13:03 / 14.09.2017
8 851

Қаддингизни тик тутиб юришингиз учун 9 тавсия

Қаддингизни тик тутиб юришингиз учун 9 тавсия
«Ўсмир ёшидаги қизимда балоғат даврига хос ўзгаришлар кузатилаяпти. Аҳамият берсам, қаддини букчайтириб юрибди. Тик юришга ўргатолмаяпман. Нима маслаҳат берасиз?»
Муслима, Хоразм вилояти

Муаммонинг ечими ҳақида олий тоифали шифокор ортопед Бахтиёр Азимжонов тавсиялари билан танишамиз. Бу тўғрисида Darakchi.uz ёзди.

Энг оддий қоида
Умуртқа тўғри бўлиши учун гавдани тик тутишга одатланиш шарт. Тўғри, осон бўлмайди, куракларингиз оғриши, юрганда, ўтирганда ноқулайлик туғилиши мумкин. Бироқ остеохондроз ёки сколиоз орттириб олгандан кўра шуниси маъқул.

Ўтирган ҳолда

Курси таглиги юмшоқ бўлмаслиги лозим. Баландлиги эса гавдани тик тутишга мос келиши керак. Агар курси суянчиғи бўлса, умуртқанинг ўрта қисмига кичик ёстиқча жойлаб, сўнг суяниб ўтириш мумкин. Ўтирган ҳолатда оёқларни бир-бирига мунтазам чалиштириш тавсия этилмайди. Бу ҳолат тос суяги фаолиятига таъсир этади. Оёқларни елка кенглигига мос равишда, тўғри жойлатириш зарур.

Хиром айлаб юрамиз...
Қадам ташлаганда елкалар олдинга, курак хиёл эгилган, қорин ташқарига чиққан кўринишда бўлмаслиги учун тўғри ҳаракатланиш техникасини ўрганинг. Бунинг учун оёқларни ўртача катталикда очиб, қадам ташлаш мароми бир текисда бўлиши керак. Оёқ кенглигининг жуда катта бўлиши ёки майда қадам ташлаб ҳаракатланиш нотўғри. Юрганда оёқни кўтариб босиш ҳам муҳим.

Рақсми ёки спорт?
Қомат расолиги учун рақс машғулотлари билан шуғулланиш мумкин. Энг маъқули эса сузиш, конькида учиш, аэробика ва аквааэробика спорт турларидир. Тўғри, машғулотларни болаликдан бошлаган маъқул. Бироқ ўзингиз истасангиз, албатта, бунинг эрта-кечи бўлмайди.

Ортопедик тўшак
Ҳамёнингизга оғирлик қилмаса, махсус ортопедик тўшак (матрас) харид қилишингиз мумкин. Ҳозирда бу турдаги тўшакларнинг хилма-хил кўринишлари бор. Тўшак қаттиқ ва текис бўлгани дуруст. Ёстиқ бироз қаттиқ, ўртача баландликда бўлса, айни муддао. Юмшоқ кўринишдагилари эса тавсия этилмайди.

Қорин чиқиб кетадими?

Маълумотларга кўра, умуртқа букчайган ҳолатга мослашиб қолса, қорин мушаклари сустлашиб кетади. Зеро, елка текис тутилганида қорин мушаклари ўз-ўзидан ичга тортилади. Агар гавдангизни тик тутмасангиз, қоринни йўқотиш учун парҳез ушлашдан фойда йўқ.

Пойабзалга боғлиқми?
Баланд пошнали пойабзалда қоматни тик тутиш осонроқ. Чунки мувозанатни ушлаш учун истайсизми-йўқми, гавдангиз тўғри ва текис бўлиши керак. Умуртқага оғирлик тушмаслиги учун пойабзал баландлиги 4 см.дан ошмаслиги керак. Ана шунда қадам ташлаганда гавда олдинга букчайиб кетмайди. Организмда қон айланишини ҳам мувозанатда бўлади.

Ҳар кунги машқлар
Уйқудан уйғонгач, енгил жисмоний машқларни бажариб, умуртқа суякларини ҳаракатга келтиринг. Турникда тортилиш, тик турганча елкаларни ҳаракатлантириш ҳамда қўлларни бирлаштириб, гавдани хиёл ортга ташлаш машқлари мақсадга мувофиқдир.

Уддалайсиз!
Ҳар куни 1-2 соат гавдани тик тутиб юришни машқ қилинг. Машқ орасида 30-35 дақиқалик танаффус қилиш мумкин. Аммо жуда бўшашиб кетманг. Куракда оғриқ юзага келмаслиги учун елкага зўриқиш бермасликка ҳаракат қилинг. Машқни аввал 1-2 соат давомида бажаринг, сўнг ярим соатдан қўшиб боришингиз мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қаддингизни тик тутиб юришингиз учун 9 тавсия