Одам қачон терлайди? Атроф-муҳит иссиқ бўлганда ёки касал бўлса, жисмоний зўриққанда ёки асабийлашганда терлайди. Аммо кўпчилик бир нечта хил овқатларни истеъмол қилиш ҳам ортиқча терлашга олиб келиши мумкинлигини билмайди. Wday нашрида ана шу маҳсулотлар қайси экани санаб ўтилди.
Қаҳва ва иссиқ ичимликлар
Кофеин марказий асаб тизимини рағбатлантиради ва юрак мушакларининг қисқаришини тезлаштиради, натижада қон босими кўтарилади. Кўпинча жисмоний фаолиятда кузатиладиган бундай ҳолат терлашга сабаб бўлади. Бунга ичимликнинг ҳарорати ҳам ҳисса қўшади.
Қайноқ қаҳва, занжабил ва асал қўшилган чой, облепиха каби ўсимликлар тана ҳароратини ошириб, терлашни янада кучайтиради. Дарвоқе, таркибида кофеинни ўз ичига олган препаратлар ҳам гипергидрозни кучайтириши мумкин, буни инобатга олиш керак.
Аччиқ овқат ва зираворлар
Чили қалампири, саримсоқ ва ўткир таъмга эга зираворлар тилга текканда таъм куртаклари билан ўзаро таъсир қилади ва улар мияга организмга иссиқ нарса кирганлиги ҳақида маълумот юборади. Яхши созланган тизим сигналга кўп терлаш билан жавоб қайтаради ва иссиқлик узатиш яхшиланади. Аччиқ овқатлар ҳам тернинг кучли ҳидини келтириб чиқаради, шунинг учун ёзда аччиқ овқатлардан воз кечган маъқул.
Спиртли ва энергия берувчи ичимликлар
Спиртли ичимликлар ичиш нафақат эйфория ҳолатини келтириб чиқаради, балки инсон организми учун жиддий стрессга айланади.
Спиртли ичимликлар бутун организмдаги юкни оширади:
- тана ҳарорати кўтарилади;
- қондаги қанд миқдори ошади;
- организм токсинни чиқариб юборишга ҳаракат қилади, шунинг учун жигар, буйрак ва юракнинг фаолияти сезиларли даражада ошади, бунинг натижасида одам терлайди.
Энергетик ичимликлар барча тизимларнинг фаолиятини рағбатлантиради,пулсни тезлаштиради.
Овқатдан терлаш билан қандай курашиш керак?
Агар озиқланиш гипергидрози ноқулайлик туғдирса, унда биринчи навбатда юқорида айтиб ўтилган маҳсулотларни диетадан чеклаш ёки чиқариб ташлаш керак.
Спиртли ичимликлар ва қаҳва ичишдан сақланинг. Озиқ-овқат иссиқ эмас, илиқ бўлсин. Шўр ва аччиқ овқатлардан воз кечган маъқул. Сув ичиш режимига риоя қилганингизга ишонч ҳосил қилинг, чунки терлашнинг кўпайиши билан сувсизланиш кузатилади.
Агар гипергидроз ноқулайлик туғдирса, ботокс инекцияларидан фойдаланиш мумкин. Ботулотоксин тер безларига кирадиган нерв импулсларини блоклайди. Ва инекциядан кейин бир неча кун ичида вазият сезиларли даражада яхшиланади. Жараённи олти ой — бир йил ичида такрорласа бўлади.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг