date
views 62

Пул етишмовчилиги руҳиятни қандай издан чиқаради?

Пул етишмовчилиги руҳиятни қандай издан чиқаради?
Пул – бу шунчаки алмашинув воситаси эмас, балки инсон онги ва руҳиятига жуда кучли таъсир ўтказувчи психологик омил ҳисобланади. У одамнинг ўзини қандай қабул қилиши, атрофдагиларга бўлган муносабати ва кундалик қарорларига бевосита таъсир қилади. Айримлар пул етарли бўлганда ҳам, баъзилар эса ундан маҳрум бўлганда ҳам доим хавотирли, тушкун, ҳатто изтиробли ҳолда яшайди. Нега? Чунки пул моддий жиҳатдан имконият бериши мумкин, лекин у инсоннинг ички бўшлиқларини тўлдирмайди, аксинча, уларни юзага чиқаради.

Етишмовчиликнинг онгга бўлган таъсири

Пул камайганда ёки умуман йўқ бўлганда, инсон онги "омон қолиш" режимини ишга туширади. Мия узоқ муддатли мақсадлар ўрнига фақат кундалик эҳтиёжларга эътибор қаратади: таом топиш, уй ижараси, шифокорга бориш. Бу вақтда мияда стресс гормони — кортизол даражаси кескин ошиб, инсоннинг фикрлаш қобилияти сусаяди, диққати тарқоқлашади.

Айнан шундай шароитда инсонда сурункали хавотир, апатия ва ҳатто клиник депрессия белгилари пайдо бўлиши мумкин. Пул муаммоси кун тартибини эгаллаб, барча ҳаётий йўналишларда тўсиқка айланади.

Эркаклар бу ҳолатда ўзини “ноқобил” деб ҳис қила бошлайди. Улар жамиятдан четлашади, байрамлар, тўйлар, йиғинлардан узоқлашади, чунки ўзини камситилгандек ҳис қилади. Совға олиш, бошқалар олдида ўзига бўлган ишончни йўқотиш — буларнинг бари руҳий ҳолатни янада ёмонлаштиради.

Шу билан бирга, молиявий муаммолар оилавий муносабатларга ҳам қаттиқ зарба беради. Пул етишмаслиги кўпинча жанжаллар, тушунмовчиликлар ва ҳатто ажримларга олиб келади. Тиббий кўриклар ўз вақтида қилинмайди, оғриқларга эътибор берилмайди. Натижада, бош оғриғи, уйқу муаммолари, овқат ҳазм қилишдаги қийинчиликлар каби саломатлик билан боғлиқ муаммолар кучаяди.

Қўрқувлар ва ишончсизлик ортидаги сабаблар

Бунинг асл сабаби инсоннинг болаликда шаклланган ишонч тизимига бориб тақалади. “Мен бой бўлишга лойиқ эмасман”, “Пул — ёмонлик манбаи”, “Бойлар ҳар доим ёмон бўлади” каби чекловчи эътиқодлар онг остида ётади. Бундай одамлар шунчаки бой бўлишни эмас, балки пулни ушлаб туришни ҳам қийин деб билишади.

Бундай салбий қарашлар кўпинча ота-она, мактаб муҳити ёки жамият таъсири остида шаклланади. Айнан шу эътиқодлар инсонни катта имкониятлардан узоқлаштиради, ўзини паст баҳолашга олиб келади.

Бойликнинг "интизомсиз" таъсири

Пул кўп бўлса, муаммолар тугамайди, балки бошқача шаклда намоён бўлади. Одатда, кўп пулни орзу қилган одам уни қўлга киритгач, ўз қадриятларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлади. Агар у барқарор руҳий асосга эга бўлмаса, бойлик ташвишга айланади.

“Мен бу пулга арзимайман”, “Мен фақат омадим туфайли бой бўлдим” каби фикрлар “самозванлик синдроми”ни келтириб чиқаради. Бундай инсонлар пулини йўқотишдан, ёки атрофдагилар уни фақат моддий манба деб кўраётганидан хавотирга тушади. У ўзини доимий равишда бошқалар билан солиштиради, ўз обрўсини сақлаб қолиш учун ортиқча харажатлар қилишга мажбур бўлади.

Молиявий соғлом фикрлаш сари қадам

Пул билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун фақат даромадни кўпайтиришнинг ўзи етарли эмас. Аслида, руҳий блоклар, ички эътиқодлар устида ҳам иш олиб бориш зарур. Ижобий молиявий психологик ҳолат учун қуйидагилар муҳим:
– реал ва эришиладиган мақсад қўйиш,
– стрессни бошқаришни ўрганиш,
– ресурсларни тўғри тақсимлаш,
– ўзига ва муваффақиятга ишончни шакллантириш.

Бойликка интилувчилар эса ўзига савол беришлари керак: “Нима учун мен пул тўпламоқдаман?” Агар бу ортида қўрқув ёки тан олиниш эҳтиёжи турса, унда бойлик хотиржамлик эмас, аксинча, руҳий чарчоқ манбаига айланади.

Пул инсон ҳаётидаги энг муҳим омиллардан бири, бироқ у бахт ва хотиржамликнинг кафолати эмас. Молиявий барқарорлик руҳий барқарорлик билан уйғун бўлса, инсон ўзини ҳақиқатан эркин ва бахтли ҳис қилиши мумкин. Етишмовчилик ҳам, ортиқчалик ҳам муқаррар эмас — уларни бошқариш инсоннинг ички дунёсига боғлиқ.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Пул етишмовчилиги руҳиятни қандай издан чиқаради?