— Ука, Худо сизга сабр берсин, шифо берсин, бардам бўлинг!
Кечадан бери энди кўзларини очган Нурбек шифокорнинг гаплари айқаш-уйқаш бўлса-да, алланималарни илғагандек бўлди.
— Болам қани, хотиним қани? — деди аранг.
— Болангиз ҳозир анча яхши, фақат…
— Нима фақат?
Шифокор у ёғини гапиролмади, тилига оғир келди. Кейинчалик маълум бўлдики, хотини омонатини топширган экан. «Ўғлингиз анча яхши» дегани «Энди юролмайди, аравага михланиб қолади», дегани экан.
* * *
Нурбек қайта уйланмади. «Болам ўгай она қўлида қолмасин», деди. «Бирда билишим, бирда билмаслигим мумкин. Ўгай, барибир, ўгайлигини қилиши мумкин», деди. Хуллас, уни уйлантиришнинг иложи бўлмади.
Қишлоқ одатларига мувофиқ, бир куни уникига қўни-қўшнилар оқсоқолнинг раҳнамолигида кириб келишди.
— Бандасига ёзилган бу, Нурбек, чидаймиз. Аммо бутун умр аза тутиб ўтолмайсиз-ку. Ўзингизни ўйламасангиз ҳам болангизни ўйланг. Ўн яшар бола… — деди оқсоқол.
— Ўн бир, — қайсарлик қилди Нурбек.
— Сен бизга ўйин қиляпсан, Нурбек. Аммо ҳаётни ўйин билма! Кўзингни каттароқ оч!
— Уйланмайман! — кўкрагига муштлади Нурбек. — Уйланмайман!
— Ака, — деди ҳатто оқсоқолдан ҳам наф чиқмагандан сўнг Нурбекнинг укаси гапга аралашиб, — келинойимнинг вафотига ҳам бир йилдан ошди. Уйлансангиз бўлади…
— Нима?! — укасининг ёқасидан олди ака. — Ҳали сен шунинг учун пайсалга соляпти деб ўйлаганмидинг?! Энди хафа бўлсанг ҳам ҳақиқатни айтай, мен ўғлимни ўгай онага турткилатиб улғайтирмайман.
Нурбек ўрнидан туриб, кетмонни деворга суяб қўйди. Йиғилганларда бошқа гапга ҳожат қолмади ва секин тарқала бошлашди.
Нурбекнинг хавотирларида асос бор эди. Тўрт йил муқаддам келини оғир хасталикдан вафот этганди. Ўшанда ҳам қўни-қўшни, қариндош-уруғ ўртага тушиб укасини қайта уйлантиришди. Аммо гўдакка кўкрак бермаган аёлнинг болага меҳри бўлмайди, деганлари рост чиқди. Ўгай она укасининг ўғлига, Элмуродга оналик қилмади, меҳр бермади. У Элмуродни турткилагани турткилаган эди. Укаси уззукун ишда бўлгани боис уйда бўлаётган воқеалар борасида билганидан билмагани кўп эди. Ўгай она ҳатто қайнонасини ҳам писанд қилмади. Инобат холага қовоқ очмас, гапига қулоқ осмасди. Камситгани камситган, ўкситгани ўкситган эди.
Нурбек укаси Элбек билан ёнма-ён иккита ҳовлиларда яшашса-да, аммо меҳр-оқибатга сояси тушмасин, деб ўртадаги деворни олиб ташлашган эди. Шунинг учун у ёқда нима бўлаётгани бу ёққа, бу ёқда нима бўлаётгани у ёққа сир эмасди. Шаҳарнинг уйларига ўхшаб бу ерда йўталсанг, у ерга эшитилиб турарди. Шунинг учун ҳаммасини кўриб-билиб, ҳис этарди Нурбек. Аммо кўриш-билиш етарли эмасди. Нурбек уларнинг оиласига аралашолмас, орияти йўл қўймай, доим истиҳола қилиб юрарди. Унинг қўлидан келгани фақат ўгай она ёки келин дастидан онасини қутқаргани, ҳар хил баҳоналар топиб ўзининг ҳовлисига кўчириб ўтгани бўлди.
Бугун бўлса… Бир пайтлари укасининг бошига тушган савдо ўзининг бошига тушиб турибди. Наҳотки, уни ҳам жонидан тўйдириб, сўнг, барибир, уйлантиришса. Наҳотки?! У Элмурод кўрган кунлар Дилмуроднинг ҳам бошига тушишига жим қараб туролмасди, ана шундан ҳайиқаётганди.
У уйланиш ҳақидаги қийин-қистовларни пайсалга солиб юраверди. Ўзи сигир соғиб, ўзи супур-сидир қилди. Ўзи овқат қилиб, ўзи идиш-товоқларни ювди. Боласига ўзи бор меҳрини бериб, ўзи ювиб-тараб, ўзи кийинтирди. Соғлиғи нуқул панд беришига қарамай, Инобат хола ўғли ва набирасига мадад бўлиб турди. Ҳаш-паш дегунча тағин икки йил ўтиб кетди. Шунча вақт ўтган бўлишига қарамай, Инобат хола набирасининг тушкун ҳолатидан сиқилар, ич-ичидан унга ачиниб кетарди. Шўрлик, муштдеккина болани у томондан онасидан жудо қолгани, бу томондан эса ногиронлар аравачасида бир умр қолиб кетиши хавфи эзар, бояқиш кундан кунга ранги сўлғинлашиб, умидсизликка тушиб қолаётгандек эди. Хуллас, Дилмурод ўзини, бошқалар эса уни ўйлаб борган сари ўзини олдириб қўйишаётганди, токи…
Дилмурод учун энага ёлланди. Хадича исмли аёл ҳар куни уникига келиб, хизматини қилар, дарс ўтар, қўлидан келганича кўмак берарди. Дилмурод дарсларни яхши ўзлаштирди. Борган сари ўқишга ихлос қўйиб, саводи оша бошлади. Кейинчалик Хадичанинг Дилмуродга меҳри тушиб қолди. Эндиликда у асосий вақтини Дилмурод билан ўтказадиган бўлди. Уни тез-тез шифокор дугонасининг ёнига олиб бориб, маслаҳатлар, кўрсатмалар оларди. Бора-бора одамлар умуман Дилмуродни Хадичасиз кўрмай қўйишди. Қачон ва қаерда бўлишмасин, Хадича Дилмуроднинг аравасини итариб юрар, ёнидан бир қадам ҳам жилмасди. Ҳатто дам олиш кунлари ҳам Дилмуродддан бир ёш катта бўлган қизи Муниса билан уларникига келар, Муниса билан Дилмурод апоқ-чапоқ бўлиб кетишганди.
Уйдаги бундай меҳр-оқибатни кўриб, Нурбекнинг биттадан армонлари ўла бошлади. У яна шодлик осмонида парвоз эта бошлади.
Инобат хола набирасининг юзига ранг, кўзига нур қайтганидан, ҳар кунги хуш кайфиятидан хурсанд бўлиб юрган кезлари бирдан миясига бир фикр келиб қолди. Қўшни аёллар ёрдамида Хадичани суриштира бошлади. Эрининг вафотидан сўнг қайнукалари акасининг ҳовлисига эга чиқиб, уни ота уйига жўнатиб юборишган. Кекса ота-онаси ва 12 ёшга тўлган Мунисасидан бўлак ҳеч кими йўқ, аммо оқила бир аёл экан. Инобат хола Хадичани келин қилишни дилига тугиб қўйди.
Бир куни кўчада қўшнилар билан гаплашиб ўтирган Инобат холанинг кўзи бехосдан Дилмуродга тушди. У гужум остига ўрнатилган аравачада китоб очиб ўтирар, аммо, аслида, китоб ўқимаётганди. Кўз қири кўчадаги болаларда эди. Қайсидир она ўғли билан бозордан қайтяпти, яна бири қизчасини боғчадан олиб келяпти. Инобат холанинг дили хуфтон бўлиб, руҳи чўкиб қолди. Кечқурун ўғли ишдан келганида унинг яна уйланиши ҳақида оғиз очди. Бу ҳақда эшитиши билан Нурбекнинг авзойи бузилди.
— Керакмас, уйланмайман, — деди гапни чўрт кесиб.
— Сенга хотин керак бўлмаса, менга келин керак. Сенга хотин керак бўлмаса, Дилмуродга она керак. Уйланасан, вассалом.
— Эна…
— Эна дема, сенга эна ҳам керакмас!
Инобат хола ёстиқни ўғли томон итарди-да, ўрнидан турди.
Бир куни Нурбек тоққа, оилавий дам олишга чиқиш ҳақида гап очиб қолди.
— Майли, — деди Инобат хола.
Эртасига Хадичага хабар жўнатди. «Набирагинамга масъулсиз, албатта, боришингизни истайман, буйруқ бу», дея зўрлаб уни ҳам олиб кетадиган бўлди.
Дам олиш маскани. Бутун теварак кафтдек кўринади. Ям-яшил ўтлоқлар, чўнқайиб ўтирган одамга ўхшаш виқорли тоғлар…
Хадича билан Инобат хола дас-турхонга тайёргарлик кўраётган, Нурбек шу ердаги бошқа меҳмонлар билан отамлашиб ўтирган маҳал Дилмурод билан Муниса тоғ ёнбағирларини томоша қилиш учун кетишди. Буни Дилмурод истади. У бир ярим йилдан бери уйида бўлиб келаётган қийин-қистовларга, эртанги кунга бўлган гумонларини ойдинлатиб олишни ният қилганди. Шундоқ адирликка кўтарилишганида айнан анчадан бери кўнглини сиқувга олиб юрган саволга жавоб топиш учун биринчи ва охирги қадамни қўйди. Ягона қадам…
Мунисанинг бидир-бидир гапираётгани Дилмуродга қўл келди. Ўзи билан ўзи овора эканидан фойдаланиб, қизни чалғитди. Аравачасини қиялик томон буриб, тугмани босди. Аравача пастга қараб ўқдек отила бошлади. Дилмуроднинг овози чиқмай қолганига ажабланган Муниса ёнига қаради-ю, қияликдан пастга шўнғиб бораётган ногиронлар аравачасини ва ёрдам сўраб бақираётган Дилмуродни кўрди. Сўнг ўзини пастга қараб отди. Югурди, югураверди… Оёғидаги пойабзали ечилиб кетганида ҳам, ердаги ҳар хил нарсалар оёғига санчилиб қоната бошлаганида ҳам, йиқилиб тушиб тиззаси зирқирай бошлаганида ҳам, юз-кўзини, елкаларини йўл-йўлакай шох-шаббалар, буталар тимдалаб ташлаганида ҳам, ҳансираб қолганида ҳам югураверди. Аммо фойдаси бўлмади, барибир. Муниса қоқилиб тушганидан сўнг йиқилган жойидан бошини кўтариб Дилмурод томонга қаради. Арава жарликка етай-етай деганда тўхтаганини кўриб, чуқур нафас олиб қўйди. Кейин сакраб ўрнидан турди-ю, Дилмуроднинг ёнига қараб чопди.
Зум ўтмай Нурбек бир неча ҳамроҳлари билан етиб келди ва келибоқ ўғлини қучоқлаб олди.
— Яхшимисан, ўғлим, ҳеч қаеринг лат емадими? Ҳеч қаеринг оғримаяптими, қўрқиб кетмадингми?
— Тинчланинг, дада, ҳаммаси яхши, — деди Дилмурод ишша-йиб.
— Болажоним…
Нурбек ўғлини тағин қучоқлаб олди.
— Аравани қандай тўхтатганингни айтиб бер!
Ҳамма овоз келган томонга қаради. Кўпчиликнинг ортида, шилиниб, қонаб кетган бармоғини шимиб турган Муниса Дилмуродга қараб турарди. Ҳеч ким ҳеч нарсани тушунмади. Буни сезган Муниса Нурбекка ўгирилди:
— У жарликка етай-етай деганида аравани ўзи тўхтатди, амаки. Шундоқ оёғини кўтарди-ю, ерга тираб, аравани тўхтатди. Мен кўрдим!
Нурбек ҳам, бошқалар ҳам ҳангу манг бўлиб, анграйганча энди Дилмуродга қарашди. Дилмурод ўнғайсизланди. Ўзини айб-дор ҳис этиб, бошини қуйи солди. Бир муддат шу алфозда ўтиргач, қаддини тиклади. Шартта оёғини ерга олиб, ўрнидан тура бошлади.
— Ие… Секин, секин, эҳтиёт бўл!
Нурбек шоша-пиша ўғли томон эгилди. У Дилмурод ҳозир йиқилиб тушади, деб ўйлаб, уни суяб қолмоқчи эди. Аммо Дилмурод йиқилмади, аксинча, хотиржам тик оёқда тургач, дадасига юзланди:
— Юра бошлаганимга икки ойча бўлиб қолди, дада.
— Нима?!
Нурбек ўғлининг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмасди.
— Нега айтмадинг шу пайтгача? — дея олди у аранг.
Дилмурод бир ютиниб олди-да, қилмишини оқлашга тушди:
— Доим уйдаги жанжаллардан, амаким билан бувимнинг насиҳатларидан сўнг сиз қандай қарорга келишингиз ҳақида ўйлардим. Агар ўгай она деганлар Муҳиддиннинг ёки Элмуроднинг онасига ўхшаган бўлса, ҳеч қачон онам бўлмасин, деб ўйлардим. Сиз уйга она олиб келсангиз, мени ҳозиргидек яхши кўрмай қўясиз, мендан узоқлашиб кетасиз, деб ўйлагандим. Кечиринг, дада!
Нурбек фарзандининг ички дунёсини, нималарни ҳис этаётганию нималарни ўйлаётганини тўлиқ тушунди. Тиззаси билан ўтириб олиб, ўғлининг елкаларидан тутди-да, ўзига қаратди.
— Сени хафа қилдириб қўярканманми, болам? — деди тили базўр айланиб. — Сени ҳеч кимга хўрлатиб қўймайман. Ахир ҳаммасига айтганман-ку мен уйланмайман, деб.
— Йўқ, йўқ, сиз мени тушунмаяпсиз, дада, — норози бўлди Дилмурод. — Хадича холам жуда яхши аёл. Айнан холамнинг уринишлари билан мана бугун қаршингизда тик турибман-ку. Қолаверса, энди синглим ҳам бўлади. Менга доим меҳрибонлик қиладиган синглим.
Нурбек Мунисага қаради. Унинг кўз олдида боягина Мунисанинг жон бериб бақирганлари, Дилмуродни асраш учун ҳар нега тайёр экани худди кино тасмасидек ўта бошлаганди…
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда