Газ плитасидаги битта ўчоқдан тарқаладиган бензол концентрацияси тамаки тутунидан ҳам юқори даражада бўлиши мумкин.
АҚШ Стэнфорд мактаби тадқиқотчилари 87 та уй хўжалигидаги газ плитасидан чиқадиган бензолни ўлчаб, унинг миқдори Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланган меъёрлардан ошиб кетишини аниқлади.
Жумладан, газ плитаси 180 C° даражада 45 дақиқа давомида ёқилганда, хона ичидаги бензол миқдори тамаки тутунидан тарқаладиган миқдордан ошиб кетган. Олимларнинг таъкидлашича, зарарли чиқиндилар ошхонадан бутун уйга тарқалади ва у ерда бир неча соат давомида қолади.
Шу билан бирга, Стэнфорд олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, электр ва индукцион плиталардан тарқаладиган зарарли моддалар миқдори жуда кам.
Онколог Женис Л.Кирш тадқиқот натижаларини шарҳлар экан, газ плиталаридан тарқаладиган бензол миқдори хавотирли эканини айтди.
«Биз метан ёқилганда бензол тарқалишини билардик. Лекин унинг миқдорини ўлчаш – бу катта ютуқ. Зарарли моддалар миқдори кутилганидан юқори экани аниқланди. Бу анча хавфлироқ», деди доктор Кирш.
Унинг таъкидлашича, одамлар уйдан ташқарида ҳам зарарли кимёвий моддаларга дуч келишади - бу чиқинди газлар, завод ва фабрикалардан тарқаладиган тутун, ўрмон ёнғинлари тутуни. Аммо уйда улар зарарли моддалар даражасини назорат қилиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, одамлар индукцион печ сотиб олиши, тостер, электр чойнаклардан фойдаланиши ва биноларни вентиляция қилиши мумкин.
БМТ Саратон тадқиқотлари бўйича халқаро агентлиги ва АҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги бензолни канцероген модда сифатида белгилайди. Ундан нафас олиш лейкемия ва лимфома, шунингдек, бошқа жиддий касалликлар хавфини ошириши мумкин. Шифокорларнинг таъкидлашича, бензолнинг одамга таъсир қилиш даражаси хавфсиз эмас.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг