Ҳаётда ҳар хил вазият бўлади. Тақдир инсонларни турфа хил қувончлару дардлар билан синашга уринади. Жуфтидан айрилганлар, отаси ёки онасининг ортидан бўзлаб қолган болаларнинг қисмати ҳеч кимни беэътибор қолдирмайди. Айниқса, бева аёлга осон эмас. У келинлик, оналик, қайноналик каби вазифаларни уддалайди, аммо «боши очиқлик»нинг синовлари нозик елкасига оғирлик қилиши турган гап, дейилади Даракчи нашрида.
1-вазият: Ўн уч йилдан сўнг чалинган ҳайдалиш куйи
Мунира икки қизи билан ўттиз ёшида бева қолди. Турмуш ўртоғи Каримжон автоҳалокат туфайли вафот этган. Тоғни талқон қиладиган ўғлининг жувонмарг бўлгани ота-онанинг дилини пора-пора қилди. Аммо тақдирга кўнмоқдан ўзга чора йўқ. Қайнота-қайнона маслаҳатлашиб, келинига ҳовлининг бурчагидан катта тандир қуриб, новвойликни ўргата бошлашди. Уйидан чиқмасдан ишлаши, қизалоқларининг олдида бўлиши Мунирага маъқул тушди. Дардига бироз бўлса-да, малҳам топиш илинжида жон-жаҳди билан бу ҳунарни ўргана бошлади. Буни қарангки, икки йил ичида кичик келин оиланинг асосий даромад топувчисига айланди. Новвойлик ортидан ҳовли қайта таъмирланди, қайнака енгил машинали бўлди. Йиллар эса югурик сув, бирпасда оқиб ўтди-кетди. Қайнота-қайнона қариб қолди, овсин эса ўғилларини уйлантиришга чоғланди. Ана шу вақтга келиб, Мунира ва унинг икки қизи бу уйда ортиқча одамга айланди. Ахир улар катта ҳовлининг учта хонасини эгаллаб ўтиришибди-ку!.. Катта келиннинг турли дийдиёларию гап сўзлари бир бўлиб, бўйи етиб қолган икки қизи билан Мунира қирқ уч ёшида ота уйига қайтиб келишга мажбур бўлди. У ўн уч йил давомида меҳнат қилиб топганини оиласига сарфлади. Шу билан бирим-икки бўлади деб ўйлаганди, энди-чи ҳеч нарсасиз қолиб ўтирибди.
Мулоҳаза. Ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Мунира ўн уч йил аввал ота уйига кетганида, балки турмушга чиққан ёки ишлаб топганига уй олиб, қизларининг келажагига пойдевор ясаган бўлармиди?!
Қайнота-қайнона, қайнакаларнинг бу тарзда иш тутиши ноўрин. Муниранинг фарзандлари қиз экан, эрта-индин ота ўрнида ота бўлиб узатиш аслида қайнаканинг бурчи эмасми? Ахир шу норасидаларнинг ҳам ота ҳовлида яшашга ҳаққи бор-ку! Энди Мунира қаътиятли бўлиб, акаларидан, йиллар давомида қилган хизматлари эвазига қайнакасидан ёрдам сўрашга уялмаслиги керак. Чунки ота уйида яшаб кетиши ҳам осон масала эмас. Ўз бошпанаси бўлса, кўнгли хотиржам яшайди.
2-вазият: Мустақил аёлнинг ҳаёти ўз қўлида
Фазилат опа табиатан феъли тор аёл. Эри Ботир ака ўзини илмга бағишлаган, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдириш хотинларнинг иши, оилани пул билан таъминлаш эса эркакнинг вазифаси, деб ҳисоблайди. Эр-хотин ёлғиз қизларини узатиб, икки ўғилларини бирин-кетин уйлантиришди. Кичик ўғли отасига ўхшаган олим бўлишни хоҳларди, аммо ўттиз бир ёшни энди қоралаганида юрак хуружидан оламдан ўтди. Эндигина икки ёшга тўлган қизи билан йигирма бешдан ошган рафиқаси бўзлаб қолаверди. Ота-онани эса жудолик адо қилди. Келин кетаман, демади, унга ҳам ҳеч ким бу ҳақда гап очмади. Боласини боғчага бериб, ишга тушиб кетди. Ўзини ишига бағишлади. Хизмат сафарлари, карьера қилиш йўлидаги хизматлари эвазига бола бобо-бувининг қаромоғида қолди. Фазилат опа кексайганда қайта келин бўлди. Ва бирор қарор қабул қилиш вақти келганини тушунди. Ўзлари яшаётган 5 хонали уйни сотиб, келинига икки хонали уй олиб беришди. Қолган пулига эса уч хонали уй олиб, катта ўғлига қўшни бўлишди. Энди бундан кейин қандай яшаш келиннинг ўзига боғлиқ...
Мулоҳаза. Ўлимни тан олиш, жудоликка кўникиш қийин. Аммо ҳаёт давом эттаверади. Ушбу вазиятда қайнота-қайнона тўғри иш тутган. Улар келинга алоҳида яшаш учун шароит яратиш ва қарор қабул қилишни ўзига қўйиб бериш билан вазифаларини адо этишди.
3-вазият: “Қизим, никоҳга тайёрланинг!”
Одина қайнонасидан хафа, қайнотасининг эса кўзига кўринишга ҳам юраги бетламаяпти. Ўғли хонага кириб, бобоси чақираётганини айтди. Яна ўша гапми?! Ёш бўлса, нима қилибди? Ота-онасиникига қайтиб боролмаса, нима бўпти? «Сизларга ортиқчалик қилаяпмизми, малол келдикми? Ўғлингиз тирик бўлганида борми?» деди-ю, тилини тишлади. Қайнотаси индамади, қайнонаси эса йиғлади: «Болам ўлсин, дебмизми биз? Невараларим етим, келиним бева қолишини мен истаганмидим? Ўғлим тирик бўлганида, тилимни суғуриб олса ҳам бу гапни айтмасдим!» Қайнотаси эса бироз овози титраб, аммо қатъият билан гапирди: «Хуллас, тўйдан сўнг бир ойча болалар биз билан яшаб туришади, кейин уларни олиб кетаверасан... Қизим, ўғлимнинг олдига ёруғ юз билан боришим керак! Одина билан болаларинг ишончли қўлларда, деб айтишим керак-ку! Онанг билан тайёргарлигингни кўр. Кейинги ҳафта никоҳ ўқилади...»
Мулоҳаза. Келин ҳам оиланинг бир аъзоси. Одинани қайнота-қайнона қиз ўрнида кўришади. Шунинг учун ҳам унинг бахтли яшаб кетишидан умид қилишаяпти. Бу ўринда Одинанинг кўнгли, истакларини ҳам инобатга олиш керак,. Шошма-шошарлик билан қарор чиқариш, келинни мажбуран узатиш ҳам ярамайди.
«Бизга ҳам осон тутманг, келинлар…»
Тўти ЮСУПОВА, Ўзбекистон халқ артисти: — Онам йигирма тўрт ёшида бева қолиб, қолган умрини фарзандларига бахшида қилган. Ҳозир онам ҳаётда нима рўшнолик кўрди, деб кўп ўйлайман. Назаримда, бева аёл қирқ-эллик ёшларда бўлса, турмуш қуриш масаласини ўзи ҳал қилгани маъқул. Аммо жуда ёш бўлса, уни турмушга бериш лозим. Аёл ўзини эмас, аввало фарзандларига яхши бўлишини ўйлаши керак. Ўғилми, қизми, ота тарбиясини олгани маъқул. «Келинга яхши бўлсин дея, узатдим» дейиш осон, аслида бу юрагингни ўтдек ёндиради. Аммо наилож? Оиланинг катталари маслаҳатлашиб, етимни бошини силашга тайёр, эътиқодли инсонга бева аёлни ишониб топшириши уят иш эмас.
Шариатда…
Эри вафот этган аёл аввалги турмуши нинг ҳурмати сабаб, шунингдек насаб аралашиб кетмаслиги учун тўрт ой ва ўн кун иддада ўтиради. Бу ҳақда Бақара сураси 234, 235 оятларида зикр этилган. Шунингдек, бева жувонга турмушга чиқиш таклифи билдирилганда, у сўз билан ўз розилигини билдириши лозим экан. Бу масалада аёлдан бемаслаҳат иш юритиб бўлмайди. Ислом динида фарзандларига умрини бахшида қилган бева аёллар эъзозланади. Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ва эридан бева қолиб, юзи сарғайган, боласига сабр қилган аёл, жаннатда мана бундаймиз», деб бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар».
Дилноза МИРТОЛИПОВА тайёрлади. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Дмитрий Песков: Россия меҳнат муҳожирларига муҳтож
2025 йили 2 млн гектардан зиёд ерда мева-сабзавот, дуккакли ва полиз маҳсулотлари экилади
Кремль саройида Ўзбекистон юлдузлари концерти қандай ўтди?