Юқори ҳарорат инсон организмига ёмон таъсир қилиши сир эмас. Бироқ иссиқда қилинмаслиги керак бўлган нарсалар борлигидан ниҳоятда озчилик хабардор. Чунки бу соғлиқ ва ҳатто ҳаёт учун хавфли бўлиши мумкин.
Кўп йиллик тажрибага эга терапевт Алия Калиева нима учун иссиқда газланган сув ичиш тавсия этилмаслиги ва вентилятор нега кучли иссиқда хавфли бўлиши ҳақида гапириб берди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам, иссиқ даврда соғлиғингизга зарар етказиши мумкин бўлган маълум чекловларга риоя қилишингиз керак.
Ҳаддан ташқари иссиқда ҳеч қачон муздек газланган ичимликлар ичманг
Турли газланган ичимликлар деярли ҳар доим шакарнинг юқори концентрациясини ўз ичига олади ва бу, билганимиздек, жуда хавфлидир ва диабет ривожланиш хавфини оширади. Бундан ташқари, чанқоғингизни ширин суюқлик билан қондириш қийин, чунки қонга тушган шакар организм ҳужайраларидан сувнинг чиқариб юборилишига сабаб бўлади. Бу билан 5-10 дақиқадан сўнг сиз яна чанқайсиз. Чанқоқни хона ҳароратида оддий сув ёки илиқ чой билан қондирган маъқул. Бир паррак лимон қўшишингиз мумкин. Ичимлик совуқ ёки муздай бўлмасин, чунки у кучли терлашга ва натижада организмдан суюқлик йўқолишига олиб келади. Жазирамада суюқлик истеъмолини диққат билан кўриб чиқиш керак. Дарҳақиқат, 20-25 фоиз сувсизланиш одамлар учун ҳалокатли эканлигини кўпчилик билмайди.
Интенсив спорт машғулотлари билан шуғулланманг
Иссиқда спорт билан шуғулланиш тавсия этилмайди, чунки спортда юрак-қон томир тизими ортиқча юк билан ишлайди. Тайёр бўлмаган одамнинг иссиқда югуриши миокард инфаркти, инсултга олиб келиши мумкин ва шунга мос равишда эрта ўлим хавфи сезиларли даражада ошади.
Вентилятор олдида туришнинг ҳожати йўқ
Кўпчилик паррак қаршисида туриб, тернинг қуришини ва шу орқали салқинлашни яхши кўради. Совитиш усули жуда самарали, аммо жуда хавфлидир. Гап шундаки, парракдан келаётган ҳаво оқими организмнинг маълум қисмларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Гипотермия пайдо бўлади, бу эса мушаклар ва қон томирларининг спазмини келтириб чиқариши, қон оқими ёмонлашиши эҳтимолини оширади. Мушаклар, бўғимлар ва лимфа тугунлари яллиғланади.
Томоқ-буруннинг шиллиқ қавати ҳам яллиғланиб, бу шамоллаш, томоқ оғриғи ва ҳатто бронхитга олиб келиши ҳеч гап эмас. Бундан ташқари, сийдик йўллари тизими шамоллаши мумкин.
Кўпинча шунчаки салқинлаш истаги узоқ давом этадиган сурункали яллиғланиш жараёнларига ва қиммат даволанишга олиб келади. Худди шу қоида кондиционерга ҳам амал қилади: совуқ ҳаво оқими остида туриш жуда зарарли. Шунингдек, 35 градусдан юқори ҳароратларда, айниқса, автомобиль, автобус, юк машинаси кабинасида ўрнатилган паррак фойдасиз ва ҳатто зарарли бўлиб, у фақат иссиқ ҳавони ҳайдайди.
Металл пардалардан фойдаланманг
Деразалардан тўғридан тўғри қуёш нури тушадиган офис ёки уйда ёрқин рангли ёки қалин пардалардан фойдаланиш керак. Деразадаги металл пардаларни ёпиш билан уларни фақат қўшимча иссиқлик манбаига — бир турдаги иситгичга айлантирамиз. Бу эътиборга олиниши керак.
Спиртли ичимликлар ичманг
Ҳаддан ташқари иссиқда ҳар қандай алкоголли ичимликлар ичмаслик керак. Спиртли ичимликларнинг диуретик таъсири мавжуд. Шу билан бирга, спиртли ичимликлар организмдаги сувни ушлаб турадиган ва буйракларда ишлаб чиқарилишини чеклайдиган вазопрессин гормонини ҳам оширади. Иссиқда терлашнинг кўпайиши билан бирга, бу организмда суюқлик етишмаслиги — сувсизланишга олиб келади. Шунингдек, иссиқда алкогол юрак-қон томир тизимига салбий таъсир қилади, тахикардия — юракнинг тез уриши ва нотўғри ишлаши, томирлар спазми, жумладан, мия томирларининг спазмларига сабаб бўлади.
Юқоридаги чекловларнинг барчаси беморнинг соғлиғига қараб индивидуал хусусиятга эга бўлиши мумкин. Масалан, қандли диабет билан оғриган одамлар иссиқдан бошқаларга қараганда кўпроқ эҳтиёт бўлишлари керак. Ушбу касалликдан азият чекадиган одамлар учун жазирама ҳақиқий душман бўлиб, у гипогликемияни қўзғатиши мумкин.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг