15:21 / 26.09.2018
6 640

Маслаҳат беринг: «Талаба келиннинг машмашасидан дод!»

Маслаҳат беринг: «Талаба келиннинг машмашасидан дод!»

Беташвишдек туюлган йигирма беш ёшлардаги бу йигитни таҳририятимиз йўлагида кўриб аввалига эътибор бермадим.

— Опа, сиз билан гаплашсам бўладими? — деб сўради у.

Хонага таклиф қилдим.

— Исмим Элдор, тадбиркорман. Анчадан бери мени бир муаммо қийнаяпти. Шуни газета саҳифаларида чоп этсангиз, деб келгандим, — деди йигит.

Элдорнинг гапларини тингларканман, «Бугуннинг ёшлари анчайин ҳавойи, оғирнинг устида, енгилнинг остида юришади», деган гапнинг мутлақо аксини кўриб турардим. Чунки у бугун кўпчилик ота-оналарни қийнаётган «дил тубида, тил учида» турган муаммога ечим топиш йўлларини излаётганди.

ЭЛДОРНИНГ ҲИКОЯСИ:

— Уйда ёлғиз ўғилман. Иккита синглим бор. Ота-онам зиёли одамлар. Бизга болалигимиздан ҳалол бўлишни уқтиришган. Қимматбаҳо кийимлар, ҳар хил нарсалар олиб беришмаган бўлса ҳам ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизга, меҳнаткаш бўлиб ўсишимизга ҳаракат қилишди. Уч фарзанд кетма-кет вояга етдик. Мен ҳисобчи-иқтисодчилик йўналиши бўйича коллежни тамомладим. Сингилларим олий маълумотли бўлишсин, ўзим кейин ҳам ўқийвераман, деган мақсадда коллежни тамомлагач, бизнес режа тузиб, иш бошладим. Иккала синглим ҳам кетма-кет институтга киришди. Каттаси 2-курсга ўтганида уйимизга совчилар кела бошлади. Энг қизиғи, уларнинг барчаси: «Олий маълумотли қиз излаётгандик», деб эшик қоқишар, синглимнинг шартнома асосида ўқиётганини эшитгач, қайта қадам босишмасди. Сарвиноз 3-курсда ўқиётган пайти бир йигит уни ёқтириб қолибди. Синглим «Ота-онам ва акамнинг рухсатисиз бирор нарса дея олмайман. Ниятингиз жиддий бўлса, улар билан гаплашинг», деганидан сўнг унинг совчилари уйимизга келди.

АНДИШАСИЗ СОВЧИ-ҚУДАЛАР

— Қизни кўрдик, бизга маъқул, — деди йигитнинг онаси. — Фақат шу, институтини тугатишига яна бир йил бор экан-да. Тўйни ўтказаверамиз, аммо ўқишининг шартнома пулини кейинги йили ҳам ўзингиз тўлаб берасизлар. Ўғлимизни ўқитиб олгунимизча она сутимиз оғзимизга келган. Энди келинни ҳам ўқитамиз, деб қийналиб ўтирмайлик…

Йигит ота-онамга маъқул келди. Ўзаро маслаҳатлашиб, қудаларнинг шартига рози бўлишди. Тўйни бир ойдан кейин ўтказишга келишдик. Йигитнинг опаси бир куни мен билан кўришиб, «Қизни ўқитяпмиз, деб тағин мебелнинг арзон-гаровини олиб юрманглар, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиши керак», деб тайинлаб кетди. Тўғрисини айтсам, шу гапдан бироз кўнглим ғаш тортди. Айтишмаса ҳам синглим учун энг яхши нарсаларни олиб беришга қурбим етарди. Бу ҳақда ота-онамга индамадим. Тўйга бир ҳафта қолганида холамлар бориб, синглим тушадиган уйни безатиб келишгач, кечки пайт яна куёвнинг опаси қўнғироқ қилиб, «Гиламингизнинг ранги хонага тушмабди, бошқасига алмаштириб беринглар», деса бўладими. Жаҳлим чиқиб кетди. «Ҳозироқ бориб, фотиҳани бузаман, бу молпараст қудаларингиз ҳали Сарвинозни ҳам роса қийнашади», дея аҳдланганимда, онам: «Қўявер, болам, илгари «Қизи борнинг нози бор», дейишарди. Энди ўғил туққан нима деса шу бўляпти-да», деб кулиб қўйди. Холам эса: «Жиян, энди бошланган ишни тўхтатолмайсан. Дўст-душман орасида «Қизини эплаб узатолмади», деган гап чиқмасин», деб йўлимни тўсди. Хуллас, гиламни алмаштириб келдик.

ТЎЙДАН КЕЙИНГИ ИДДАОЛАР

Тўй ўтди. Ҳам ўқишни, ҳам келинлик вазифаларини эплаётган, қайнота-қайнонасининг хизматини киприк қоқмай адо этаётган синглим бечора кундан-кунга озиб-тўзиб борарди. Бирор ишга улгуролмай қолса, қайнонаси: «Эпласанг ўқимайсанми, қўлингдан келмайдиган ишга уриниб нима қилардинг?» деб уни ерга ураркан. Бундай дакки-дашномлар Сарвинозни анчайин эзиб қўйганди. Ота-онамга дардини сездирмаса ҳам ёлғиз қолганимизда йиғлаб юборишдан ўзини зўрға тийиб турарди. Чунки икки синглимга ҳам доим ўзим суянчиқ бўлгандим-да. Шартнома пулини, ҳатто ўқишга бориб-келиши учун майда-чуйда харажатларини ҳам ўзим кўтараман. «Нима камчилигинг бўлса, сиқилма, менга айтгин», дейман. Қайнонаси эса стипендиясини ҳам ҳисоб-китоб қилиб, санаб оларкан. Онам шўрлик: «Узатишга озгина шошибман-да», деб йиғлайди. Отамнинг дарди ичида. Синглимга эса «Яна озгина сабр қилсанг, ўқишни тамомлаб, ишга кириб оласан, бу кунларни кўрмагандек бўлиб кетасан», деб далда берамиз. Аммо рўзғор ишларидан ортмайди. Вақтида дарсга боришга улгуролмайди. Охири чидолмадим, бир куни қудамизни йўқлаб бориб: «Ҳамма харажатларини ўзимиз кўтаряпмиз, сиз уйда дарс тайёрлашига, эрталаб ўқишига боришига шароит яратиб берсангиз бўлди», десам, «Олий маълумотли келин олиб, маошини қарсиллатиб санаб ўтиришни ният қилгандим, агар талабанинг турган-битгани ташвиш эканини билганимда ўла қолсам синглингизни ўғлимга олиб бермасдим», дейди.

ҚАЙНОНА ҲАМ ОНА-КУ!

У ёғини сўрасангиз, талабалик пайтида турмушга чиқиб, қийналаётган бир менинг синглим эмас экан. Яқинда шу мавзуда гап очилганда онасининг қистови билан талаба қизга уйланган дўстларимдан бири: «Ўтган йили қайнотам шартнома пулини тўлади. Хотиним бу йил охирги курсда ўқияпти. Энди ўзимиз ҳаракат қилайлик, десам онам рози бўлмаяпти. Қайнота-қайнонам: «Диплом олса, ишлаган пулини сизларга беради-ку, ҳеч бўлмаса, ярмига ёрдам қилинглар», деб илтимос қилишди. Онам эса: «Уддалаб ўқитолмасангиз, қизим олий маълумотли бўлади, деб чиранмаслигингиз керак эди. Қизингиз на ўқишни, на уй ишларини эплаяпти», деб ёзғиришини қўймайди. Уйимизда ҳар куни жанжал. Икки ўртада жуда қийналиб кетдим. Аччиқ устида хотинимга бақираман. У эса аламини йиғидан олади. Бунинг устига ҳомиладор, бу жанжалларимиз туғилажак боламизга таъсир қилмасайди, деб қўрқиб кетаман. Шу кунларда хотинимнинг ўқишдан ҳам кўнгли совиган. Нима қиларимни билмай юрибман», деб нолиб қолди.

ЎҚИГАН КЕЛИННИНГ ФАҚАТ МАОШИ КЕРАКМИ?

Кўнглим оғриди. «Ўқиган қизни келин қиламан», деганида онам: «Келажакда туғиладиган набираларининг тақдирини ўйлайдиган одамлар экан. Зиёли онанинг фарзандлари ҳам ақлли бўлади-да, булар қизимизнинг қадрига етадиган одамлар», деб хурсанд бўлганди. Аммо қудамизнинг нияти бошқача бўлиб чиқди. «Иккита ўқимаган келинни олиб оғзим куйган. Эртадан кечгача бекор ўтириб, болаларимнинг топганини еб-ичишади. Олий маълумотли қизни туширсам, ҳар ойда маошини келтириб берса, бир йилда анча-мунча пуллик бўлиб қоламан, деб Сарвинозни келин қилганман», дейди қуда хола андишасизларча…

Куёвимиз: «Ака, сабр қилинг, онам инсофга келиб қолар», дейишдан нарига ўтолмайди. Ўқишга вақтида бориб келолмаётган синглим эртага қандай мутахассис бўлиб етишади? Наҳотки ота-онамнинг шунча йиллик меҳнати, заҳмати чиппакка чиқса?..

ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИДАГИЛАР

Шулар ҳақида сизлар билан суҳбатлашиш учун таҳририятга отланиб юрган кунларимда кичик синглим, 3-курсда ўқиётган Шоирани ҳам совчилар сўраб келишди. Улар ҳам институтда ўқиётган қизни келин қилмоқчи экан. Онам Шоиранинг шартнома асосида таҳсил олаётганини айтди. Бу гапни эшитиб, совчилар қайтиб кетса керак, деб ўйлагандик, аммо: «Майли, шунча пайт сизлар ўқитибсиз, бу ёғига ўзимиз ҳаракат қиламиз», дейишганида ҳайрон бўлиб қолдим. Энг қизиғи, бу одамлар: «Уйимизда ҳамма нарсамиз етарли, эсли-ҳушли, ўқимишли қизингизни бизга беришингизнинг ўзи катта гап, ортиқча харажатларга уринманг, эр-хотин ишлаб, орзу-ҳавас қилиб уйини тўлдирса, нарсаларнинг қадрига етадиган бўлади», дейишяпти.

Оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деганларидек, ота-онам совчиларни обдан суриштиришди. Маълум бўлишича, йигитнинг ота-онаси иккита келин туширган, иккаласини ҳам институтда ўқитиб, олий маълумот олиши учун шароит яратиб беришган экан.

Тўғри, ҳали ота-онам Шоиранинг ҳаёти борасида бир қарорга келишмади, аммо шундай кенг феълли, мулоҳазали одамларнинг борлигидан кўнглим ёришди. Илтимос, ушбу сўзларимни газета саҳифаларида чоп этсангиз, ажаб эмас, уни ўқиб, баъзи одамлар ўзлари учун бир ибрат олишса.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Маслаҳат беринг: «Талаба келиннинг машмашасидан дод!»