08:02 / 05.09.2018
6 401

Номаҳрам... (7-қисм)

Номаҳрам... (7-қисм)
Енгилтак аёл билан бир ёстиққа қўйганидан бехабар Матназар кейинги кунларда қиморга муккасидан кетганди. Ортида нималар бўлаётгани уни қизиқтирмас, фақат Қулмат ора-сирада қўлига тутқазаётган чўталлардан маст эди. Худонинг берган куни қиморхонага қатнар, ҳар бир ўйинни берилиб томоша қилар, ўзича ошиқ тепишнинг энг сирли томонларини ўрганарди. Кундуз кунлари бўлса, бирров Ҳамида ва қизчасидан хабар олган бўлиб, сўнгра яна енгилтабиат Марҳаматнинг бағрига ошиқарди…

— Мана энди даврага қўшиладиган вақтинг етди. — деди кунларнинг бирида Қулмат. — Буёғига чўтал бериш йўқ, ошна! Экканингни ўраверасан. Хўш, тикадиган бирор нима йиғиб қўйдингми бир ой ичида?

— Албатта. — сал керилганнамо жавоб қилди Матназар. — Сендай дўстим туфайли пича йиғдим.

— Бўлмаса, ўшани тикасан. Қанча ўзи йиққанинг?

— Ҳа энди… Бола-чақадан орттирганим юз минг чиқар-ов!..

— Жуда яхши. Қани, Қодир, мундай қиламиз. Орамизга янги ўйинчи қўшилгани сабаб ҳам номардлик қилмайлик-а? Биринчи сафарга ҳеч нарса тикмасдан ўйнайверади. Бизга ўрганганларини бир кўрсатсин-чи!.. Ошиқларни буёққа ол!..

Қодир ошиқларни олиб Қулматнинг қўлига тутқазди.

Биринчи бўлиб Қодир тепди. Тушмади. Ундан кейин Қулмат тепди. Яна тушмади. Навбат Матназарга етди.

У ичида Худога нола қилиб таваккал тепди.

— Воҳ!.. — беш қиморбоз бараварига қичқириб юборди.

— Бекорга қатнамабсан, Матназар! — қарсак чалиб уни қутлаган бўлди Қулмат. — Бекорга орамизда ўтирмабсан. Қара, ҳамма пулларимизни ютиб қўйдинг-ку!.. Ана энди ҳалиги юз мингингниям қўшиб тикасан. Бошла!..

Матназар қувончи ичига сиғмай қўйнидаги бир даста пулни дастурхонда сочилиб ётган пуллар орасига ташлади ва ошиқларни бир жойга жойлаб оёқ юборди.

— Ё Жамшид!..

Афсуски, бу гал омади чопмади. Кейин ошиққа ёпишганлар ҳам ҳеч натижага эриша олишмади. Фақат Қулматгина хурсанд. Дастурхон тўла пулларни ютиб олгач, шошилмасдан қўйнига тиқарди.

— Бас қиламизми? — хавотир аралаш сўради ундан Қодир. — Ҳали эрта-ку!..

— Тикадиганларинг борми ўзи? — ҳиринглаб кулди Қулмат. — Қуриган бўлсанг, нимангни тикасанлар?..

— Биз қурибмизми? — беш қиморбоз бараварига чўнтакларидан даста-даста пул чиқариб ўртага қўйишди. — Мана, икки баравар тикамиз!..

— Сен-чи, ошна? — Матназарга юзланди Қулмат. — Нимани тикасан?

— Мен бир сафар ўйиндан чиқиб тураман. — тескари ўгирилиб жавоб қилди Матназар. — Сизлар бир қўл ўйнанглар, кейин бир гап бўлар.

— Э, йў-ўқ, — Қулмат унинг елкасидан тутиб ўзига қаратди. — Бу ўйинга бир кирдингми, чиқиб бўпсан!.. Тикадиганинг бўлмаса, айт, қарз бериб турай!..

— Билмадим. Негадир… Ноқулай…

— Вей, қиёматли дўстимсан, ахир!.. Ма, юз минг! Мана шуни тикавер!.. Қарз бўлса узилар, хотин ёнга қолар деб бекорга айтишмаган-ку!

— Ўзи… Шундоғам сендан икки юз қарзман. — деди Матназар пулларни олишга иккиланиб. — Кўпайиб бораверса…

— Э, қўйсанг-чи шу гапларни! Мен сени қиморга ҳазиллашиш учун етаклаб келмадим. Ҳаракат қилгин-да мундоқ!.. Бўл!..

Шу кеча Матназар бўлганича бўлди. Қулмат уч ўйиндаёқ бўйнига нақд беш юз минг сўмни илиб қўйди…

* * *
Ана энди Қулмат ниятига ета бошлагандек сеза бошлади ўзини. Матназарни тузоққа илинтирди. Фақат ишни тобора кучайтириш қолди, холос.

— Хўш, қарзларни бугун узворармикансан? — эртаси куни кечқурун ошиқ тепишдан аввал сўради у. — Бугун омадинг келар?..

— Ҳаракат қиламан…

Кўз очиб юмгунча қимор ҳам бошланди. Қулмат Матназарга яна икки юз минг қарз берди…

Йигитдан омад юз ўгирса қийин экан. Матназар бор пулларни бир ўйиндаёқ бой бериб тумшайганча ер чизиб қолди.

— Майли, юр, сенда гапим бор. — уни ташқарига бошлади Қулмат. — Бир гаплашволайлик!..

Ёзнинг сўлим кечаси. Олислардан итларнинг чўзиб-чўзиб увиллаган товушлари, қурбақаларнинг қуриллашлари одамнинг кўнглига ҳузур бахш этарди…

Аммо Матназарнинг икки қулоғи Қулматда. Нима дейишини, қандай янги гап айтишини интиқиб кутар, қарзини орқага суришидан умидвор эди.

— Қарзингни ҳали-вери узишингга ишонмай қолдим. — шошилмасдан гап бошлади Қулмат. — Хўш, энди нима қиламиз?

— Сабр қилиб тургин, бугун бўлмаса эртага ютиб қоларман. — деди Матназар.

— Тикадиган нарсанг қолмади-ку!.. Нимани ютасан? Қарз ошиб бораверади… Уни тўлаш ҳам бор-да!.. Ўзинг биласан, менам жа унақанги ошиб-тошиб кетганим йўқ…

— Хўп, нима қил дейсан? Қандай маслаҳат берасан?..

— Айтсам хафа бўлмайсанми?

— Йўқ, айтавер!

— Марҳаматни гаровга олиб тураман.

— Нима?..

— Эшитганинг, ошна! Бўйнингда етти юз минг қарз турибди. Қўрқма, унга тегмайман. Шундай қилсам, ҳаракатингни қиласан…

— Тўхта, тўхта… — Матназар бир муддат бош чайқаб, айланган бўлди. — Ахир… У хотиним!.. Унга тил теккизма!..

— Ўв, ҳаддингдан ошма, бола!.. — Қулмат яқин келиб Матназарнинг иягидан кўтарди. — Буни қимор деб қўйибди. Ҳали сен учдан бириниям кўрганинг йўқ. Сенга ўхшаб қарзга ботганлар хотинигача тикиб қарздан қутулишган. Бўлмаса, ўлиб кетаверасан. Қиморнинг қоидаси шунақа…

— Шундай дегин?.. Яхши… Фақат… Гаровга олмайсан… Мен бунга чидай олмайман…

— Нима қилай бўлмаса? Айтинг, жа ақлли бўп кетдингиз-ку!..

— Менам ўша сен айтган ютқазганларга ўхшаб Марҳаматни тикаман. Ютсанг, сеники, ютқазсанг, қарзингдан кечасан…

— Ў, шарт зўр-ку!.. Майли, биз рози! Қани, ичкарига кириб бешта-бешта анави зормандадан оламиз-да, ўйинни бошлаймиз унда!..

* * *
Матназар учун Қулматнинг туйқус таклифи кутилмаган зарба эди. Гарчи, илгарилари у билан улфатчилик қилиб кўрмаган, яқиндан муносабат юритмаган бўлса-да, қиморни ўргата бошлаганидан сўнг, айниқса, уйини очиб бергани сабабли унга кўпроқ ишониб қолганди. Дунёда шундай меҳрибон дўсти борлигидан фахрланарди. Афсуски, Қулматнинг нияти бузуқ экан. У Марҳаматга кўз олайтирди. Матназарнинг йигитлик ғурурини синдирди. Қаддини эгиб қўйди…

«Йўқ, — деди Матназар ичида. — Бу йўл билан мени синдира олмайсан. Юрагим уриб турибдими, сендан, албатта, ўч оламан!.. Тўхта, нега у Марҳаматга ёпишиб қолди? Наҳотки, бу аёлнинг ўзи ҳам кўз сузган бўлса? Ҳа, агар кўз сузмаганида, томдан тараша тушгандай бу гапни гапирмасди. Қани, бир юрагига қўл солиб кўрай-чи!..»

Матназар эрта тонгда қиморхонадан чиқиб, қабристонга кетмоқчи эди. Кечқурунги гап-сўзлар, бўлиб ўтган ишлардан сўнг Марҳаматни кўрарга кўзи қолмаганди. Айниқса, юрагида шубҳа уйғона бошлагандан сўнг унга нисбатан нафрати ошиб борарди. Аммо яна бир текшириб, аёлнинг тилидан ҳақиқатни эшитиш учун Қулматнинг янги ҳовлисига йўл олди…

Шу тобда Қулмат бу уйдан эндигина чиқиб кетган, Марҳамат эса, ўзича кулимсираб, ширин хаёлларга ботганча ҳамон тўшакда эди. Матназарнинг кириб келганини кўриб бирдан ранги оқарди. Даст ўрнидан туриб эшитилар-эшитилмас салом берди. Кўзлари биринчи кунлардагидек тик боқа олмади…

— Сен менга тўғрисини айт, — остонада тик турганча гап бошлади Матназар. — Қулмат билан қандай яқинлигинг бор?

— Нима?.. — Марҳамат лаблари титраб орқага тисланди. — Бу нима деганингиз?

— Қулмат билан муносабатингни айтяпман.

— Ҳеч қанақа… Нимайди?..

— Билмадим, — бош чайқади Матназар. — Негадир кўнглим ғаш. Мен енгилтабиат аёлга рўпара бўлдим, шекилли?..

— Нима?.. Ким енгилтабиат?

— Сен енгилтабиат, тушундингми, сен!.. Қулмат қарзлари эвазига сени гаровга олди. Энди сен унинг ихтиёрида бўласан. Мабодо қиморда қўлим келиб сени ютиб ололсамгина менга қайтишинг мумкин. Йўқса… Лекин барибир кўнглим сезиб турибди. Икковингнинг орангда бир гап бор. Буни вақт кўрсатади. Барибир қинғир ишнинг қийиғи чиқади… Билиб қўй, мен бугундан бошлаб бу уйга қадам босмайман. Агар мени яхши кўрсанг, Қулматни инсофга чақирасан. Ўзингга яқин келтирмайсан уни. Яхши кўрмасанг…

— Ўчиринг овозингизни!.. — беихтиёр бақириб юборди Марҳамат. — Кетинг! Кетинг!..

— Ҳалиям кетаман. Ҳеч қайсингни кўришга кўзим йўқ!.. Ифлослар!..

* * *
Қабристонда одатдагидек сукунат ҳукмрон эди. Фақат қушларнинг онда-сонда чирқиллашларигина бу маконда ҳам ҳаёт мавжуд эканидан дарак бериб турарди.

Матназар онасининг қабри тепасига келиб бир муддат туриб қолди. Анчадан бери келмай қўйганди. Қабр атрофини бегона ўт босибди. У мармартошлар ўрнатилиб, ён-атрофлари супуриб-тозаланган, гуллар очилиб турган қабрларга қараб оғир хўрсинди.

— Она, мен сизни соғиниб кетдим, — тиззалаб ўтириб марҳумнинг ҳақига дуо ўқигач, шивирлади Матназар. — Биламан, сиздан анча пайт хабар ололмадим. Ташвишларим билан ўралашиб сизниям унутаёзибман, кечиринг, она!.. Нима қилай? Бошимга балолар қузғундай ёпирилиб келди. Сиз тирик бўлганингизда бу ишлар бўлмасди. Чўлоқни олиб бермаган бўлардингиз. Бузуқ аёлларга илакишиб қолмасдим. Энди нима қилишни билмай аросатдаман, она!.. Ёлғиз бошимни қаерга уришни билмайман. Айлана атрофим душман. Ҳаммаси бер, дейди. Нимамни бераман?..

Мардондан хавотир олманг! У ишончли қўлларда. Катта бўлса, ўзим яхши жойлардан келин топиб уйлантириб қўяман. Ташлаб қўймайман жигаримни. Мана, ҳозир бу ердан чиқиб тўппа-тўғри Мардонни кўришга бораман. Сиздан салом дейман. Хурсанд бўлади укам ҳам. Майли, она, тинч ётинг! Руҳингиз мени қўллаб турсин!.. Ажабмас, шу балолардан қутулиб, йўлимни топсам… Хайр, энди тез-тез келиб тураман…

Матназар кўз ёшларини енгига артганча қабр устини ўт-ўландан тозалади ва истар-истамас кўча томонга юрди…
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Номаҳрам... (7-қисм)