Қовоқ фойдали хусусиятларга эга эканлиги билан парҳез қилишни бошлаган ва саломатлигига бееътибор бўлмаган инсонлар учун зарур маҳсулотлар сирасига киради. У мунтазам равишда истеъмол қилинса, организмда қандай ўзгаришлар юз беради? Қуйида ана шу ҳақда сўз юритилади.
100 грамм қовоқда 22-24 килокалория бўлади. Унда ёғ бўлмайди, бор йўғи 1 грамм оқсил ва 4-4,5 грамм углевод бўлади.
Қовоқдан тайёрланган овқатларни ортиқча вазн ва қандли диабетдан азият чекаётган ҳамда вазн ташламоқчи бўлган кишилар таомномасига киритиш тавсия қилинади.
Қовоқ кам ҳолларда аллергия келтириб чиқаради, у нафақат катталар, балки болалар учун ҳам энг фойдали маҳсулотлардан биридир. Барра қовоқ ёки ундан тайёрланган шарбат А витамини ва каротинга бой бўлади. Ушбу моддалар юқори антиоксидантлик хусусиятга эга ҳисобланади, ферментлар синтезида иштирок этади. Шунингдек, оқсил ва коллагенлар ишлаб чиқарилишини ҳам меъёрлаштиради.
Кўз нури равшанлигида муҳим рол ўйнайдиган родопсин ишлаб чиқарилишига ҳам таъсир кўрсатади. Қовоқ таркибида Э ва С витаминлари мавжудлиги А витамини ва бета-каротиннинг сўрилишини сезиларли даражада яхшилайди. Қовоқда, шунингдек, Б, Ҳ, К ва ПП гуруҳи витаминлари ҳам бўлади.
Уни совуқ ҳавода иммунитетни мустаҳкамлаш учун ейиш тавсия қилинади.
Қовоқ шарбати поливитаминлар сингари фойдали ҳисобланиб, грипп ва шамоллашнинг енгил ўтишига ёрдам беради. Қовоқда таркиби одам организмидаги гормонларга ўхшаш моддалар ҳам мавжуд. Уни репродуктив саломатликни яхшилаш учун ҳам истеъмол қилиш керак.
Қовоқда калий ва магний мавжуд бўлиб, улар юрак фаолияти ва асаб тизимини яхшилайди. Қовоқнинг витамин ва минералларга бой экани тери, соч ва тирноқлар кўриниши ва мустаҳкамлигига ижобий таъсир кўрсатади. Унинг истеъмоли қариш жараёнини секинлаштиради ва ташқи кўринишни яхшилайди.
Қолаверса, қовоқда темир ва мис моддаси мўл бўлади. Ушбу моддалар қон айланишини яхшилайди, анемиянинг олдини олади, аъзолар ва ҳужайраларни қон билан таъминланишини яхшилайди. Оқсил ва углеводнинг организмга сингиши мазкур моддаларнинг мавжуд экани билан боғлиқ.
Қовоқ кремний тузининг асосий манбайи ҳисобланади. Ушбу минерал коллаген синтези учун муҳим ҳисобланади.
Печда димланган, буғда пиширилган қовоқ ҳазм жараёнида муаммоси бўлган, жигар ва буйракларда яллиғланиш жараёнлари бўлган кишилар учун айни муддао. Қовоқнинг нафақат ўзи, балки уруғи ҳам фойдали. У кишига қувват беради, гижжа касалликларининг олдини олади.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг