийи Арне Слот матбуотга ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, ушбу баҳс жамоа учун ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатлардан иборат бўлди.
Слотнинг айтишича, рақибнинг зич ҳимоя услубига қарши ҳаракатда "Ливерпуль" ўтган мавсумга нисбатан сезиларли даражада яхшиланган. — “Агар ўтган мавсумдаги кўрсаткичлар билан таққосласак, ўша пайтда биз "Кристал Пэлас" дарвозасига биргина гол урган бўлсак, бугун икки бор нишонга тегиздик. Яъни, зич ҳимояга эга жамоага қарши кўпроқ ҳужумий имкониятлар ярата олдик. Бу — ижобий ҳолат”, — деди мураббий.
Бироқ у айни пайтда ҳимоядаги камчиликларни ҳам яширмади. Унинг таъкидлашича, "Атлетик"га қарши ўйинда бўлгани каби, бу сафар ҳам икки бор тўп ўтказиб юборилди. “Ҳатто "Милан"га қарши беллашувда ундан ҳам кўпроқ гол ўтказганмиз. Демак, ҳимоя чизиғини кучайтиришда ҳали ишларимиз бисёр. Биринчи голимиз жамоавий ҳаракат, креативлик ва комбинацияли ўйин самараси бўлди. Бу — ўтган мавсумдагига нисбатан аниқ бир қадам олға силжиш дегани”, — дея қўшимча қилди Слот.
Мураббийнинг фикрича, ўтган мавсумда жамоа имкониятлар яратиш билан бирга, имкон қадар кам гол ўтказишни мақсад қилган бўлса, бу йил ҳужумда фаоллик ошган, аммо шу билан бирга ўтказиб юборилган голлар сони ҳам ортиб бораётгани кузатилмоқда. “Агар чемпионликка даъвогар бўлишни истасак, асосий эътибор рақибнинг ҳужум имкониятларини чеклашга қаратилмоғи лозим. Гол ўтказмаслик — мақсад, бироқ бунинг учун ҳужумнигина эмас, ҳимоядаги ишончлиликни ҳам таъминлаш зарур. Бугунги кундаги йўқотишлар ғалабани қўлдан бой беришга етарли бўлди”, — деди у.
Слот шунингдек, “Ливерпуль”нинг босим остида қолиш эҳтимоли ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди. “Биз — "Ливерпуль"миз. Бу, кўп футболчи ёллагaнимиз ёки уларни тарк этгани билан боғлиқ эмас. Ҳа, бир неча ўйинчимиз билан хайрлашдик ва яна бир янги футболчини таркибга қўшиш ниятимиз бор. Лекин қай ҳолатда бўлмасин, агар сен "Ливерпуль" либосида бўлсанг, босим ҳар доим сен билан бирга бўлади”, — дея сўзини якунлади клуб бош мураббийи.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!