Президент Шавкат Мирзиёев зиёлилар билан учрашувда тўйларни ихчамлаштириш борасида кўрсатмалар берди. Ўзбек халқини кўкартирмаётган тўй бир масала бўлса, жиддий эътибор қаратиш керак бўлган яна бир мавзу ана шу тўйлар, турли маросимлар ва кундалик турмушдаги ичкиликбозликдир. Пойтахт, водий тўйлари одатда ичкиликбозликдан ҳоли ўтади. Шахсан мен бунга гувоҳ бўлмаганман. Лекин бошқа жойларда, айниқса воҳада тўйга борган одам тўйлардаги ичкиликбозликни кўриб ёқа ушлаши тайин.
Текинлиги, сероблиги учунми, тўй эгасининг ҳурмати қанча ароқ қўйгани ва қанча ичилганига боғлиқ бўлиб кетганими, хуллас, ичкиликбозлик шу даражада бўладики, хурмачалар тўлиб, ёрилиб кетганига ҳам қаралмайди. Ичкиликбозлик сабаб тўй вақтида ва ундан кейинги томошаларни айтмайсизми.
Ичкиликбозликни фақатгина тўйлар билан боғлаб бўлмайди. Агар қишлоқлар, расман ҚФЙ, МФЙ деб аталадиган, хал тилида эса айтганда эса оддийгина совхоз, колхозлар, посёлкаларга борсангиз, одамлар оммавий равишда ичкиликка муккасидан кетганини кўрасиз. Қари чол-кампирлар ҳам юзини буриштирмасдан сипқоради…
Ўзбекистонда содир этилаётган жиноятлар, қотилликлар, ажрашишлар, уриш-жанжалларга ҳам асосан ичкилик сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мен Сирдарё ва Жиззахдаги икки оиланинг бузилишига ароқ сабаб бўлганига шахсан гувоҳ бўлганман. Сирдарёда ичкиликка муккасидан кетган эр бирор ишга қўл урмай қўйган. Кунда кунора қишлоқда тўй, ичишга сабаб ҳам, имконият ҳам мўл-кўл.
Пул бўлмаса ҳам қарзга ичаверади, бир шишага пул етмаса грамлаб берилади. Ўтган кетган, ошна-оғайни, таниш-билишлар “эриб” туради. Ҳеч вақо бўлмаса хотинни калтаклаб, уйига жўнатворади: “Бор, бойвачча укаларингдан пул олиб кел”, деб. Ўртага икки фарзанд борлиги, қолаверса ҳаёт, эр дегани шу эканда, деб ҳаммаёғи моматалоқ бўлсаям чидам келаётган аёлнинг ҳам сабрига чегара бор экан, ака-укаларнинг ҳам тоқати тоқ бўлиб, жиянлари отасиз ўсса ҳам соғлом муҳитда яшасин, деб ажратиб олишди.
Жиззахдаги ҳолат ҳам ачинарли. Эр шу даражада тубанлашиб кетганки, янги қурилаётган уйига деб қайноғалари келтириб берган эшик-ромларни сотиб ичиб юборган. Уй-рўзғор ҳам уларнинг зиммасида – ҳар замонда қайнона бозорлик қилиб беради. Бир сафар фойдаланиб бўлгандан кейин қўшнисиникига яшириб келаётган ярим литрча ёғни топиб олиб сотиб ичган. Шу ҳолига хотинни чалажон қилиб уради. Неча марта аразлаб уйига келди, аммо ўртада, адашмасам тўрт бола бор, ўша азобхонага қайтиб кетди. Бироқ калтаклар, разил эр ва машаққатдан иборат турмуш жондан ўтган аёл ажрашди, болаларини олиб онасиникида яшаб юрибди ҳозир…
Минг афсус, миллион афсус, бундай, бундан ҳам бадтар ҳолатлар ҳар бир қишлоқ, ҳар бир маҳаллада учраб турибди. Эркаклар ичкиликка берилиб даъюслашиб улгурди. Уларда на иймон, на номус, на масъулият бор. Каллада фақат бир фикр: бугун қандай қилиб ичсам экан?
Катталар номусини қўшиб ичворгандан кейин кичиклардан нимани кутиш мумкин? Она сути оғзидан кетмаган тирмизакларнинг пиво, арзон вино ёки ароқ ичиб юришига нима дейсиз? Хуллас, аҳвол мен тасвирлаган, сиз тасаввур қилгандан кўра оғирроқ. Нима қилиш керак?
Одамларни, айниқса алкашларни инсофга чақириш катта муаммо. Бу муаммога ислом чек қўйиши мумкин, десангиз, чекка қишлоқларда иймон-инсофга чақирадиган масжидларнинг кўпи ёпилиб кетган, одамлар дин-диёнатдан анча узоқлашган. Ароқ сотишни тақиқлаб қўйсангиз, хўкизнинг пешобини ачитиб ичишдан ҳам тоймайдиганлар топилади. Демак бу борадаги қонунларни қаттиқлаштириш, назоратни кучайтириш, чора-тадбирларни кенгайтириш керак. Масалан:
тўй-байрамларда дастурхонга қўйиладиган алкоголь ичимликларга чеклов ўрнатиш, одам бошига энг кўп меъёрларни қатъий белгилаш, ичимликлар миқдори билан биргаликда сифатига ҳам талабларни ошириш, қоидабузарларга нисбатан шафқатсиз чоралар кўриш;
қишлоқ жойларда, маҳаллалардаги кичик, яширин дўкончаларда, хонадонларда алкоголь ичимликларни ноқонуний сотаётганларга нисбатан чораларни ошириш, қонуний расталарда алкоголь маҳсулотларини қарзга бериш, грамлаб сотишга чек қўйиш, вояга етмаганларга сотишни амалда бутунлай йўқотиш;
алкоголь ичимликларидаги спирт миқдорини кескин камайтириш (худди чет элдаги каби), улар нархини янада ошириш;
алкоголь ичимликлар савдоси устидан назорат қилувчи органлар ходимларининг шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш. Қишлоқлардаги дўкону хонадонларда бекорга бемалол ароқ сотилмайди. Аксарияти солиқчиларни бизнесига кўз юмиб ўтиши учун ҳар ой яхшигина «сийлаб» туради. Эвазига солиқчи бирор текширув, рейд ўтказилса тадбиркорларни олдиндан огоҳлантиради. Қарабсизки, расталардан ароқ «йўқолади», ароқ сотиш маълум муддат тўхтатилади;
мактаб дарсликларига ичкиликбозлик, чекиш ва бошқа иллатларнинг зарари тўғрисидаги мавзуларни янада аниқроқ, янада таъсирлироқ ҳолда киритиш, ичкиликка қарши ижтимоий лойиҳалар, акцияларни айнан қишлоқ жойларда амалга ошириши, ушбу мавзудаги ижтимоий роликлар яратиб, телеканалларда бериб бориш, ичкиликнинг зарарлари тўғрисида қисқа метражли фильмлар суратга олинишини рағбатлантириш, бу бўйича танловлар ташкил этиш;
ичкиликбозликка муккасидан кетган оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, бу йўлдан қайтмаган ота-оналарни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этишгача чоралар кўриш;
ичкиликбозликка қарши кураш борасидаги қонунлар ижросини таъминлашга масъул идоралар таркибида махсус “алкоголь полиция” хизматини ташкил этиш мумкин. Дейлик, туманлараро идора масъул ходимлари жойларда қонунчилик ижроси юзасидан “овлар” ташкил этиб, спиртли ичимликларни қонунга хилоф равишда сотаётганларни, тўй-маросимларда ҳаддан зиёд кўп ароқ қўйганларни аниқлайди ва жаримага тортади. Масалан, ходимлар ўзларига бириктирилган машинада узоқни тасвирга олувчи камера билан спиртли ичимлик сотилаётгани тахмин қилаётган дўкон атрофида соқчилик қилади.
Кимдир ароқ сотиб олса, тасвирга олади ва дўкон эгасига керакли чорани кўради. Ушбу ходимларга маош ўрнига тушган пулнинг маълум қисмини бериш билан уларни рағбатлантириш мумкин. Жанубий кореялик танишим билан суҳбатда шунга ўхшаш хизматда ишлагани ҳақида айтиб берган эди. Фарқи шундаки, Кореяда ароқ сотувчилари эмас, чиқиндиларни ноқонуний ташловчиларга қарши ана шундай чора қўлланилган.
Манба: Fayzbog.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
КХДР етакчиси дронларни оммавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?