Нима учун мандариннинг оқ пўстини тозаламасдан истеъмол қилиш керак?

Фото: Wday

Қишда мандариндан кўра севимлироқ мева бўлмаса керак. Ажойиб таъмга қўшимча равишда, у иммунитет тизимини C витамини билан қўллаб-қувватлайди. Айтганча, унинг фойдаси фақат мевасидагина бўлиб қолмай, балки кўпчилик чиқиндига чиқариб юборадиган оқ пўстлоғи ҳам бир қанча хусусиятларни ўзида жамлаган, деб ёзади “Новый очаг”.

Мандариннинг оқ пўстлоғини тозалаш керакми?

Кўпчилик учун мандарин мевасидаги оқ пўстлоқ (альбедо деб аталади) унчалик ёқимли кўринмайди. У деярли таъмга эга эмас, юмшоқ, толали ва тишларга ёпишиб қолади. Энг осон йўли, уни тозалаш ва пўчоғи билан бирга чиқиндига юбориш. Аммо бундай қилмаслик лозим, чунки унинг таркибида қимматбаҳо баласт ва ўсимлик моддалари мавжуд, қолаверса, C витамини мевасига қараганда бир оз камроқ. Альбедо умуман цитруснинг деярли энг фойдали қисмидир.

Оқ пўстлоқни истеъмол қилишнинг афзалликлари нимада?

Юқорида айтиб ўтилган C витаминидан ташқари, альбедонинг оқ толаларида бошқа жуда фойдали моддалар мавжуд, жумладан:

  • пектин эрийдиган клетчатка бўлиб, холестеринни камайтиришга ёрдам беради ва тўқлик ҳиссини оширади;
  • флавоноидлар-гесперидин ва нарингенин мавжуд бўлиб, биринчиси яллиғланишга қарши, иккинчиси қонда шакарнинг кўпайишини олдини олади. Бундан ташқари, улар ёғ эритиш хусусиятига ҳам эга. Модданинг кунлик дозасини олиш учун ҳар куни 1 чой қошиқ альбедо истеъмол қилиш кифоя. Аммо эсда тутиш керакки, кўп мандарин истеъмол қилиш мумкин эмас, мутахассислар кунига 4-5 дона билан чекланишни тавсия қилади;
  • гесперидиннинг аллергия ва саратонга қарши хусусиятларини эслатиб ўтиш керак, бу фан томонидан тасдиқланган. Баъзи тадқиқотлар модданинг кекса аёллар учун фойдасини тасдиқлади — гесперидин менопауза белгиларининг интенсивлигини енгиллаштиради ва гормонал мувозанатни меъёрлаштиради.

Мандариндан ташқари, гесперидин апельсин, лимон ва грейпфруитнинг қобиғи ва шарбатида мавжуд.

Фото: Wday

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, каротеноидлар жигар саратони ривожланиш хавфини камайтириши мумкин. Мандарин альбедосида яна бир антиканцероген — лимонен мавжуд бўлиб, у кўкрак саратонидан ҳимояланишга қўшган ҳиссаси билан машҳур.

Ушбу моддаларни яна қандай маҳсулотлардан олиш мумкин?

Агар мандариннинг оқ қобиғини ёқтирмасангиз, рўйхатдаги моддаларни бошқа қишки мева ва сабзавотлардан олишга ҳаракат қилиш мумкин. Олма ва нокнинг кузги навлари ҳам бу борада фойдалидир. Клетчатка ва C витаминига бой, шунингдек, ўз хусусиятларини янги ва тузланган ҳолда сақлайдиган оқ карам ҳам юқоридаги хусусиятларга эга.