09:00 / 12.10.2021
1 514

Олимлар: COVID-19 хитойлик кончилар организмидаги мутациялар натижасида пайдо бўлган бўлиши мумкин

Олимлар: COVID-19 хитойлик кончилар организмидаги мутациялар натижасида пайдо бўлган бўлиши мумкин
Фото: Getty Images
SARS-CoV-2 коронавируси хитойлик кончининг организмида эволюция натижасида пайдо бўлган бўлиши мумкин. Кончи 2012 йилда илгари номаълум бўлган вирусни юқтириб олган. Бу ҳақда Bioscience Resource Project лойиҳаси ижрочи директори, вирусолог Жонатан Латэмга таяниб The Telegraph хабар берди.

SARS-CoV-2 қарийб ўн йил олдин пайдо бўлгани ҳақидаги версияни Латэм 2020 йилнинг август ойида илгари сурганди. Ўшанда у биолог Эллисон Уилсон билан биргаликда Хитойнинг Юньнань провинциясидаги кончиларни даволаган врачнинг диссертациясини топиб олган. Кончилар конни кўршапалакларнинг ахлатларидан тозалаган, шундан сўнг олти кишида COVID-19 га хос симптомлар пайдо бўлган. Уларни сунъий нафас олдириш аппаратига улашга тўғри келган, уч киши вафот этган. Кончиларнинг таҳлиллари Ухандаги лабораторияга юборилганда улар ноодатий пневмонияга ўхшаш коронавирус билан касаллангани аниқланди.

Латэмнинг сўзларига кўра, вирус «ғалати эволюцион сакрашларни» амалга ошириши ва узоқ вақт давомида инсон организмида сақланиб, кўплаб мутациялардан ўтиши мумкин. Баъзи ҳолларда тезлаштирилган эволюция юз беради, унда «ўнлаб йиллар олти ойга сиғиб кетади».

Вирусологнинг фикрича, вирус Ухань лабораториясидан сизиб чиққан: «Бизнинг назариямиз шуни кўзда тутадики, шунга ўхшаш эволюция 2012 йилда сирли касалликдан кейин кончилар ўпкасида содир бўлган». Унинг назариясига кўра, вирус уни юқтирган кончилардан олинган тиббий намунадан «сизиб чиққан».

Бу назария шуни назарда тутадики, вирус кончи танасида «юзлаб мутацияларга» учраган ва охир-оқибат Sars-CoV-2 га айланган, дея тушунтирди олим.

Кон Моцзян-Ханий автоном округида жойлашган. Reuters ёзишича, 2012 йил охирида Ухань вирусология институти олимлари у ерда Моцзян вируси деб номланган қўзғатувчининг намуналарини аниқлаган, кейинроқ у каламушлардан топилган. Бироқ тадқиқотлар кончиларнинг касалланишига ушбу вирус сабаб бўлганини тасдиқламади. 2012 йилдан 2015 йилгача конда ҳаммаси бўлиб, 293 тагача коронавирус аниқланган. Улардан бири RaTG13 вируси бўлиб, унинг SARS-CoV-2 га ўхшашлиги 96 фоиз, деб ёзади Telegraph.

Аввалроқ Telegraph Уханда олимлар кўршапалакларга атайлаб коронавирус юқтирмоқчи бўлгани ҳақида ёзганди. Қайд этилишича, Хитойнинг Ухань шаҳридаги олимлар америкалик ҳамкасблари билан биргаликда 2018 йилда Хитой кўршапалаклари популяциясига коронавируснинг таркиби ўзгартирилган зарраларини юқтирмоқчи бўлган.

Тадқиқотчилар ғор кўршапалакларига коронавируснинг «янги кимерик учли оқсиллари»дан иборат нанозарралар ва аэрозолларни уларнинг териси орқали юқтиришни режалаштирган. Олимлар шу йўл билан одамларга юқадиган касалликларга нисбатан кўршапалакларда иммунитет ҳосил бўлишига умид қилган.

Май ойида The Wall Street Journal Ухандаги Хитой вирусология институтининг камида уч нафар олими 2019 йил ноябрида, коронавирус ҳақида илк маълумот пайдо бўлишидан аввалроқ оғир касаллангани ҳақида ёзганди. Газета таъкидлашича, бу маълумот вируснинг сунъий келиб чиқиши ҳақидаги гипотеза фойдасига гувоҳлик бериши мумкин.

Хитойлик олимлар коронавируслар ва бошқа патогенларни ўрганадиган лабораторияда ишлаган. Ноябрда улар бир вақтнинг ўзида ҳам COVID-19, ҳам оддий мавсумий ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) белгиларига ўхшаган симптомлар билан шифокорларга мурожаат қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар: COVID-19 хитойлик кончилар организмидаги мутациялар натижасида пайдо бўлган бўлиши мумкин