17:29 / 20.12.2017
14 204

Чинакам бахтни ҳис қилишингиз учун муҳим бўлган 3 амал

Чинакам бахтни ҳис қилишингиз учун муҳим бўлган 3 амал
Бахтли бўлиш барчамизнинг ҳаётдаги мақсадимиз. Бахтиёрликка интилиш қанчалик худбинлик бўлиб кўринмасин, ҳар бир инсон бахтга муносиб. Кўпчилик бахт, бу – хоҳлаганимизга эришиш ва эҳтиёжларимизни қондириш, деб ҳисоблар экан. Аммо изланишлар чинакам бахтиёрлик ҳисси инсонда ниманидир олиш билан эмас, бошқаларга бериш билан туғилишини кўрсатмоқда. Шу сабабли ҳам, яхшилик ва бахтиёрлик бир-бирига узвий бўлиб, яхшилик қилувчи одамлар бошқалардан кўра ўзларини кўпроқ бахтли ҳис қилар эканлар.
Руҳшунослар инсонга ўзини бахтиёр ҳис қилишига ёрдам берадиган бирламчи омилларни аниқладилар. Яъни, булар – бошқаларга яхшилик қилиш, яхши хотираларни ёзиб бориш ва яхши инсонлар даврасида бўлиш.

Яхшилик қилиш

Буддизм эътиқодига тегишли ўгитларда шундай ҳикмат бор: «Биргина қандил орқали минглаб қандилларга чароғонлик улашиш мумкин. Бу билан ўша қандилнинг умри қисқариб қолмайди. Бахтиёрлик ҳам шундай: улашилгани билан тугаб қолмайди.»
Бошқаларга яхшилик қилиш амали инсоннинг ўз оиласидан бошланади, албатта. Ота-онасига, турмуш ўртоғи ёки фарзандларига яхшилик раво кўрган инсонгина бегоналарга чин дилдан яхшилик қилиш мумкин.

Бахт роҳат ёки ҳузур билан ўлчанмайди. Унинг кўлами ёки даражаси жисмоний таъсирдан юқори туради. Яъни, музқаймоқ ейиш танага ҳузур бериш мумкин, аммо инсоннинг бахтиёрлигини оширмайди. Аксинча, музқаймоқни уни сотиб олишга қурби етмайдиган инсонга олиб бериш инсон танасига бахтнинг чинакам ҳузурини ҳадя эта олади.

Бошқаларнинг кимгадир қилган яхшилигини, дейлик кимнингдир кекса инсоннинг оғирини енгил қилишини кўриш, ночорларга хайр-саховат қилишини кузатиш ҳам ҳаттоки инсондан чуқур ички бахтиёрликнинг ошишига сабаб бўлар экан. Буни руҳшунослар «ҳиссий юксалиш» деб атайдилар. Бундай вазиятда инсоннинг инсонларга бўлган ишончи ортиб, ўзини ҳимояланган ҳис қилар экан.

Инсонларни бахтиёр лаҳзаларини кўриш, табиатга, жонзодларга яхшилик қилиш ҳам инсон бахтини илҳомлантирар экан. Америкалик жамоат арбоби Элеонора Рузвельтнинг фикрича, чин бахтиёрликни бошқаларга бахт улашиб ҳис қилиш мумкин. Ўз навбатида, кимдандир яхшилик кўрган инсон ўзини бошқаларга яхшилик қилишга масъул ҳисоблай бошлайди ва бу яхшиликнинг занжир сифатида боғланиб, яшовчанлигини таъминлайди.

Хотираларни қайд этиб бориш
Руҳий тадқиқотлар инсон бирор қийин вазиятга тушганида уни ёзиши кераклиги, қийин вазиятни ўз-ўзига баён қилиши фойдали экани, бу унга оғир вазиятдан чиқиб кетишига руҳий кўмак беришини кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, бахтли лаҳзаларни ҳам қайд этиш инсоннинг бахтиёрлигини оширар экан.

Бугун смартфонлар ёрдамида тасвир ва суратлар оламиз. Бахтли дамларни бир муддатга муҳрлашга имконимиз бор. Аммо бахтиёр дамларни қоғозга туширишнинг гашти ундан ҳам юқори бўлар экан.
Шу сабабли ҳам, адабиёт одамлари узоқ йиллар бахтли ва соғлом ҳаёт кечиришар экан. Яъни, улар ёзаётган асарларида аксарият қаҳрамон ва сюжетларни ўз ҳаётларидан оладилар. Йиллар ўтиб, у асарни қўлга олганларида эса, ўзларининг залворли умрларини эслайдилар, бахтиёрлик ҳиссидан завқланадилар.

Яхши инсонлар даврасида бўлиш
Баъзан бахтиёрлигинг боис табассум қиласан. Баъзида эса табассум қилганинг боис бахтиёрсан, дейишган донолар. Руҳшунослар бахт ҳиссининг «юқумли» бўлишини айтишади. Бахт ҳисси инсонлан инсонга юқади.
Ён-атрофида яхши инсонлар кўп бўлган, бу давраларга тез-тез қўишиб турадиган кишилар ҳаётнинг ҳар лаҳзасини севиш, шукр қилиш ҳамда бағрикенг бўлиб яшашга ҳаракат қиладилар.

Агар сизда сизга ижобий кайфият улаша оладиган дўстларингиз бўлса, улар учун кўпроқ вақт ажратинг.
Гарвард университети руҳшуносларининг фикрича, инсонлар машаққатли ҳаёти ва бахтга эришувига бағишланган мазмунли фильмлар томоша қилиш ҳам инсоннинг ички бахтиёрлигини оширар экан.

Дунёда на бахтиёрлик, на азобланиш деган нарса йўқ. Инсоннинг бир ҳолатини иккинчи ҳолатига қиёслаш бор холос. Энг чиройли бахтни энг оғир азобни бошдан кечирганлар ҳис қилишади. Ҳаётнинг нақадар гўзаллигини билиш учун ўлиб кўриш лозим, деган экан атоқли адиб Александр Дюма.

Манбa: sof.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Чинакам бахтни ҳис қилишингиз учун муҳим бўлган 3 амал