Камерага қайтгач, анча маҳалгача ўзимга кела олмадим. Қишлоғимга бўлган соғинч ҳисси икки ҳисса ортиб, қалбимни тилкалай бошлади.
Аламим келиб аммам олиб келган сигаретдан чекдим. Бироз кайфиятим кўтарилгандек бўлди. Лекин барибир аммам кўз ўнгимдан кета қолмасди.
Ўзимни чалғитиш учун Сергей томон кўз ташладим. У ўзи учун полга ташланган мева-чева (бундай аристонларга нимадир тортиқ қилинса-да, полга ташлаб қўйилади) ларни косасига солиб бошини эгганча тановул қиларди.
Унга ачиниб кетдим. Шундай норғул йигит-а! Бир дақиқалик ҳирсга қул бўлиб, энди итнинг кунини кўряпти.
Анави қария-чи? Ўзининг айтишича, олтмиш йил умрининг ярмидан кўпроғи қамоқда ўтяпти экан. Ҳар гал ўғирлик қилиб қўлга тушармиш. Қизиқ, нима зарил шу одамга? Кексайиб қолган бўлса. Наҳотки, озодликдаги ҳаётни, нафақа гаштини соғинмаса?..
— Дарвоқе, Арсендан хабар борми? — сўрадим қариядан ётган еримда. — Ўлмабдими ҳали?..
— Э, қаёқда? — қўл силтаб қўйди қария. — Боя назоратчидан сўрагандим, қон қуйиб, ўзига келтириб олишибди. Локигин яқин орада камерага қайтмас экан.
— Баттар бўлсин! Сотқиннинг ҳоли шу!..
Соатга қарадим. Тушликка яқинлашиб қолибди. Камерадагиларга уйғотиб қўйишни тайинладим-да, каравотимга ёнбошлаб, пардани тортдим.
* * *
Ҳар куни кечки соат бешдан ошганда бизни турма ҳовлисига сайр қилиш учун олиб чиқишади. Сайр қиладиган майдон унчалик катта эмас. Тепаси темир панжаралар билан маҳкамланган. Панжара устида назоратчи ҳамда соқчилар туришади. Улар бизни юқоридан туриб кузатишади. Башарти кимлардир жанжаллашиб қолса, шу ернинг ўзидан навбатчилик қисмига сим қоқиб юборишади.
Уёғи эса ҳаммага маълум. Жанжал кўтарган ҳам, жабрланувчи ҳам карцерга ташланади.
Бугун ҳам ҳовлига чиққач, ерда думалаб ётган тошларни кўтариб машқ қилган бўлдим. Чарчаганимдан сўнг бир юқорига қараб олиб, бурчакда индамайгина сигарет тутатаётган Гогининг ёнига бордим. У мен билан қучоқ очиб кўришди-да, қулоғимга шивирлади:
— Бу кеча қаттиқ ухлаб қолмагин!
— Нимага? Тинчликми?
— Сенга бир нарса кўрсатаман.
— Шунга ухлаб қолмаслигим керакми? Ҳозир кўрсата қол!
— Жиннимисан? Мен айтган нарсани фақат кечаси, гувоҳларсиз кўрса бўлади.
— Назоратчи биладими?
— Билади. Соат бирларга яқин сени чақиради.
— Бўпти… Кўришамиз.
* * *
Ярим тунда яқин дўстимдек бўлиб қолган назоратчининг ишораси билан ташқарига чиқдим. У мени сўзсиз навбатчилик қисми томон олиб кетди.
Очиғи, у тарафларга бориш тугул, ўйлашни ҳам истамасдим. Захил юзли, ҳар икки гапнинг бирида сўкиниб бақираверадиган майорни кўз олдимга келтирсам, юрагим аламга тўлар, баданимда чарм таёқлар зарбини қайтадан ҳис эта бошлардим.
Назоратчи йўл-йўлакай Гогани ҳам чақириб олди.
— Ҳозир шундай нарсани кўрасанки, — мени туртди Гога. — Қотиб қолишинг тайин. Фақат огоҳлантириб қўяй, жанжал кўтармайсан. Акс ҳолда назоратчи ишдан кетади.
— Олдин кўрайлик-чи ўша нарсангни! — дедим асабий оҳангда. — Мақтаганинг қотишга арзийдими-йўқми ўзи, ўшанда биламиз!..
Илгари пайқамаган эканман. Турманинг яна бир сир-синоатини қачонлардир ўзим бир сонияга ўтқазилиб, исми-шарифим ёзилган тахтача ортида суратим олинган курси нарироғидаги хонага киргач англадим. Бу хонада кичикроқ телевизор ўрнатилган бўлиб, экранда қайсидир жой кўрсатиб қўйилган эди.
— Ҳозир сенга зўр жойни кўрсатиб бераман! — деди назоратчи эшикни ичкаридан тамбаларкан. — Фақат тезроқ бўлайлик! Худо кўрсатмасин, майорми, ходима қизими келиб қолса, адойи тамом бўламиз.
У шоша-пиша стол устидаги тугмачалардан бирини босди. Энди экранда каттакон хона намоён бўлди…
Хона ўртасидаги столда…
Турма бошлиғи… Унинг тиззасида эса…
Елена эркаланиб ўтирарди.
Турма бошлиғи унинг оппоқ сийнасини эзғилар, ҳар эзғилаганда Елена нуқул қиқирлаб кулиб ўзини орқага ташлаб оларди.
Бу манзарани кўриб аввалига кўзларимга ишонмадим. Бир неча марта кўзларимни юмиб очдим. Бошимни силкиб-силкиб олдим.
Йўқ, бу ҳақиқат эди. Мен севган, ардоқлаган, чеҳрасини хаёлан тасаввур этганда руҳланиб кетадиган аёл ҳамон бегонанинг бағрида ўтирарди…
— Менда қасдларинг бормиди? — қаршимдагиларга ўқрайдим. — Нега индамайсанлар? Гапирларинг!
— Ўзингни бос! — биринчи бўлиб тилга кирди Гога. — Сени огоҳлантириб қўймоқчи бўлдик холос. Бемаъни аёлларнинг ортидан чопиб юрмагин дедик!..
— Ҳа, Мурод, Гога тўғри айтяпти. — гапга аралашди назоратчи. — Сен тартибли аристонсан. Сенга бунақанги ишлар ярашмайди. Ҳали жазони ўтаб чиқсанг, манаман деган қизлар орқангдан чопиб юришади. Мана кўрасан!..
— Хўп, кетдик! — дедим назоратчига. — Мени камерага олиб бор!..
* * *
Аксига олгандек, камерага кириб келганимда, ниманингдир сасиган ҳиди димоғимга гуп этиб урилди. Тутоқиб кетдим. Оғзимни кафтларим билан ёпганча Сергейнинг тепасида пайдо бўлдим.
— Вей, нима сасияпти? — жимгина ҳожатхона ёнида ухлаётган Сергейни тепиб қичқирдим. — Тур ўрнингдан, хунаса! Нимага камерада тартиб йўқ?..
Сергей тепки зарбидан жони чиққудек сакраб ўрнидан турди ва букчайганча ер остидан менга қўрқув аралаш тикилди.
— Нега қаққайиб қолдинг?
— Анави… Қариянинг… Қорни оғриб… — зўрға тутилиб жавоб бера олди Сергей. — Шунга…
Бу гапни эшитиб қария ётган каравотга яқин бордим. У аллақачон пастга тушиб улгурган ва айбдорона бош эгиб жим турарди.
— Ҳеч бўлмаса тамаки тутатиб юбормабсан-да! — сал овозимни пасайтириб қарияга танбеҳ берган бўлдим. — Шунчалик саситадими одам?..
— Кечир, болам, кечир! — қария гуноҳ иш қилиб қўйган бола каби аранг гапира олди. — Кексалик қурсин, кексалик!
— Бўпти, ёт ҳамманг! Бўлар иш бўпти!
Аскарлар каби қаддини ғоз тутиб турган аристонларга бир-бир қараб олиб каравотга ўзимни ташладим ва пардани тортдим.
* * *
Бугунги тонг мен учун унутилмас десам хато бўлмайди. Этапга кетишимни эшитиб Елена тўғрисидаги хаёлларни ҳам унутгандек бўлдим. Камерадошлар жемперимнинг чуватилган ипларини елкамдан ошириб ташлашди. Бу йўлим ойдин бўлишига бир тилак эди.
Ҳаммалари билан (Сергейдан ташқари) кўришиб чиққач, назоратчи мени сўнгги бор машинагача кузатиб қўйди.
Машинада мендан бўлак яна тўрт аристон ўтирарди.
Эшик ёпилгани ҳамоно улардан бири халтасидан бир шиша ароқ чиқарди ва қаердандир ўғирланган темир кружкага қуйиб навбати билан барчамизни сийлади.
— Биз озодмиз! — бақирарди бизни ароқ билан сийлаган, элликлар атрофидаги аристон. — Энди ўзимизга хон, ўзимизга бекмиз!..
Тўғри, унинг ўзини озод дея аташга ҳаққи бор эди. Негаки, уни назорат кучайтирилган турмага эмас, умумий колонияга олиб кетишади. Фақат менгина турмада қоламан. Шундай экан, озодман дейишга балки эртадир?.. Башарти, қочиш насиб этса, режаларимни амалга оширишга имкон туғилса, озодлик ҳавосидан нафас олишим мумкин… Унгача…
Барибир кўнглимни чўктирмадим. Биламан, ҳақиқий турмада ҳаёт барибир бошқача кечади. У ерда жиноятингга кўпроқ қарашади. Шунга кўра ҳурматга, ўз ўрнингга эга бўласан…
Хуллас, ҳақиқий турмага етгунча қўшиқ айтдик, кўнглимизни хушладик…
* * *
Деярли кун бўйи умрим машинада ўтди. Бу орада қолган тўрт аристонни қаерлардадир қолдиришди. Ичкарида фақат менгина қолгандим…
Зерикибми, кўзим илинибди. Машинанинг силкиниб тўхтаганидан уйғониб кетдим. Шу орада эшик ҳам очилди.
— Қани, туш пастга! — буюрди мени олиб келган лейтенант. — Етиб келдинг уйингга, каллакесар!..
Янги турманинг кўриниши наригисидан деярли фарқ қилмасди. Фақат уёқда машина бир дарвозадан ўтиб иккинчиси рўпарасида тўхтаса, бу ерда иккита дарвозадан ўтаркан.
Мени кутилганидек, ит етаклаган аскарлар ва турма назоратчиси, яна қандайдир баланд бўйли капитан қўлларида чарм таёқларини ўйнатган ҳолда «қарши» олишди.
Қоидага кўра икки қўлимни орқага қилиб, гавдамни эгганча ичкарига қараб чопишим лозим эди. Бироқ негадир бу ишни мендан талаб қилишмади.
— Қани, юр! — сал дағдағали оҳангда буюрди капитан.
Юрдим. Бу ерда ҳам бармоқ изларимни олишди, суратга туширишди. Ҳамма амаллар адо этилгач, камерага олиб киришди.
Камера кенг ва анча шинам эди. Кирганимданоқ бир четда ўтириб астойдил қартабозлик қилаётган аристонлар даст ўринларидан туришди.
Фақат соқолларигача оқ тушган, сочи қириб ташланган, ёши тахминан эллик бешларга боргани қимирламай ўтирганча мени бошдан оёқ кузата бошлади.
— Шумикан ҳурмати баланди? — хаёлимдан ўтказдим аристонлар билан бирма-бир кўришиш асносида. — Исмини Женя деганди Гога. Нима қилай? Бориб кўришишим лозимдир ҳойнаҳой!.. ҳарқалай, ҳурматли аристон-ку!..
Шошилмасдан бориб унга салом бердим.
— Кимсан? — сўради у қўлимдан Гоганинг хатини олиб кўз югуртираркан.
— Муродман!..
Женя масхараомуз тиржайди.
— Сендан турмадаги исмингни сўраяпман!
— Каллакесарман.
— Ў, зўрсан-ку!
У ўрнидан қўзғалиб менга жуда-жуда яқин келиб кўзларимга совуқ тикилди.
— Нечтасини тинчитгансан?
— Еттитасини.
— Менга учта дейишди-ку!
— Тўрттасини бўйнимга қўя олишмади.
— Шунақами? Яхши… Билиб қўй, Гоганинг хатини ўқидим. Лекин биргина хат сени ҳурматга лойиқ деб тан олишим учун камлик қилади. Аввал паханга, кейин озодликдаги братваларга мактуб ёзиб аниқлашим керак. Агар улар сени тан олишса, омадинг келгани. Тан олишмаса, иложим йўқ… Бошқалар қатори яшайверишингга тўғри келади… ҳозирча ҳов анави иккинчи қаватдаги каравотга жойлашасан.
Тортишиб ўтирмадим. Индамасдан бориб қўлимдаги кўрпа-ёстиқни кўрсатилган каравотга ташладим.
(давоми бор)
Манба: "Ҳордиқ" “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади