
Шахмат оламини яқиндан кузатиб борувчи машҳур “2700chess” портали ўтган ҳафта Лондонда ўтган “London Chess Classic” мусобақасидаги Нодирбек Абдусатторовнинг ўйинига алоҳида эътибор қаратди. Портал таҳлилчилари ёзганига кўра, ўзбек суперталантининг ушбу турнирдаги чиқиши уларни жиддий ҳайратга солган ва жорий рейтингларда янги тарихий кўрсаткичлар қайд этилишига сабаб бўлган.
“2700chess” экспертлари замонавий шахмат тарихидаги энг юқори индивидуал перфоманслар рўйхатини янгилади ва бу борада Абдусатторовнинг ўсишини алоҳида қайд этди. Ушбу Топ-10 рўйхатда Каруана, Фишер, Карлсен каби жаҳон афсоналари қаторида ўз исмини кўрсатиб туриши Нодирбекнинг қай даражада элита сафида мустаҳкам ўрин эгаллаётганини яна бир бор исботлади.

Аналитиклар фикрича, Лондондаги мусобақада Нодирбекнинг ўйин услуби, айниқса босим юқори бўлган партиялардаги руҳий барқарорлиги ва мураккаб позицияларни аъло даражада ҳал этиши — унинг тез ўсиб бораётган маҳоратини яққол кўрсатди. Хал қилувчи ўйинлардаги тайёргарлик, стратегик фикрлаш ва ҳимоядан ҳужумга ўтишдаги тезкорлик эса унга ўзига хос шахмат тилини беришда давом этмоқда.
Портал шуни ҳам таъкидладики, Абдусатторовнинг ҳозирги формаси уни ҳеч иккиланмасдан жаҳоннинг энг кучли гроссмейстерлари қаторига қўшади. Унинг натижалари нафақат ўзи учун, балки ўзбек шахмати учун ҳам янги босқични англатади.
Лондон мусобақаси Нодирбекнинг навбатдаги йирик қадами бўлиб, шахмат жамоатчилиги энди ундан келгуси мусобақаларда ҳам янада юқори мақсадларга интилган ҳолда ҳаракат қилишини кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.