00:16 / 04.04.2018
5 943

Бахтнинг кўз ёшлари

Бахтнинг кўз ёшлари
— Сувонқулнинг ўғли ҳарбийдан келибди, эшитган бўлсангиз, чиқарсиз!..

— Сувонқулнинг ўғли ҳарбийдан келибди, кўнчи, — деди Норбўта кўнчининг хотини Пардатош кўнхона тирқишидан бош суқиб. — Бир вақт топиб, ўтиб келарсиз…

Ичкарида манглайидан тортиб, почаси шимарилган болдирларигача қора терга ботиб, тери ийлаб ўтирган Норбўта офтобда қуриган қўй терисидай буришиб, тиришиб кетган юзини бужмайтирди.

— Ўзлари-чи, ўзлари? — деди шаъмаси ичидан сутдек тошиб. — Мен баҳона дийдор ғанимат-а, ўртада хотин-халажларнинг фисқу фасод, ғийбатлари бор. Шулардан қуруқ қолмай депсиз-да, хотин акаси?!

Норбўта кўнчининг бир ёввойи феъли бор. Уям бўлса, ҳаммани судхўрга чиқариши… Судхўр деганимни ортиқча тушунмасликни сўрайман. Айтаётганим шуки, Норбўта кўнчи биров унга ёрдам берса ҳам, ёрдам бермаса ҳам: «Ўзингга фойда бўлсин дебсан-да, ошна!» деган гинахонликни тилидан аритмайдиган касал эчкидай эзма одам!

— Йўғ-а, буни қара-я! — деб Пардатош аламидан шанғиллаб кўнхонадан узоқлаша бошлади. — Бу кишимга гапирсанг ҳам, гапирмасанг ҳам балога қоласан, эй, Тангрим, шу бандангнинг лойини қориётганингда инсоф деган нарсадан бир чимдим кўпроқ қўшиб юборсанг, нима бўларди-я?!

Норбўта кўнчи исқирт ҳужрасида шанғиллаб қолди. Хотини Пардатош ич-таш аралаш пандавақи эрини қарғаганча тандирхонасига кириб кетди. Уларни тор ҳовли айвонида намчил кўрпаларнинг сиртига қуруқ кул ташлаб турган қизи Гулмира зимдан кузатиб, қошида пайдар-пай чириллаб, ғингшиб турган укаларининг кетини чимчилаб, ота-онасининг гапларини эшитишга тиришарди.

Одамнинг ҳар нарса бўлгани яхши экан. Гулмира энди ўн тўққизга кириб юзи наҳор шуъласи каби тиниқлашиб қолган хушсурат қиз. Қизиқ, бу қиз на онасига тортган, на отасига! Шундай чиройли, шундай лобар… Буни Норбўтанинг ўзи ҳам билади. Ҳатто хотини Пардатошни ўртага олган пайтлари ҳам бўлган. Ҳа!

Лекин кўнчи тушмагур ҳар нарса бўлса ҳам болаларини яхши кўради. Ўзиям аёлманд. Айниқса, тўнғичи Гулмирани еру кўкка инонмайди. У зимдан ўртага одам қўйиб, казо-казолар шу қизини сўратиб юрганини ҳам билади. Шунданми, тунлари шифтга термилиб, ўзидан-ўзи хотинига: «Хотин, шу қизинг Гулмира жа кўзга яқин бўлиб қолди. Тергаб-тергаб тур. Қиз бола, гап-сўзга йўлиқмасин. Эҳ, ҳали бу қизинг пешонамизни ярқиратади. Мана, кўрасан!» дейди.

Шунақа. Эҳҳҳ, гапирсак гап кўп…

Бу пайт ҳовлининг бир бурчидаги қути ўчган дарбоза ожиз туртила бошлади. Гулмира айвондан туриб, дарвозани ким чертаётганини фаҳмлаган бўлди. Дугонаси Азиза-да, қурғур мужда келтирган. Ҳа, Гулмирадан суюнчи олгани келган. Гулмира беданадай пилдираб дарвоза томон зинғиллади. Бу маҳал Пардатош тандир оғзидан чиқаётган қора қуюн ичида кух-кух йўталиб, косов билан тандирнинг тагини кавлар, ўлгур ҳадеганда ўт олмасди. Норбўта кўнчи ўзининг ҳужрасида сассиз банд эди.

— Ким у? — деди Гулмира ичи қизиб.

— Менман, Гулигинам! — деган овоз келди дарвоза ортидан. — Нима, мендан бошқа сени йўқлаб келадиган борми бу қишлоқда?!

Дарвозанинг темир қулфи шиқирлаб очилди. Қопқа ортидан сариққина, бошига яшил дурра танғиб, мовий кўзларига сурма чаплаб олган Азиза липпа ичкарига отилди.

— Суюнчи бер, Гулигинам! — деди у ва шўхлик аралаш Гулмиранинг хипча белидан қучди.

Гулмира:

— Вой, уятсиз қиз, торт қўлингни! — деб ўзини дугонасидан қочирди. — Сен айтмасанг ҳам аллақачон эшитдим!

— Нима? — Азизанинг мовий кўзлари ёнди. — Ким? Ким менинг олдимга тушган?

— Жим, — деди Гулмира дугонасининг оғзини чангаллаб, — онам эшитиб қолмасин! Нақ икковимизни ҳам ўлдиради-я!

— Бўлди! Жимдим, бас!

— Ҳали отам билан онам шу ҳақда гаплашиб туришганида эшитиб қолдим! Ўлай агар, гапир, дугонажон, нима янгилик?..

— Аввал суюнчи…

Азиза Гулмиранинг гапини кесиб, тўнини терс кийиб олди. Хўмрайди.

— Жоним сенга садаға, Азизагинам! Айтақол энди, шусиз ҳам куяётган ичимни бад куйдирма!

— Куясан-да, куясан!.. Майли, қара, сенга хат бериб юборди. Мана!

Гулмира Азизанинг қўлидаги оппоқ ҳошияли буклама хатни юлқиб, атрофга олазарак қаради.

— Майли, — деди дир-дир титраб. — Бир пана жойда яшириниб, ўқиб оларман…

— Нима? — деди Азиза яна тихирлик қилиб. — Мен бир йилдан бери сенларнинг ўрталарингда хат ташувчи бўлдим. Шуми иззатим? Йўқ, мадомики бу охирги мактуб экан, буни менинг кўз олдимда, мен билан бирга ўқийсан!

Гулмира дилгир бўлди. Юзи бужмайди.

— Менга қара, Азиза, — деди ёлвориб. — Отам уйда. Кўриб-нетиб қолса, ўлдиради-я!

— Кўрмайди, дугонажон, — деди Азиза ва хатни очишга имлай бошлади.

Бўлмади. Гулмира қўрқувдан юраги безиллаб, оқ ҳошияни йиртди.

— Суратми?

— Сурат!

Хатнинг ичидан ҳарбийча кийимдаги тийрак кўзли, озроқ қорачадан келган ўктам йигитнинг сурати чиқди.

— Вой! — деб юборди Азиза. — Бунга ҳарбийча уст-бошни ярашганини қара. Бунча ажойиб бўлмаса-я!

Гулмира уялинқираб кулди. Сўнг дугонасининг гапидан рашки қўзиди:

— Бу нимаси, Азизагинам, қарға қарғанинг кўзини чўқибди…

Азиза ҳеч нарса демади. Гулмиранинг рашкини сезиб, пиқирлаганча кулди. Сўнг деди:

— Бу хатни унинг ўзидан олдим. Бечора йигит сенинг рухсорингни кўришга муштоқ. Куйиб-ёниб юрибди… Ие, қара орқасида хати ҳам бор экан!

Гулмира ажиб севинч ичида қоғознинг ортини ўгирди. Хатнинг ортида майда, аммо чиройли қилиб ёзилган жумлалар тизилиб турарди. Хатни Азиза ўқиди. Иложи борича овозини пастлатар, пиқир-пиқир куларди у…

«Салом, Гулмира!

Мен қайтдим! Имонингни собит қилиб инонки, сени роса соғинганман! Ўйлайманки, ҳозир менинг вужудимда, қонимда, идрокимда айланаётган соф ҳис-туйғулар сени ҳам ўртаётгандир. Бир йил… Бир йилки, бутун хизмат давомида бир куним ҳам сени ўйламасдан ўтган эмас. Сен шу бир йилда юрагимда ҳеч қачон қуриб қолмайдиган даражада илдиз отиб бўлдинг!..

Гулмира… Гулмирам, сенга қанча хат ёздим. Аминманки, сен шу хатларнинг ҳаммасини ўқиб чиққансан. Лекин негадир сендан жавоб бўлмади. Тан оламан, бу қилиғинг юрагимни кемтик қилиб қўйди. Сени тушунаман…

Бугун авваллари учрашадиган жойимиз, анҳор бўйига чиқдим. Ҳаммаси ўша-ўша, фақат сен кам эдинг, Гулмирам! Кел, бутун ҳис-туғёнларимни шу сурат парчасига ёзиб битмайин. Зеро, сен билан юзма-юз учрашган пайтимда айтарга сўзим қолиши керак. Азизага ҳам раҳмат. Бизнинг ҳақиқий ҳимоячимиз бўлди… Гулмирам, кеч пайт сени анҳор бўйида кутиб қоламан!..

Соғинтиргучинг, Ўлмас!»

— Оҳ, бу мактубни қара! — деб юборди Азиза. — Худди шоирлар битган ишқий достонга ўхшайди-я!

Гулмира бу пайт Азизанинг гапига қулоқ тутмас, ўз ўй-хаёллари оғушида, ким билсин, қай тарафларда сарсари учиб юрарди. Ахири деди:

— Азиза, менга охиригача яхшилик қилиб тур, дугонажон! Қурбонинг бўлай! Шу мактуб ҳозирча сенда тура турсин. У-бу ким кўриб қолмасин! Биласан, чўчийман!

— Оҳ, Гулмирам, — деди Азиза ўзи ўқиган мактубнинг таъсирида ҳамон ёғдай эриб. — Истасанг, бу ишқ достонини ўлгунимча ўзимда сақлайман. Оҳ, бу не ажаб муҳаббат-а?!

* * *
Норбўта кўнчи чорак соатлар чамаси ўзининг хилватхонасидан чиқиб, хотинини ийитишга тушди.

— Менга қара, Парда, — деди у даставвал ғурури пеш келиб, — нега отанг исмингни Пардатош қўйганлигини энди билдим. Сенинг қув юзингда ҳамиша тошпарда тортилган. Шундай аломат инсон бўлсаки, отанг бечора шу хислатингни аввалбошдан билган!

— Ҳа! — деб жеркиб берди эрини Пардатош. — Шунақаман, юзимда тошпардам бор. Шунақа юзсиз, гапга тушунмайдиган хотинман!

— Майли, майли, онажониси, қани кийин тезроқ, Сувонқулникига чиқамиз!

Кўнчининг кўнгли бўш. Лоп этиб ёнади, пуф этиб ўчади. Азиза ҳалича кетгани йўқ эди. Бир ёқдан Норбўта кўнчи, бир ёқдан Азиза билан Гулмира ҳай-ҳайлашиб, Пардатошнинг тўнини тўғрилашди. Икки қиз амал-тақал қилиб, Норбўта билан Пардатошни ҳарбийни кўргани чиқариб юборишди-ю, ҳовлида бир гала жўжиқлару икки сўлоқмондай қиз қоладиган бўлди. Азиза қўлига ҳалиги суратни олиб, ўзи айтганидек «ишқ дотони»ни ҳовлида бақириб-чақириб ўқир, қизишар, Гулмира бўлса, уни қувиб солар, аммо Азиза мактубни неча қур ўқиса ҳам жон-дилдан рози эди ичида! Улар анча пайт қувлашиб юришди. Кейин Гулмира жамики ишқ мактубларини Азизанинг олдига ташлади. Азизанинг эси чиқиб кетаёзди. Ҳа, бу мактубларнинг ҳаммасини унинг ўзи почтадан Гулмирага келтириб берар, лекин бирор марта дугонасидан тафсилотларини эшитмаган эди. Бугун эса ҳамма мактубларни ўқиб ўтирибди. Қандай ажабтовур туйғуларга чўмилган мактублар-а! Уни ҳайрон қолдирган яна бир нарса Гулмиранинг яшириқча сақлаб юрган шу мактублари қаторида яна ўнлаб бузилмаган ҳошияли мактублар эди. Ҳа, булар Гулмиранинг севиклиси Ўлмасга ёзган қайтариқлари эди. Улар минг истиҳола, андиша ва уят ичида Ўлмасга жўнатилмаган, кун келиб унинг ўзи томонидан ўқилишини кутиб турган самимий туйғулар эди. Шунақа, булар манзилини билмаган мактублар эди!..

* * *
Офтоб уфққа энар маҳал кўнчи хотини билан уйига кириб келди. Иккаласи ҳам хушвақт, осуда эди. Азиза бу пайтда кетиб бўлган. Гулмира амаллаб, бирор арзирли баҳона билан уйдан чиқиши керак. Уни севиклиси Ўлмас кутяпти. Ким билсин, у аллақачон ўзларининг азалий учрашув жойлари бўлмиш анҳор бўйида Гулмиранинг йўлига интизор кутиб тургандир. У ота-онаси атрофида гирдикапалак бўлиб айлана бошлади. Сўз очишни билмай каловланди. Шу тоб ота-онасининг суҳбатига ўралашиб қолди. Қайданам мум тишлаб қолди ўзи?!

— Кўнчи, Ўлмасбек зап йигит бўпти-я, қаранг-а, тоғдек ўзиям. Бирам ўктам, бирам барно!

— Ҳа, ҳарбийча ҳаёт Ўлмасга ёқибди. Айтганча, Сувонқул ўғлига ярашиқ келин ҳам топиб қўйибди.

Гулмиранинг этига чақмоқ келиб урилгандай бўлди.

— Ким эмиш? Ким экан шу Тангрининг ёрлақаган бандаси?

— Ўзининг эски қадрдонларининг қизи эмиш! Тез орада Ўлмаснинг тўйини қилиб юбориш чўти бор Сувонқулнинг! Туллак, ўзининг фойдасини ўйлаётган-да!

— Қўйинг, а, тўй кўрсин, кўнчи! Тангрим бизнинг ҳам ўғилларимизга шундай тақдирни насиб айласин!

— Айтганинг келсин!

Гулмира ота-онасининг олдидан тўкилиб чиқди. Нима қиларини билмай, ҳовли устунларига суяниб, тек қолди. Узоқ қолди.

— Ярамас, — дерди у ичидан зил кетиб, — ҳамма гаплари, ҳис-туғёнлари ўткинчи, абас экан-да! Эй, Тангрим, бу нима деган гап?! Юзим куйди… Энди ким деган одам бўлдим? Ҳозиргина минг дард ичида мени анҳор бўйида кутиб турибди деб ўйлаётгандим. Энди билсам!..

Гулмиранинг онгида ҳиссий кураш уйғондию ақли учди. Ўзини ҳимоясиз, қопқонга тушган каби ҳис эта бошлади! Анча туриб қолди. Сўнг ўз қўллари билан яшириб, пинҳон тутиб келаётган мактубларини дуррачасига ўради. Севиклиси Ўлмаснинг мактубларига ёзган жавобларини-да нафрат билан мажақлаб ташлади. Кейин ҳеч кимга билдирмасдан дарвозадан чиқиб кетди.

* * *
Гулмира, мана, кун ботмоқдаки, ожиз офтобнинг зарғалдоқ нурларида лов-лов тобланиб, жимир-жимир, ажиб сас билан оқиб бораётган анҳорнинг бошланиш қирғоғида оқ ҳошияли мактубларни бағрига босганча юм-юм йиғлаб ўтирибди. У, ниҳоят, нима қилиш кераклигини тушунган эди ўзича. Шу анҳорнинг нариёғида уни севиклиси Ўлмас кутиб турганига энди ишонмас, унинг ичини алам, алданиш ҳисси ёндираётган эди. Ниҳоят, Гулмира олмос доначалари каби тўкилиб турган кўз ёшлари юваётган садаф янглиғ мулойим юзини артди-да, қўйнидаги мактубларни бирин-кетин анҳорга улоқтира бошлади. Бу мактублар ўз қўллари билан Ўлмасга ёзган севги мактублари эди. Булар соғинч, муҳаббат, умид, бахт, ҳаёт каби умрбоқий туйғуларнинг интиҳоси эди…

Мана, Гулмиранинг қўлтиғидаги сўнгги мактуб ҳам анҳор оқимида кўздан йўқолди. Энди у ширин хотиралардан ҳозир тўкаётган кўз ёшларигина қолганди. Кўз ёшлари… У йиғлайвериб, ахири эриб битди!

— Гулмирам!

Шу маҳалда унга бу товуш унинг қулоқлари остида шунчаки эшитилгандай туюлди. Аммо иккинчи марта шу сасни эшитиб, овоз келган томонга қарашга ўзида куч топди.

Ўн одимча нарида бор бўйи сувга бўккан Ўлмас қучоғида ўнлаб ивиган оқ ҳошияли мактубларни қучиб турар, Гулмирага шундайин соғинч ила тикилар, яна мийиғида кулар эди.

— Уятсиз, ёлғончи!

Гулмира жон ҳолатда чинқирди. Ўлмас қучоғидаги мактубларни ерга ташлаб, унинг ёнига келди. Қаршилигига қарамай маҳкам қучоқлади.

— Бу нимаси, Гулмира! Мени қўрқитма, сенга нима бўлди?

Гулмира ёш боладай ҳўнграр, бу ёлғончи, худбин одамнинг қучоғидан чиқиб кетишга ўзида куч тополмасди. Улар шу тахлит узоқ туриб қолишди.

— Ҳали, бизникига ота-онанг келган экан! Менинг сенга бўлган туйғуларимдан ҳамма хабардор, шунга, отам мен учун отангдан сенинг қўлингни сўраган эди! Нимага бунақасан? Мени қўрқитма, Гулмира! — деди Ўлмас.

Гулмира қайта ҳушига келди. Ҳамма-ҳаммасини ўйлаб кўрди. Демак, демак… «Отам билан ойим бекорга бунақа гапирмаган экан-да! Улар менинг ичимни куйдириш учун!..»

Гулмира ортиқ ўйлашга ҳам истамай, Ўлмасни маҳкам қучди ва ўкириб-ўкириб йиғлади!
Ислом ИБОДУЛЛА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бахтнинг кўз ёшлари