12:30 / 03.08.2018
7 348

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (26-қисм)

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (26-қисм)
— Ҳали буниси ҳолва. — давом этди капитан ёнидагиларга бир-бир қараб чиқиб. — Газ тўлдирилган карцерда ярим соат ўтирсанг, биласан.

— Капитан, хотининг жуда чиройли экан-а? — хаёлимга келган гапни қайтариб ўтирмадим. — Бир кўрганим бор эди. Қомати кўзни қамаштираман дейди-я!.. Ҳойнаҳой тўшакдаям унча-мунча эркакни еттинчи осмонга олиб чиқиб қўядиганга ўхшайди. Билиб қўй, озодликда шунақа хушрўйларга хуштор бўла оладиган братваларимиз бор. Бир оғиз шипшитсам, хотинингни дарров илинтиришади. Ўйлаб кўр!..

Шу гапим капитанга қаттиқ таъсир қилгани унинг кўзларини ола-кула қилиб жавдирашидан сезилиб қолганди. У оёғи куйган товуқдек типирчилай-типирчилай, аскарларга буюрди:

— Ҳозирча камерасига олиб боринглар!.. Турма бошлиғининг ўзи кейинроқ ҳал қилар!..

* * *
Камера томон мени аскарлар эмас, ўзимни йўлга кузатиб қўйган назоратчи олиб кетди. У ортимда кетиб бораркан, турма ходимларидан узоқлашишни кутди чоғи, йўлак бўйлаб бориб чапга бурилганимиз ҳамоно менга сўз қотди.

— Юрагингга қойилман, Бургут! Жонинг ҳам кўзингга кўринмас экан-а вей!

— Қўрқсам, турмангда ўтирармидим? — дедим совуққонлик билан. — Анави ўзиям емайдиган, бировгаям бермайдиган итларингдан қўрқайми? Ким бўпти улар?

— Локигин… Капитанни бопладинг! — деди назоратчи кулиб. — Хотинчасини ўлгудай яхши кўришини билган экансан-да!..

— Балки билгандирман. — ҳафчаласизлик билан жавоб қайтардим.

Очиғи назоратчиларгаям ўта ишониб юбориш ярамайди турмада. Ҳаммаси дўмбирачи. Сендан гап олади-да, ликиллаб бориб ё навбатчилик қисмига, ё тезкор гуруҳ бошлиғига сотади. Шуни билганим боис ортиқ гапириб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим.

— Уёқдан менга бирор нима олиб келмадингми? — орага чўккан жимликни бузиб сўради назоратчи. — Ҳар ҳолда ёрдам бергандим.

— Ҳа, братваларнинг саломларини олиб келдим сенга. — дедим ҳамон сир бой бермай. — Сенга ҳурматлари ошибди.

— Ҳурматини пишириб ермидим ўша братваларингни? — норози тўнғиллади назоратчи. — Менга така бўлсин, сут берсин! Ўшанисидан гапир, хумпар!

— Оласан ўша айтганингни. Толян қуруқ қўядиганлардан эмас. Албатта сени мукофотлайди.

— Мана бу эркакча гап бўлди. — дея назоратчи мени қадрдон камерам рўпарасида тўхтатди ва ўзи шарақлатиб эшикни очди. — Камерангда янги келган бир аристондан бўлак ҳеч зоғ йўқ. Ҳаммалари ишга кетишди. Маза қилиб дамингни олавер!

— Ким у янги келган аристон? — сўрадим. — Анавинақалардан эмасми ишқилиб?

— Билмадим. — деди назоратчи афтини бужмайтириб. — Уёғини ўзинг аниқлаб олавер! Жа устасан-ку!..

Ичимда назоратчини сўка-сўка камерага кирдим. Ҳақиқатан ўнг бурчакдаги каравотда афтини сепкил босган, чамаси ўн тўққизлар атрофидаги бир рус йигити ётар, ётган ерида папирос тутатарди.

* * *
Аристон мени кўрди-ю, сакраб ўрнидан турди ва югуриб бориб қўлидаги папиросни стол устидаги аллюмин кулдонга ташлади.

— Кимсан? — қовоғимни уйиб сўрадим ундан.

— Витяман. — сал чўчиброқ жавоб қилди аристон.

— Хўш, Витя, нечанчи «ходка»?

— Б-биринчиси. — деди тутилиб у.

— Нега қамалдинг?

Витя бош эгди. Бу ҳолатини кўриб миямга дарров «Номусга теккан шекилли» деган хаёл келди ва муштларимни тугиб унга яқинроқ бордим.

— Нима, суяк тиқилганми томоғингга? Намунча шалвирайсан? Гапир!

— О-отамни ўлдириб қўйдим. — бошини ердан олмай деди Витя.

— Нима?.. Ўз отангни-я?..

— Ҳа, — энди Витя бошини кўтариб кўзларимга тик боқишга журъат этди. — Ўз отамни ўлдирдим.

Унинг бу юзсизлиги негадир ғашимни келтирди. Лекин қўл кўтаришга шошилмадим.

— Майли, — дедим каравотим томон кетаётиб. — Ҳали братвалар келсин-чи, кўрамиз.

— Н-нимани? — сўради Витя ранги оқаринқираб.

— Нимани бўларди? Ҳали сен рўйхатдан ўтишинг лозим. Бироқ ўз отасини ўлдирган одамнинг рўйхатдан ўтиши анча мушкул-ов. Братвалар кечиришмайди бу ишингни.

Шундай дедим-у, каравотимга чўзилиб, кўзларимни юмдим.

* * *
Кечқурун камерадошлар келди. Барчалари билан қучоқ очиб кўришгач, гапни чўзиб ўтирмай, Витя масаласини кўндаланг қўйдим.

— Хўш, ҳурматли аристонлар, бизнинг янги аристон ўз отасини ўлдириб қўйибди. Қандай ўлдирганини билмадим-у, бироқ шу иш бўлибди. Нима қиламиз?

Аристонлар менинг «разбор» бошламоқчи эканимни дарров англашди ва аввалига бир-бирларига савол назари билан қараб олишди.

— Олдин ўзи бир бошдан гапириб берсин! — деди рассом Вася.

— Жуда тўғри, — маъқуллади қария. — Биз нега ўлдирганини билишимиз керак-ку!

— Қани, Витя, бошла! — дедим аристонга юзланиб. — Нега тек ўтирибсан?

— Хуллас, отам юрадиган қизимга тегажоғлиқ қилган экан.

— Нима?.. — негадир кулгим қистаб ўтирганларга ҳайрат аралаш боқдим. — Юрадиган қизингга тегажоғлиқ қилди? Отанг-а?.. Нима, онанг йўқми?

— Онам ўлиб кетганига ўн йил бўлди.

— Сен отангнинг шу ишини кўрдингми?

— Йўқ, — деди Витя ердан кўз узмай. — Ксениянинг ўзи айтганди.

— Ҳа-а, демак, ўша юрадиган қизингнинг исми Ксения, шундайми?

— Шундай.

— Сен шу гапларга ишондингми? Балки, Ксениянг ёлғон гапиргандир?

— У ёлғон гапиришни билмайди.

— Жа маҳмадона экансан-ку! Отанг-чи? У ёлғончими?

— Ҳа, у мени кўзимга қараб туриб алдади… Ярамас…

— Айбини бўйнига қўйдингми ишқилиб?

— Кимнинг айбини?

— Ўзингам сал овсарроқ кўринасан, Витя? Боядан бери қулоғингга тамбур чаляпманми? Отангнинг айбини, отангнинг!..

— Шу гап ростми-ёлғонми, сўрагандим, у юзимга тарсаки тортиб юборди.

— Демак, ёлғон экан-да!

— Йўқ, мени дўппослаётиб «ҳа, тегиндим! Нима дейсан? Қўлингдан нима келади?» деб қичқирди.

Бу гапни эшитиб аристонлар бараварига кулиб юборишди. Мен бўлсам сир бой бермай, сўрашда давом этдим.

— Марҳумнинг ёши нечадайди?..

— Олтмишдан ошганди.

— Бадавлат одамми?

— Ҳа, райпода омборчи эди.

— Отангни қандай йўл билан ўлдирдинг?

— Тушунмадим. — кўзларимга жавдираб боқди Витя.

— Нега тушунмайсан, вайсақи? Нима билан ўлдирдинг? Бўғибми, пичоқлабми…

— Пичоқлаб. — Бу гал Витянинг овози титраб чиқди.

— Афсусланмайсанми отангнинг бошига етганингдан? — сўрадим ундан овозимни ҳийла пасайтириб.

— Йўқ! — бошини баланд кўтариб жавоб қилди Витя. — Ундай ифлосларни тириклай кўмсаям кам.

— Ё алҳазар! — деб юборишди аристонлар бараварига.

Мен азбаройи ғазабим келса-да, базўр ўзимни қўлга олиб Витянинг бўйнини чангалладим.

— Бир гапим эсингда бўлсин жўжахўроз, — дедим ҳаммага эшиттириб. — Шалағи чиқиб бораётган эркак тишлари тушиб кетган қари итдай гап. Суякни эплаб ғажий олмаса-да, ёпишиб ириллайверади. Аммо бу гап билан отангни айбламоқчи эмасман. Кексайиб қолганига писанда қилдим холос.

Витя бу суҳбатимизнинг қандай якун топиши мумкинлигини ўзича тахмин қилиб улгурган эди. Шу сабабли вужудида билинар-билинмас титроқ туйиб, аста-секин қўрқув чодирига ўрала борди. Бу ҳолати айни муддао. «Разбор» тинч ва муваффақиятли якун топишига кўмак беради.

— Сезяпманки, тилнинг қиймати жон нархига тенглаша бошлади. — давом этдим аристонларга сезилар-сезилмас кўз қисиб. — Қолаверса, ҳурматли аристонлар, Витя найрангбоз эмас. Фақат падарини бўғизлаб оғир гуноҳга йўл қўйибди. Бу гуноҳини нафақат биз, ҳатто Худоям кечирмайди. Тўғрими?

Аристонлар бараварига сўзимни маъқуллашди.

— Шахсан мен сендақанги санқи буқачаларнинг кўпини кўрганман. — дедим Витянинг бўйнини ҳамон чангалимдан бўшатмай. — Уларнинг кўзига қон тўлиб қолган. Шунинг учун нафси йўлида ҳатто отасини ҳам тан олмайди.

— Мени ҳайвонга тенглама! — бирдан «сен»лашга ўтди Витя. — Ҳар ҳолда қотиллик туфайли қамалганимни унутмасанг бўларди.

— Нима қиласан? Мениям отанг каби бўғизлай оламан деб ўйлаяпсанми? — бақирдим унга. — Мени-я?..

Камерадаги аристонлар бараварига оҳ тортиб юборишди. Чунки, яқин орада менга ҳеч ким бу қадар ҳақорат ёғдирмаган эди.

— Ҳамма эшитди-а? — камерадагиларга юзланиб сўрадим. — Бу қизиталоқнинг гапини эшитдиларингми деб сўраяпман!

— Албатта эшитдик. — дейишди аристонлар.

— Қизиқ бўлди-ку, — гапни илиб кетди қария. — Ҳали рўйхатдан ўтмай туриб шартакилик қилиб қўйди бу бола.

Мен эпчиллик билан стол устидаги тутқичи ўткирланган қошиқни қўлимга олдим-да, Витянинг томоғига тирадим.

— Хўш, нега титрайсан? Қилмайсанми ҳаракатингни?

Витя бу «ўйин»да мағлуб бўлганини қалбан тан олиб бўлганди. Буни ҳансираб нафас олишидан, тиззасидан тортиб, лабига қадар қалтироқ тута бошлаганидан англадим. Аммо у ҳануз сир бой бергиси келмай, эҳтиёткорлик билан ўрнидан турди.

— М-мен ўлимдан қўрқмайман! — титроқ ичида шивирлади Витя. — Бекорга овора бўласан!..

— Шунақами?

Тиғни томоғига қаттиқроқ босдим. Шу ондаёқ қон сизиб кўксига оқа бошлади.

— Ҳалиям сўзингда турибсанми? — сўрадим ундан. — Босаверайми қаттиқроқ?..

Жон аччиғи ёмон. Манаман деган зўр ҳам ўзидан-да зўрроқнинг чангалига тушгач, маҳлуққа ем бўлишини кутаётган жонивор каби жазавага тушиб қолади.

Витя қўрқув баланд келиб кўзларини чирт юмиб олди ва эшитилар-эшитилмас ёлвора бошлади.

— Кечиринг, ака! Аҳмоқлик қилиб қўйдим!.. Ўлдирманг!.. Ёлвораман!

— Энди менинг гапимни эшит, — тиғни қайтадан стол устига ташлаб Витянинг сочини ғижимладим. — Мени Бургут деб қўйишибди. Бу дегани, сендақа ҳезалакларни бир чўқишда тилка-тилка қила биламан.

— Тушундим, ака! — деди Витя. — Мен… Билмабман.

— Тушунган бўлсанг, иккала қулоғинггаям қуйиб ол. Ўзбошимчалигинг, қолаверса, отангга тиғ санчганинг эллик минг сўмга баҳоланади.

— Н-нима?.. — ўрнидан туришга чоғланди Витя. Бироқ сочини ғижимлаб олганим унга панд бериб жойидан қимирлай олмади. — Б-бунча пулни қаердан оламан?..

— Отанг омборчи бўлган шекилли? — дедим аристонларга кўз қисиб. — Йиғиб қўйганларидан берасан. Ахир, ўша манжалақи икковинг бойлик туфайли отангнинг бошига етгансан!

— Ёлғон! — бақирди Витя. — Биз…

— Ўчир жағингни! Ҳозир синдириб оламан. Бу ерни турма деб қўйибди. Ёлғон-ростлигини сендан сўраб ўтирилмайди. Айтганча, Вася, — рассом аристонга ўгирилиб давом этдим. — Бу ўша манжалақисини уч кун ичида турмага чақиртиради. Сенга ўзим қўшиб бераман. Сенам юравемагин-да, бир жойингни чангаллаб! Мундоқ эркак бўлгин!

Витя ортиқ ғиқ эта олмади. Унга вақтинчаликка ҳожатхона ёнига жойлашишни буюрдим-да, камера эшиги томон йўналдим.

Толян ҳузурига чорлашини сабрсизлик билан кутаётгандим.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (26-қисм)