Россиянинг Украинага очган уруши сабабли таъминот тизимида юз бераётган узилишлар араб давлатларини озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига рўбарў қилди. Бошқа тарафдан эса арабларга озиқ-овқат соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятини ҳам юзага келтирди.
Дарҳақиқат, Украинада кечаётган уруш араб давлатларининг озиқ-овқат борасида бошқа мамлакатларга нақадар қарамлигини кўрсатиб қўйди. Катта қисми қишлоқ хўжалигига яроқсиз ва сув ресурслари кам бўлган мазкур давлатлар олдида жуда катта муаммо турибди. Мутахассисларнинг фикрича, бу муаммо ўзаро ҳамкорликнинг янги уфқларини очишларига туртки бўлиши мумкин.
“Араб давлатлари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмади”
Ироқлик тадқиқотчи ва ёзувчи Назир ал-Кандурийнинг айтишича, араблар учун Россия ва Украина ўрнига бошқа мамлакатлардан озиқ-овқат импорт қилиш осон эмас, буни амалга ошириш бир неча ой талаб этади, уддаланган тақдирда ҳам бу маҳсулотларнинг нархлари урушдан олдинги даврдаги арзон бўлмайди.
"Ҳар бир давлатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини уруш ёки тинчлик даврида ҳам таъминлаши шарт. Лекин араб давлатлари импорт билан қаноатланиб юраверди. Бу ўлкаларнинг аксариятида дон захиралари етарли эмас. Масалан, Ироқнинг ғалласи эҳтиёжга нисбатан жуда ҳам оз. Қишлоқ хўжалигига мослашмаган Кўрфаз мамлакатлари сув танқислигидан азият чекмоқда, худди шу нарса мағриб давлатларига ҳам тегишли. Ироқ, Миср, Судан ва Шом минтақасидаги (Сурия-Фаластин-Ливан) давлатларда экин ерлари ва сув захиралари етарли, аммо шундай бўлишига қарамай улар ҳам озиқ овқат хавфсизлигига деярли аҳамият бермади. Араб расмийларининг баёнотлари озиқ-овқат таъминоти масаласига жиддий ёндашмаётганини кўрсатиб турибди. Расмийлар бу вақтинчалик муаммо ва қисқа вақт ичида ҳаммаси ўз жойига қайтади, деб ўйлайди", деди у.
Кандури араб давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида эса қуйидагича мулоҳаза юритди: "Қишлоқ хўжалиги сармоялари бўйича ҳамкорлик кўзга ташланмаяпти. Бироқ ҳозирги вазиятда глобал озиқ-овқат таъминоти инқирозини енгиш учун бирлашишга шароит юзага келди".
Кандурининг фикрича, араб давлатлари озиқ-овқат эҳтиёжларини ўзаро қондириши учун бир йўл бор. Яъни суви ва экин майдонлари етарли бўлмаган нефт ўлкалари бу икки ресурга бой, аммо улардан фойдаланишга “қўли қисқалик” қилаётган Миср, Судан, Ироқ ва Сурия каби мамлакатларга сармоя киритишлари лозим.
“Араб давлатлари ўзаро стратегик ҳамкорликни йўлга қўйишлари керак”
Суриялик сиёсий таҳлилчи Ҳишом Мунавварга кўра, Украина уруши туфайли бир қатор араб давлатлари аҳолининг озиқ-овқат эҳтиёжларини қондириш каби катта муаммога дуч келмоқда.
Мунавварнинг фикрича, араб давлатлари йирик қишлоқ хўжалик ерларидан фойдаланиши, буғдой, маккажўхори ва шоли каби стратегик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун зарур сармоя киритиши ва озиқ-овқат хилма-хиллигини ошириши шарт. "Араб давлатларининг бир қисми молиявий ресурсларга эга бўлса, бошқаларида экин майдонлари мавжуд. Шулар орқали иқтисодий-қишлоқ хўжалиги шерикликларини йўлга қўйиш мумкин". Унинг айтишича, глобал очарчилик ёки фалокатни кутмасдан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун чоралар кўришни бошлаш керак.
"Баъзи араб мамлакатлари қишлоқ хўжалигида катта салоҳиятга эга бўлса-да, бу мамлакатлардаги сиёсий ирода тинчлик даврида қишлоқ хўжалиги интеграциясига эриша олмади. Агар бу интеграция озиқ-овқат хавфсизлигидан қўрқиб эришилса, бу мамлакатлар ўзини ўзи озиқ-овқат билан таъминлашга эришиши мумкин. Қилиш керак бўлган нарса шошилинч чора-тадбирлар ва Украинада содир бўлаётган воқеалардир. Лекин афсуски, Араб Лигаси давлатлари ташқи ишлар вазирлари даражасида ҳозиргача навбатдан ташқари йиғилиш ҳам ўтказмаган".
Уруш имкониятга айланиши мумкин
Жазоирлик ёзувчи ва сиёсий таҳлилчи Ризо Будра "Урушлар тарих давомида давлатларнинг имкониятларини кўрсатиб берадиган синовдир. Араб дунёси ўз ҳудудидан ташқарида кечаётган урушнинг салбий таъсиридан ҳам унумли фойдаланиши керак" деди.
Унинг фикрича, Украинадаги уруш араб давлатлари учун ташқи иттифоқчилар ва ички сиёсатларини қайта кўриб чиқиш учун идеал имкониятдир. У озиқ-овқат етишмовчилигининг олдини олиш учун энди жуда кеч эканлигини, аммо унинг узоқ муддатли таъсирини юмшатиш учун имконият борлигини айтди.
Будрага кўра, ҳамкорлик араб мамлакатлари доирасидан ташқарига чиқиш ва таъминот занжирини таъминлаш учун янги иқтисодий иттифоқлар, дипломатик бирлик ва тажриба алмашишдан бошқа чора йўқ.
“Туркиянинг қишлоқ хўжалигидаги тажрибаси озиқ-овқат саноатининг кўпчилигида ўзини-ўзи таъминлашнинг яхши намунасидир”, - деди Будра. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
Самарқандда вояга етмаган қизни зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланди
Кўкрак бези саратони сабаблари, белгилари ҳамда уни даволаш