23:26 / 16.09.2017
7 984

Омонат ғор сири (8-қисм)

Омонат ғор сири (8-қисм)
Бир маҳал юраги бўшаб, сал енгил тортгач, оғзидаги қонни тупурди. Бир қўлига таяниб, рамақижон кампирдай зўрға ўрнидан турди. Ақлини йиғиб, келган томонини чамалади-да, оёқларини судраб босиб юриб кетди.

Уфққа ёнбошлаган қуёш қонталаш тусга кириб ботиб бораётган палла. Атрофга шом қоронғиси ёйила бошлаган. Лола тўхташни хаёлига ҳам келтирмай юриб бораётир. Ёнидан ғизиллаб ўтиб турган машиналар тобора сийраклашиб қолди. Оёқлари толиқиб, томоғи қақраган қиз йўл ёқасидаги харсангга ўтириб нафасини ростламоқчи бўлди. Аммо тош аллақачон совиб қолганди, қизнинг қизиган баданига зах ўтди ва у иложсиз ўрнидан туриб ўн беш дақиқача юрди. Ғира-шира ёруғда “дала ҳовли” деган ёзув битилган устунга кўзи тушди. Лола бошқа лўли болалардан фарқли равишда тўққизинчи синфгача ўқиганди. Мактабни битиришига эса уйидагилари қўймаганди. “Пул санашни билсанг бас, етади, — дейишганди ота-онаси, — ўқиганинг билан шаҳар оберармидинг! Қайси лўли ўқиб олим бўпти? Ундан кўра, ҳозирдан эрингни боқишни ўйла. Эрга текканингда қийналиб юрмайсан…”

Ёзувни ўқиб, қиз ўзича жилмайди. “Бугун пайшанба, — ўйлади у, — ҳовлининг эгалари келмайди. Биронтасига кираман-да, қотган-қутган нон топиб қорнимни тўйғазиб оламан, кейин эрталабгача маза қилиб ухлайман”.

Муюлишдаги биринчи ҳовлига у бош суқиб қаради. Ҳовли этагида бир одам куймаланиб юрарди. Лола товуш чиқармай оҳиста қадам босиб кейинги ҳовлига яқинлашди. Атрофга қараб олди-да, одам бўйи деворга осилиб, секин мўралади. Ҳовлида чироқ ўчган, ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжит. “Шу уйга кираман” деган қарорга келди у. Тирмашиб деворга чиқишга уринди. Девор баландлик қилди. Лола қайтиб тушиб, атрофга тимирскиланиб иккита ғишт топди. Ғиштларни устма-уст тахлаб, оёғини қўйди-да, тағин деворга тирмашди. Бу сафар бир амаллаб деворга чиқиб олди ва секин сирғалиб ҳовлига тушди. Бир зум муз қотиб теваракка қулоқ тутди. Дукдуклаётган юрагининг уришидан бошқа товуш эшитилмади. Ҳовли ўртасида икки қаватли иморат қўққайиб турарди. У мушукдай майин одимлаб уйга яқинлашди. Сўнг тўхтаб орқасига ўгирилди-да, атрофга яна бир қараб олди. “Тиқ” этган товуш эшитилмасди. Кўнгли хотиржам тортиб, уй эшигини итариб кўрди. Очилмади. Хотиржамлиги ортиб, энди бемалол биринчи қаватдаги деразаларни итариб кўра бошлади. Бахтига деразалардан бири бекитилмаган экан.

Уй ичига киргач, Лола қоронғида пайпаслаб ошхонани топди. Жўмракни очиб юз-қўлини ювди. Кейин ишлаб турган музлатгични очди. Бир бўлак колбаса билан шапалоқдай пишлоқдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Қиз ютоқиб катта-катта тишлаб, аввал пишлоқни, кейин колбасани еди. Бир хаёли чироқни ёқиб, нон қидирмоқчи ҳам бўлди-ю, аммо чўчиди. Нафси қонгандай бўлиб, иккинчи қаватга кўтарилди, хоналарни бирма-бир очиб мўралади. Ҳаммаси ётоқ экан. Улардан бирига кириб, юмшоқ ўриндиққа чўзилди. Тани ҳузур туйди ва чарчоқ кучини кўрсатиб, кўзлари юмилиб-юмилиб кетаверди. Лола нималар бўлганини ўйлаб кўришга уринди, аммо чарчоқни енголмай уйқуга кетди.

Бу пайт дала ҳовли дарвозаси ёнига оппоқ “Нексия” келиб тўхтади. Ундан тушган йигирма икки ёшлардаги йигит дарвозани очди. Машина ҳовлига кириб, ундан бир қиз тўрт йигит ҳамроҳлигида тушди. Улар биринчи қаватдаги чироқларни ёқишди, йигитлар машинадан судраб туширишган қиз айюҳаннос солиб бақирар, йигитлар хохолашар, аммо юмшоқ ўриндиқда пишиллаб ухлаётган Лола булардан бехабар эди. Дарвозани очган йигит “асира”ни судраб иккинчи қаватга олиб чиқди-да, Лола ухлаётган хонани очиб, чироқни ёқди. Лола ток ургандай сесканиб уйғониб кетди. Ётоғида бемалол ястаниб ётган қизни кўриб йигитнинг кўзи косасидан чиқиб кетаёзди.

— Кимсан?! — деди у ўшқириб.

— Ўзинг кимсан? — сўради Лола ўрнидан секин тураркан.

— Бу ерда нима қилиб ётибсан?

— Санга нийма? Сотвоганмисан?

— Бу нима деганинг, бу дача меники!

— Ҳужжатинг бормий?

— Ҳозир мен сенинг кўзингга ҳужжатни кўрсатаман! — йигит ўзи судраб олиб чиққан қизнинг қўлини қўйиб юбориб, ортига қайтди.

* * *

Лазокат бўйнига чирмалган арқон билан ерда чўзилиб ётарди.

— Қизим, қизгинам!.. — Халил бойвачча унинг бошини кўтариб қучоқлади. — Нима қилиб қўйдинг?!

Қизининг нафаси бойваччанинг димоғига урилди. У қизининг бошини бироз четга сурди-да, юзига тикилиб турди. Лазокат пишиллаб нафас олар эди. “Тушунарли, — деди ичида Халил бойвачча, — ҳозир ҳаммаси яхши бўлади”. У ювиниш хонасига кириб, челакни сувга тўлдириб чиқди-да Лазокатнинг устидан сепиб юборди. Совуқ сувдан сесканиб сапчиб ўрнидан турган қиз кўзларини лўқ қилиб отасига қаради. Шундагина Халил бойвачча қизининг ички кўйлакдалигини пайқади. “Шу менинг қизимми? — деган ўй кечди отанинг хаёлидан. — Ёки Лазокат бўлиб кўринаётган бошқа қизми?..” Фавқулодда келган бу фикр киприк қоққулик фурсатда хаёлидан кўтарилди. Бойваччанинг нафрати қўзиди, бироқ бу сафар у жаҳлини боса олди ва вазминлик билан:

— Қизим, ўзини осиш ҳамманиям қўлидан келавермайди. Бунинг учун ҳам ирода керак, — деди.

Лазокат эса ҳозир отаси камарини ечиб қўлига олиб савалашини ёки тиззалаб ўтириб уввос солишини кутганди. Бироқ ўйлаганлари ўйлигича қолди.

— Нилуфар, — деди Халил бойвачча хонадан чиқаркан, — синглингга озгина таълим берсанг бўлмасмиди, қизим?

Катта қизи бошини эгиб отасига йўл бўшатгандай ўзини четга олди.

Бундай ҳолатида, одатда, бойвачча хотинини аяб ўтирмас, хумордан чиққунча тепкиларди. Лекин ҳозир индамади. Фақат ёнидан ўтаётиб:

— Сен ҳам хотинмисан! — деди мулойим оҳангда.

Зарба қизга ҳам, хотинга ҳам бир хил — юмшоққина, бироқ жон жойига берилди. Нишон жуда аниқ олинганди. Лазокат Нилуфарнинг дашномларини деярли эшитмади. Мўътабархоннинг кўнглидан “Ўлдирсангиз рози эдим”, деган ўй кечди. Аммо қизу онанинг иззаси икки дақиқадан кўпга чўзилмади — улар яна ўз асл ҳолларига қайтишди.

Қора “Мерс”ига ўтирган Халил бойвачча машинани ўт олдириб, қўл телефонда рақам терди. Негадир кулгиси қистаб, пиқиллади.

— Алло, — деди у гўшак кўтарилганини эшитиб, — намунча кўтаришинг қийин!

— Ошхонадайдим, — деган нозик овоз эшитилди, — сиз учун пирог пишираётгандим.

— Ундан кўра заҳар тайёрласанг бўларди, — кесатди бойвачча.

— Вой, нага унақа дейсиз? Сиз менинг новвотимсиз-ку-у-у…

— Эринг-чи? У шикалатми?

— Қўйинг ўшани, — деди аёл нозли товушда, — эслатманг. Ҳозиргина эсимдан чиқаргандим.

— Унгача тинмай эслаётганмидинг?

— Намунча унақа қиловрасиз! — бу сафар жувоннинг товуши пўписа қилаётгандай чиқди. — Кўзим тўрт бўлиб кутиб ўтирсам-у, гапираётган гапингизга қаранг!

— Бўпти, — деди Халил бойвачча, — майда-чуйдангни тайёрлаб қўй, бир дам олайлик.

— Хўп бўлади.

Халил бойвачча бу жувонни олти йил бурун йўлда учратиб қолиб танишганди. Ўша пайтлари, гарчи ўзига тўқ бўлса-да, ҳали Халил бойваччага айланмаганди. Ҳартугул тагида минса биров кулмайдиган машинаси, отасидан мерос қолган ҳовлиси бор эди. Бир куни машинада кетаётиб, йўл четида турган бежиримгина кийинган, кичкина сумка кўтариб олган жувонга кўзи тушди. Ёмғир севалаб турар, жувоннинг эса соябони йўқ эди. Унга Халилнинг ичи ачиди, машинасини тўхтатиб, борар манзилини сўради. Ёмғирда ивиб, совуқдан қўли, юзлари қизариб кетган жувон лип этиб машинага ўтириб олди-да, кейин қаерда яшашини айтди. Унинг қилиғи Халилга ёқмади, аммо жувоннинг мулойим овози уни ўзига ром этди. Йўл-йўлакай жувоннинг исми Нигора эканини, турмушга чиққанига бир йил бўлганини, лекин ҳали боласи йўқлигини билиб олди.

Эртасига улар худди ўша — Нигора ёмғирда ивиб турган жойда яна “тасодифан” дуч келишди. Кейин яна ва яна… Шу тариқа Нигора Халилнинг жазманига айланди. Олти йилда жувон иккита фарзанд кўрди, улар Халилданми ёки эриданми, буни унинг ўзи ҳам билмасди. Аксига олиб на ўғли, на қизи эрига ҳам, жазманига ҳам ўхшамасди. Шунга қарамай, Нигора болаларини Халил келганида унга, эри билан гурунглашганда эса эрига ўхшаш томонларини истаганча топарди.

Халил иккинчи қаватга кўтарилди. Ўзи кирадиган хонадоннинг эшиги қия очиқлигини кўриб тиржайди. Бу фақат Халил билан Нигорага маълум белги бўлиб, унинг тагида: “Тезроқ киринг, қўшнилар кўриб қолмасин”, деган маъно бор эди. Нигора: “Агар эшигим очиқ бўлса, “лип” этиб киринг, тағин ғийбатчиларнинг тилига тушиб қолмайлик”, деб тайинлаб қўйганди.

Бойвачча бўсағадан ичкарига ҳатлаб, эшикни ёпди. Шу пайт рўпарасида ёши ўттизни қоралаб қолган эса-да, худди ўн саккиз ёшли қиздай пардоз-андоз қилган гўзал Нигора пайдо бўлди. Жувон эркакнинг бўйнидан оҳиста қучиб, лабидан бўса олди ва уни меҳмонхонага бошлади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Кейинги қисмларни яқин соатларда ўқийсиз)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Омонат ғор сири (8-қисм)