08:31 / 08.09.2018
7 656

Номаҳрам... (14-қисм)

Номаҳрам... (14-қисм)
Кечга бориб Матназар анча толиқди. Руҳан чарчади. Шу тунда қимор тайин қилиб қўйган. Буни ҳам унутиб қабристон томон йўл олди. Ана, ўша таниш қабр. Устидан бир туп атиргул ўсиб чиқибди.

— «Ё буни кимдир экиб кетганмикан, — ўйлади у атиргулни кафтлари билан силаб, — Йў-ўқ, яқиндагина келиб кетдим. Қабр усти бўм-бўш эди. Уруғи тушган бўлса керак. Қизиқ, куздаям атиргул кўкараверса».

Шу пайт Марҳаматнинг гаплари эсига тушиб кетди. «Ўғлимниям энангизнинг ёнларига дафн қилганман». Шошиб орқасига ўгирилди. Ё алҳазар! Ўша илон-ку! Не кўз билан кўрсинки, илгариги қабр қаршисида ўша илон турибди. Бўйнини яна тик тутиб олибди. Бу гал Матназар унчалик чўчимади. Қўли билан илонни ўзига чорлади. Илон секин сирғалиб келиб худди олдинги сафардаги каби Матназарнинг оёқлари устига бошини қўйди-да, бирпас суйкалиб тургач, қайтадан жойига бориб туриб олди.

— «Бу ерда бир гап бор, — кўнглидан ўтказди Матназар. — Бу илон нега қабр олдига туриб олди? Нимага менга ташланиш ўрнига оёқларимга суйкаляпти? Маъниси нима? Буни суриштириб кўриш лозим…»

У тиловат қилиб юзларига фотиҳа тортгач, қабристон қоровулининг ҳужрасига борди. Ҳужра қабристоннинг катта йўлга яқинроқ ерида эди. Кичкинагина хона. Қоровул ўзи таниган Мўйдин бобо. Ёши етмишга борган. Бир умр бола-чақа қилмай ўтган. Ёз ойларида қабристонга келган зиёратчилардан садақа сўраб кунини кўради.

— Ҳорманг, бобо! — ичкарига кириб қарияга қўл чўзди Матназар.

— Ие, Матназармисан? Қоронғида нима қилиб юрибсан, болам?

— Энамнинг бошига келгандим. Кириб сиздан ҳол сўраб ўтай дедим, бобо!

— Яхши қипсан. Ўзим ҳам зерики-иб ўтиргандим. Қани, ўтир-чи, нима гаплар дунёда?!

— Нима гаплигини билмадим-у, аммо бир жумбоққа тушунолмай турибман-да! Энамнинг қабри ёнига бир болакай кўмилган экан.

— Ҳа. Тўхта, у аёлга сени уйланган дейишганди. Тўғрими?

— Шунақа десаям бўлади. Тақдир, бобо! Беш-ўн кун яшадик. Расво аёл экан.

— Ана энди ўзингга келдинг! — соқолини тутамлаган кўйи Матназарга қаттиқроқ тикилди Мўйдин бобо. — Донғи кетган бузуқ экан. Менам кейин эшитдим. Хўш, нима муаммо?

— Биласизми, ўтган гал келганимда, ўша боланинг қабри тепасида бир илон турган экан. Аввалига қўрқдим. Биласиз-ку, ранги совуқ! Қотиб турсам, ҳалиги илон секи-ин судралиб келди-да, оёқларимга суйкалиб-суйкалиб туриб кейин яна жойига қайтиб кетди. Бугун келсам, яна ўша аҳвол. Маънисини тушунолмадим, бобо.

Мўйдин бобо бир муддат сукут сақлаб тургач, сўз бошлади:

— Биласанми, ўша болакай бузуқ аёлнинг фарзанди. Онаси кўп эркакларнинг шўрини қуритган. Илонни Худо болакайнинг қабрига юбориб қўйибди. Ахир, билиб бўладими, қайсидир бир жабр кўрган эркак келиб қабрни бузса, марҳумни безовта қилса. Чунки, бола бегуноҳ-да!

— Унда нега келиб оёқларимга суйкалди?

— Сенам у аёл билан яшагансан, жабр кўргансан. Шунинг учун илон сенга хушомад қилган. Қабрни бузманг деган маънода.

— Ҳа-а, гап бу ёқда денг? Мен бўлсам, ўша кундан бери ўйланиб юрибман. Бўпти, бобо, раҳмат, мен борай энди!

— Ие, чой-пой ичмайсанми? Ўтирардик гурунглашиб.

— Бошқа сафар. Қиладиган ишларим кўп.

Матназар қайтишда яқинроқ йўлдан кетишга қарор қилди. Уйи ёнидан ўтса, Мардоннинг ўша ердалигини билиб тағин асабийлашиб юришни истамади. Қиморхонага етиб келганда, дарвоза олдида Бек аканинг машинаси турарди. Юраги ғаш тортиб ҳовлига кирди. Бек ака негадир ҳовлида тик турганча, Саримсоққа нималарнидир уқтирарди. Матназарни кўриб, ўзи унга пешвоз чиқди.

— Бандалик, ука, бандалик!

— Нима? Нега унақа деяпсиз? — ҳайрон бўлди Матназар Бек акага қўл чўзаркан.

— Бардам бўл! Қизингни Марҳамат бўғизлаб кетибди.

— Нима? Қ-қанақасига? Нега?

— Ўч олмоқчи бўлган-да, мегажин! Фақат… Сен ўзингни бос, ука! Биз уни, албатта, қидириб топамиз. Ўзингни бос!

Матназарнинг қулоғига гап кирмасди. Юраги безовта уриб, пешанасидан совуқ тер қуйилиб чиққандек бўлди. Бирпас каловланиб турди-да, Бек аканинг ҳай-ҳайлашига қарамай жон ҳолатда ҳовлида турган машинани ўт олдириб, қишлоқ томон учириб кетди.

* * *

Бек аканинг ҳашаматли ҳовлиси. Ҳар бир бадавлат одамнинг уйида бўлгани каби бу ҳовлининг ҳам айлана атрофи соқчилар томонидан қўриқланарди.

Дарвозадан ичкарига қадам қўйган кишининг кўзи, энг аввало, ойнаванд уйнинг олд томони, ўртадаги ҳовузга тақаб қўйилган катта бир қафасга тушади. Бек ака бу қафасда иккита тўти асрайди. Бўш қолган пайтларида ана шу тўтилар билан тиллашиб вақт ўтказади…

— Бек ака, бир аёл боядан бери ҳол-жонимизга қўймаяпти! — дарвозада турган соқчи йигитлардан бири эндигина ичкаридан чиқиб қафасга яқинлашган Бек аканинг қаршисига келиб таъзим қилди.

— Ким экан у? Сўрамадингми?

— Сўрадим. Лекин кимлигини айтмаяпти. Аканинг ўзларига айтаман, деяпти.

— Қизиқ бўлди-ку! Қани, бу ёққа бошлаб кир-чи!

Соқчи югурганча ортига қайтиб, бироздан сўнг аёлни ичкарига олиб кирди.

Бек ака унга зимдан разм солди.

Кўринишидан содда аёлга ўхшамайди. Кўзлари чақнаб турибди. Демак, кўча кўриб қўйган. Буни қомати ҳам кўрсатиб турибди…

— «Қаерда кўрганман бу аёлни, — ўйлади Бек ака бош қашиб. — Ким ўзи бу? Нега менинг олдимга келди? Агар қачонлардир бирга бўлганларимдан бири чиқса, дарров танирдим… Йўқ, бунисини таний олмадим…»

— Келинг, синглим, — дея бошини кўтарди Бек ака қаршисидаги бегона аёлни бошдан оёқ яна бир карра кузатиб чиқаркан. — Хўш, хизмат?

— Мени танимадингиз-а?

Бу савол Бек акани янада ҳушёр торттирди.

— Йўқ, афсуски, таниёлмай турибман.

— Мен… Хизматингизда юрган… Матназарнинг…

— Э, бўлди! — кутилмаганда аёлнинг сўзини бўлди Бек ака. — Сиз Матназарнинг иккинчи хотини бўлиб ҳам юргансиз, тўғрими?

— Ҳ-ҳа.

— Исмингиз мабодо Марҳамат эмасми?

— Шундай.

Бек ака унинг бамайлихотир жавоб бераётганини кўриб бирдан тутақиб кетди:

— Сен нега тап тортмасдан менинг ҳовлимга келдинг? Шунча ишни қилиб қўйиб, кириб келасан?! Ҳамма ерда сени милиса излаб юрган бўлса! Ё ўзим берворайми?

Марҳамат бошини эгганча кўз ёшларини артиб оҳиста пичирлади.

— Мен тавба қилиб келдим, Бек ака!

— Вей, ўзинг кимсан-у, тавбанг нима бўларди? Бегуноҳ бир қизчада нима ўчинг бор эди? Тўхта, наҳотки, ҳалигача сени милиса ушламаган бўлса?

— Йўқ. Менга барибир. Ушласа ушлайверсин! Аммо олдин сизга бир гапни айтиб қўймоқчиман.

— Менга қара, сенга ўхшаганларнинг сафсатасини тинглаб ўтиришга сира тобим йўқ. Ундан кўра, обрўйинг борида бу ердан жўнаб қол! Агар кайфиятим бузилса, сени хафа қилиб қўйишим мумкин. Қани, тез чиқ!

— Жон ака, гапимни эшитинг! Бир оғиз гап айтаман холос…

— Уф-ф! Қанақанги сурбет хотин бу-а?! Айт тез!

— Илтимос, Матназар акага айтиб қўйсангиз, мен укаси Мардонга турмушга чиқдим!

— Нима? Сен-а? Ахир, акасига хотин бўлиб… Ё, алҳазар! Вей, сен ўзи соғмисан? Ё бир қайновинг камми? Яна бу гапни менга айтганингни-чи!.. Хушвақт!

Бек аканинг қичқириғини эшитган дарвозадаги соқчилардан бири югуриб ҳовлига кирди.

— Лаббай, Бек ака!..

— Манови хотинни кузатиб қўйинглар! Тезроқ!

— Шунчаки кузатиб қўяйликми ё?

— Ҳа, катта йўлгача олиб чиқиб қўй!

— Хўп бўлади!

Хушвақт тушунди. Катта йўл дегани шаҳардан анча чеккада. Овлоқ, атрофи жийдазорлардан иборат бир жой. У ерга гуноҳкорларнигина олиб боришади.

Шунинг учун ҳеч гап бўлмагандай Марҳаматнинг қўлтиғидан олиб ташқарига бошлади.

* * *

Одам ўлдириб ўрганган кимсалар қўрқувни ҳис қилишмайди. Юраклари ваҳимага тушмайди. Бир туки сесканмайди.

Бек ака Марҳаматни «кузатиб» юборгач, музлаткичдан ароқ олиб эндигина пиёлани тўлдириб қўйгандики, дарвозада қолган иккинчи соқчи ҳовлига чопиб кирди.

— Яна нима гап? — ўтирган ерида сўради Бек ака.

— Ҳозиргина қишлоқдан қўнғироқ қилишди, — деди соқчи.

— Қайси қишлоқдан?

— Матназарнинг қишлоғидан.

— Нима бўпти?

— Матназар қамоқдан қочганмиш.

— Нима?! Қачон? — Бек ака бу хабарни кутмаганиданми, қўлидаги ароқ тўла пиёлани бир четга қўйди-да, ўрнидан турди.

— Қачон қочибди?

— Ўтган куни. Ҳозир… сизни ўлдириш пайида юрганмиш.

— Ўлдириш пайида? Нега?

— Билмадим. Менга шундай деб айтишди. Шаҳарда эмиш ўзи ҳозир.

— Шунақа дегин?.. — Бек ака бир муддат ўйланиб турди-да, соқчига юзланди. — Тезда керакли одамларга қўнғироқ қил! Шаҳарни титкилаб бўлсаям ўша ярамасни топишсин-да, қайтадан турмага тиқишсин! Тез бўл! Вақт кетяпти…

Соқчи буйруқни эшитгани ҳамоно югурганича ташқарига чиқиб кетди…
(давоми бор)

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Номаҳрам... (14-қисм)