Виржиния технология университети олимлари, ўта қайта ишланган озиқ-овқатлар орасида айрим турлари мия учун зарарли эканлигини аниқлашди. Бу ҳақда The American Journal of Clinical Nutrition журналида чоп этилган тадқиқот хабар берди.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, қайта ишланган гўшт маҳсулотлари ва шакарли алкоголсиз ичимликлар, айниқса кекса ёшдаги инсонларда бошқа озиқ-овқатлар билан таққослаганда когнитив қобилиятнинг пасайиши билан кучлироқ боғлиқ.
Етти йил давомида тадқиқотчилар 5000 дан ортиқ 55 ёшдан катта америкаликларнинг соғлиғини кузатиб, уларнинг кундалик диеталарини таҳлил қилган ва махсус тестлар орқали хотираси ҳамда фикрлаш қобилиятини синаб кўрган.
Маълум бўлишича, кунига камида бир порция қайта ишланган гўшт истеъмол қилиш хотира билан боғлиқ муаммолар хавфини 17 фоизга оширса, ҳар бир газланган ичимлик эса яна 6 фоизга таъсир қилади. Иккала озиқ-овқатни мунтазам равишда истеъмол қилганлар когнитив пасайишни сезиларли даражада тезлаштирган.
Муаллифлар таъкидлашича, ушбу озиқ-овқатлар асосий хавф омиллари бўлган, бошқа ултрақайта ишланган маҳсулотлар мияга унчалик таъсир кўрсатмаган. Олимлар қайта ишланган гўштни камроқ истеъмол қилиш, уйда пишириш ва газланган сувни оддий ичимлик суви билан алмаштиришни тавсия қиладилар. Уларнинг фикрига кўра, диетадаги оддий ўзгаришлар когнитив қобилиятнинг эрта пасайиши ва деменция ривожланиши хавфини камайтиради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!