Туркия яна бир бор кучли ер силкинишига гувоҳ бўлди. Мамлакат табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш бошқармаси (AFAD) тарқатган расмий маълумотларга кўра, Истанбул ва қатор йирик шаҳарларда сезилган зилзиланинг магнитудаси 6,1 баллга етди. Бу кучли сейсмик ҳодиса кўплаб аҳолини ташвишга солди ва шаҳар кўчаларида саросима уйғотди.
Сейсмологлар маълумотига кўра, зилзиланинг маркази Баликесир вилоятининг Синдирги туманида жойлашган бўлиб, ўчоқ 11 километр чуқурликда қайд этилган. Бу чуқурликдаги ер қимирлаши ҳудуддаги турли шаҳар ва қишлоқларда кучли тўлқинлар ҳис этилишига сабаб бўлди.
Туркия ички ишлар вазири Али Ерликаянинг сўзларига кўра, ҳозирги пайтда махсус мутахассислар жамоалари табиий офат келтирган зарар миқёсини ўрганишга киришган. Улар зарар кўрган ҳудудларда техник текширувлар ўтказиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришмоқда.
Дастлабки хабарларга кўра, зилзила оқибатида камида 10та бино бутунлай ёки қисман вайрон бўлган. Уй-жойлардан ташқари, айрим тижорат иншоотлари ва тарихий бинолар ҳам шикастлангани ҳақида маълумотлар бор.
Гувоҳларнинг айтишича, зилзила тахминан 20-30 сония давом этган. Бу вақт ичида кўплаб аҳоли уйларидан чиқиб, кўчаларга ёпирилган. Айримлар саросима ичида хавфсиз жой излашга ҳаракат қилган, бошқалар эса яқинларини топиш учун ҳаракат қилган.
Ҳозирги пайтда фавқулодда ҳолат хизматлари ҳудудда узлуксиз фаолият кўрсатмоқда. Шу билан бирга, турли маҳаллий ва миллий ташкилотлар зарар кўрганларга ёрдам бериш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштирмоқда.
Бу воқеа яна бир бор Туркияда сейсмик хавф юқори эканлигини ва аҳолининг бундай ҳолатларга доимо тайёр туриши лозимлигини эслатди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!