Ҳаётда турли тасодифларга дуч келамиз ва ҳар гал ўша тасодиф воқеалардан ўзимизга сабоқ оламиз. Аслида бу воқеага анча вақт бўлди. Эсимда, ўша куни ишхонамдан хизмат сафари билан узоқроқ туманга боришим лозим эди. Ҳозирги кунда транспорт воситалари муаммо эмас. Автобусга ўтирар эканман, ҳамроҳим кекса киши эканлигидан хурсанд бўлдим. Негаки, табаррук нуроний кишилардан ҳаёт аталмиш “дарсни” ўрганиш мумкин. Саксон ёшлардан ошган бобонинг юзидан нур ёғилиб турарди. Унга салом берар эканман, отамни жуда соғинганимни юракдан ҳис қилдим.
Автобус йўлга чиқди, йўловчилар ўз хаёллари билан банд, кимдир уяли телефони билан банд, кимдир ухлаш билан овора, кимдир эса ҳамроҳига ҳаёт ташвишларидан сўзлайди. Отахон ойна тарафга қараб, мунгли ҳолда ўтирарди. Ногоҳ оғир хўрсинганини сездим.
– Бобо, сизни бирон нарса безовта қилмаяптими? – деб сўрадим.
Отахон ўгирилганда кўзлари нам эканлигини пайқадим.
– Йўқ қизим яхшиман, фақат дилим ранжиди, келинимдан ранжидим – деди. Ҳаммамизда очкўзлик бор, кимдир бу хислатни очиқ ошкор этса, кимдир яширишга ҳаракат қилади. Набираларимни жудаям соғингандим, улар учун икки қути узум олиб келавердим. Ўғлим шаҳарда яшайди. Яхши жойда ишлайди, лавозими ҳам яхши. Қишлоққа боришга вақти бўлмайди, шунинг учун болалари мевага тўйсин дегандим-да. Саҳарлаб йўлга чиқдим. Невараларимни кўришни, дийдорига тўйиб олишни истагандим. Ўғлим ишга отланаётган экан, бироз ўтиргач, ишга кечигаётганлигини айтиб, узрини билдирди. Набираларимнинг хархашаларига қарамай келиним уларни боғчасига кузатди. Бор-йўғи ярим соатгина улар билан бирга бўлдим, қизим. Кейин келиним томонидан “тергов” бошланди. Кулмагин-у, ҳозир қайнотани келинлар “тергов” қиладиган замон бўлди, қизим. Ўғлим икки нафар, бири қишлоқда мен билан яшайди, кичигим ҳам шаҳарга келишни хоҳлайди-ю, мен билан раҳматли онасини кўзи қиймайди. Кичик ўғлимни уйлантиргач, катта ўғлимни оиласини алоҳида қилдик. Аслида бугунги машмаша қайнота билан келиннинг ўртасида муаммо туғдирадиган нарса эмас. Икки йил олдин ўғлимга янги туғилган бузоқни тортиқ қилгандим, яқинда бироз пулга муҳтож бўлдик, шу туфайли бузоқни сотдик. Ака-ука келишиб олар деб ўйлагандим. Афсус, келиним: “Нима ҳаққингиз бор бузоқни сотишга, кимдан сўрадингиз”, дея бақира кетди. Келинимнинг бу қўпол муносабатидан кўнглим ўксиди, қизим. Ота-она фарзандини катта қилар экан, ҳеч қачон ҳақ учун вояга етказмайди. Авлодимни давомчиси бўлсин, менинг яхши ишларимни давом эттирсин, юртнинг корига ярасин, деган орзу билан улғайтиради. Негадир, кейинги пайтда кўп йиғлайдиган бўлиб қолдим. Яқинда энг яқин одамларимни кампиримни, қизимни тупроққа қўйдим. Одам ўз тенқурларинг билан яшаса ҳаёт қизиқ экан. Улар билан орзу-ҳавас қиласан, фикри-хаёлингни ўртоқлашасан. Тенгқурларим кундан-кун камайиб бораяпти. Шундай бўлгач, ҳаётга қизиқишинг ҳам камайиб бораверар экан. Одамлар тириклигида қадрига етиш керак, қизим…
Автобус манзилга етиб келгач, йўловчилар ўз йўлига қараб шошилиб тарқалди. Бобо фарзандларимга яхшилик тилаб хайрлашди.
Негадир ҳар гал отахон билан бўлган ушбу воқеани эсласам, унинг гаплари ёдимга тушаверади ва шунда ўз-ўзимни чексиз саволларга кўмиб, ўйга толаман.
Азиз одамлар, ёнимиздаги инсонларга хоҳ у қариндошимиз, танишимиз, ёки дўстимиз бўлиши мумкин, ёки умуман бегона, балки уларга моддий жиҳатдан ёрдам беришга қурбимиз етмас, лекин яқинларимиздан лоақал меҳримизни, ширин сўзимизни, яхшилигимизни қизғанмасликка ҳаракат қилайлик. Зеро, бу ўткинчи дунёда инсондан фақат яхшилик қолади.
Ўғилой ТИРКАШЕВА
Манба: mulohaza.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»