08:33 / 13.05.2018
5 207

Булоқ бошидаги тилак

Булоқ бошидаги тилак
Нуринисо иккита боласи билан отасиникига қайтиб келганидан буён ичига чироқ ёқса, ёришмайди. «Кундошлик азобига чидолмайман», деб ўйлаганди. Аммо чиққан қизнинг ота уйига қайтиб келишидан кўра ёмонроқ азоб йўқ экан бу дунёда. «Бекор қилдим, — дейди баъзан кечалари уйқуси ўчиб. — Ҳовли катта эди, бир чеккасида мен ҳам яшайверсам бўларди. Эрим: “Кетма”, деганди-ку. Ўзим қайсарлик қилдим». Шундай дейди-ю, эрининг кундошига қилган меҳрибончиликларини эслагани сайин юраклари куйиб кетади.

— Уфф…

У чуқур хўрсиниб, бу ёнбошига ағдарилиши билан кичкина қизчаси толчивиқдек ингичка қўлчаси билан бўйнидан маҳкам қучоқлаб олди.

— Ухла, қизим, — деди Нуринисо унинг майин сочларидан силаб.

— Уйқум келмаяпти.

— Нега?

— Дадамни соғиндим.

Бу гапдан унинг қўллари титраб кетди. Вақт ўтгани сари болалари бувисиникига кўникиш ўрнига баттар ичика бошлади. Айниқса, кичкина қизининг хархашалари кундан-кун кўпайиб борарди.

— Ая, уйимизга кетайлик, дадамни соғиндим, — дейди у ҳар куни дастурхон бошида ҳиқиллаб.

— Даданг ўлиб, дадасиз қолгин илойим, — дея қарғашга тушади онаси.

Нуринисонинг: “Қарғаманг”, дейишга тили бормайди. Агар шундай деса, онасидан балога қолиши аниқ.

— Лаллайган онанг эрни маҳкам ушлашни билганида ҳозир уйларингда яйраб яшаётган бўлардинглар, — дея набираси қолиб, қизига ҳужумга ўтади онаси.

Нуринисо лом-мим демайди, деёлмайди. Фақат чуқур-чуқур хўрсиниб қўяди, холос. Сўнг елкасига кетмонини ташлайди-да, даласи томон йўл олади. Аммо икки кўзи орқасида қолади. Чунки қизлари… Укасининг болалари уларни ҳеч чиқиштирмайди. Айниқса, кичкина қизини кўп уради. Бирор нарсага қўл чўзгудек бўлса ҳам «Тегма, бу бизники, олма, бу меники”, дея аямай юмдалаб ташлашади. Нуринисонинг юраклари ситилиб кетади шундай кезларда. Аммо юзи кулиб, ичи йиғлаб, жим туради. Қизи чинқириб йиғласа, «Аканг-да, сени тергашга ҳақи бор», дейди зўрма-зўраки. Аммо шунда ҳам жиянлари тил тишлаб турмайди.

— Мен акаси эмасман бунинг, — дейди ўшшайиб.

Сўнг дарвоза томон чопиб кета туриб, ортига шарт ўгирилади-да:

— Етимча, етти кулча! — дея қичқиради.

— Ўчир! — дея пўписа қилади онаси шунчаки йўлига.

Аммо “Нега бундай дейсан?” дея боласини тергамайди. «Бу уйдаги энг катта етимча менман», дея ўйлайди Нуринисо ўксиниб.

— Она, айтинг, жиянларим қизларимни урмасин, — деди бир куни у юрак ютиб.

— Вой-бў, бунча авайлайсан шу етимчаларингни. Итдан бўлган қурбонликка ярармиди?

— Мениям болам-ку, она!

— Қиз бола ота-онасига вафо қилармиди? Билсанг, ўлигингнинг эгаси ўғил бола бўлади. Эсинг бўлса, қизларингни эрингникига ташлаб кел. Ўзинг эса эрга тег. Ҳали ёшсан, туғасан. Ўғлинг бўлса, сал ўмганинг кўтарилади.

— Эрнинг бети қурсин, она!

— Ҳа, ичингдагини ёғ деб ўйлаяпсан ҳали. Мендан давр ўтсин, бу уйда бир соат сиғармикинсан? Аёл кишининг боши катта бўлади билсанг. Эриникидан бошқа жойга сиғмайди.

Нуринисо онасига қараб туриб, «Наҳотки мен ҳам шу раҳмсиз аёлнинг фарзанди бўлсам?!» дея ҳайрон қолади. Сўнг далага кетиладиган йўлдаги булоқ ёнига бориб юм-юм йиғлайди. Шохларига латта-путта илиб ташланган бир туп қайрағочга термилиб, ният қилади. Сўнг рўмолидан ип олиб, унинг шохига илиб қўяди.

Бир сафар чидолмаганидан қизларини ўзи билан далага олиб кетди. Қайтишда ўша чашма бўйига ўтириб, яна ният қилди.

— Нега қайрағоч шохига ип илдингиз? — деди катта қизи ҳайрон бўлиб.

— Ниятларимиз амалга ошиши учун.

— Нимани ният қилдингиз, ая?

— Сизларнинг бахтли бўлишингизни.

— Унда мен ҳам ният қиламан.

— Майли.

Катта қизи ҳам рўмолидан узун бир ип олди-да, қайрағоч шохига илиб қўйди.

— Нимани ният қилдинг, қизим? — деди Нуринисо қизиқиб.

Қизи уялди. Айтгиси келмай, юзини четга бурди. Нуринисо хаёл сурганча икки қизининг қўлидан тутиб, уйи томон йўл олди.

— Ая, чиндан ҳам чашма бўйида айтилган ҳамма ният амалга ошадими? — деди қизи кета туриб.

— Ҳа.

— Энг қийини ҳамми?

— Энг қийини ҳам.

Қизининг юзларида қувонч жилва қилди. Гўё айт­ган тилаги ҳозироқ амалга ошадигандек тупроқ йўлни чангитганча югуриб кетди. Уйга келса, келини қовоқ-тумшуқ қилиб ўтирган экан.

— Тинчликми, нима гап? — деди ишдан қайтган укаси унга меҳрибончилик билан.

— Чарчадим, — терс жавоб берди келини.

— Уйда ўтириб ҳам чарчайсанми?

— Ий, нега чарчамай? Етим-есирларнинг ҳам овқатини пишириш менга қолган бўлса…

Келинининг бу гапи Нуринисонинг юрагига наш­тардек ботди. Қизларини етаклади-ю, овқат ҳам емай, уйга кириб кетди. Тўйиб-тўйиб йиғлади. Дераза ёнида мўлтираб турган катта қизининг кўзидаги бояги шодликдан асар ҳам қолмаганди.

— Ая, нон, — деди кичик қизи этагига тармашиб.

— Нон егунча тошни е! — бор кучи билан қизининг юзига шапалоқ тортди Нуринисо.

Тарсаки зарбидан қизи бурчакка учиб кетди. Бурнидан шариллаб қон оқди. Катта қизи бунга чидолмай, югуриб уйдан чиқди-да, чорпоя устида ўроғлик турган дастурхондан бир бурда нон олиб келиб, синглисига берди.

— Мана нон! — деди у ҳам йиғламсираб.

Кичкина қизи “Емасам, аям яна уради!” деб ўйладими, шоша-пиша нонни тишлаб ея бошлади. Бурнидан чакиллаб оқаётган қон нонга томчилар, қизалоқ эса парво қилмай, уни оғзига пайдар-пай тиқарди.

Нуринсо шу тун Худога нола қилиб чиқди:

— Эй, Худо! Тинч-тотув кунларимни қайтар, эримга инсоф бер! Уйимга қайтай!

Эртаси куни яна булоқ бошига борди. Унга астойдил нияларини айтди. «Янаги йил ёнингга ўғлимни ҳам етаклаб келай», деди астойдил.

У далага ўтганида ҳам, қайтганида ҳам шу булоқ бошида тўхтар, соатлаб унга термилиб ўтирар, кўм-кўк мавжларига тикилгани сайин кўнгли ҳам покланиб, юксалиб бораётгандек туюларди.

Бир куни қош қорайганда даладан ҳориб-чарчаб қайтар экан, катта қизи уни хушнуд қарши олди.

— Аяжон, суюнчи беринг! — деди ҳовлиқиб.

— Суюнчи сендан айлансин, қизим, нима гап?

— Бугун дадам келди.

— Даданг келди?

— Ҳа, булоқ бошида айтган тилагим амалга ошди.

— Булоқ бошида шуни ният қилганмидинг, қизим?

— Ҳа, дадам келсин, бизни уйга олиб кетсин, — дегандим.

Нуринисонинг кўзлари жиққа ёшга тўлди. Ерга чўккалаб, қизини маҳкам бағрига босди.

— Аммо даданг бизни уйга олиб кетмайди, — деди сўнг оҳиста пичирлаб.

— Йўқ, ундай эмас, — қизи бағридан юлқиниб чиқди-да, унинг кўзларига тикилди.

— Дадам бизни яқинда олиб кетар экан, — деди сўнг ишонч билан. — Озгина чиданглар, сўнг ҳаммамиз яна бирга яшаймиз, деди. Мен дадамга ишонаман…

— Қизинг айтгандир, эринг келди юзига эшакнинг терисини қоплаб, — деди онаси дарвозадан кириши билан.

Нуринисо индамади.

— Нега келибди, деб сўрамайсанми?

— Хўш, нега келибди? — онасининг гапидан ғаши келди Нуринисонинг.

— Тилла тумор хотинининг жавобини берибди. Яна сен билан яшамоқчи эмиш.

— Сиз нима дедингиз?

— Нима дердим, тошингни тер! — дедим.

«Тавба, — дея ўйлади Нуринисо ичида. — Онамнинг ўзи биздан безору, яна баланддан келганига ўлайми?

— Қизларинг кетамиз, деб чирқиллаганди, тоғаси бақириб берди. Барибир, томирида ўша итнинг қони бор-да буларингнинг. Тоғалари пуф-пуфлаб ўтирган бўлса ҳам яна ўша оқибатсиз отасини дейди…

Орадан кунлар ўтди. Нуринисо ҳар куни онасига сездирмай, йўл қарай бошлади. Аммо қизларига «Тез кунда сизларни олиб кетишга келаман», деган эридан ҳамон дом-дарак йўқ эди. Дадаси келиб кетгач, катта қизи ҳар куни вақт-бемаҳал булоқ бошига югурадиган бўлиб қолди. У бувиси ёки янгасининг кўзини шамғалат қиларди-ю, булоқ бошига бориб, соатлаб чўкка тушиб ўтирарди. Кўзмунчоқ тақилган нимжон қўлларини дуога очиб, ўзича нималардир деб пичирлар, сўнг кафтини юзига суртарди.

Ниҳоят, Нуринсо орзиқиб кутган кун келди.

— Сизларни олиб кетгани келдим, — деди бир куни эри дарвозадан бош эгиб кириб келаркан. — Мени кечир, Нури, сенинг қадрингни билмаган эканман.

Нуринисонинг кўзидан дувиллаб ёш қуйилди. Йиғлаб-йиғлаб нарасаларини йиғиштирди. Ҳатто «Шу тутуриқсиз эринг билан яшамайсан!» дея чирқиллаган онасига ҳам парво қилмади. Эри кичик қизини елкасига миндириб йўл бошлади. Нуринисо бир қўлида тугун, иккинчи қўли билан катта қизининг жажжи кафтини чангаллаганча унинг ортидан эргашди.

— Ниятимиз амалга ошди, ая! — дерди қизи йўлма-йўл қувончдан ирғишлаб кетаркан.

«Ҳа, амалга ошди, қизим, — дерди Нуринисо ичида пичирлаб. — Яхши ният Худойимга етмай қолмас экан». У ортига ўгирилиб қараркан, анча орқада қолиб кетган, худди хайрлашаётгандек жимир-жимир қилиб мавжланаётган булоққа ич-ичидан ташаккур айтди.

— Худойим, мўъжизангдан ўргилай, — деди сўнг овоз чиқариб.
Гулруҳ ЁРМАТОВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Булоқ бошидаги тилак