Ижтимоий тармоқларда Украина терма жамоаси ва Лондоннинг “Челси” клуби футболчиси Михайло Мудрик такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хабарлар аввало X (собиқ Twitter) платформасида пайдо бўлиб, футболчи янги касб танлагани айтилди.
Ушбу маълумотларга ҳатто “Uber” иловасида “Mixaylo” номли ҳайдовчи профили фотоси ҳам илова қилинган бўлиб, у Мудрикка жуда ўхшаган. Бироқ бу расмларнинг ҳақиқийлиги исботланган эмас. Улар сунъий интеллект ёрдамида яратилган ёки монтаж қилинган бўлиши мумкин.
Энг муҳими, Мудрик ҳозирда Буюк Британияда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган. У BMW M8 русумидаги автомобилида қоидаларни бузгани ва 18 ойда 13 та жарима олгани учун 6 ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, футболчи допинг тестидан ўта олмагани учун вақтинча футболдан четлатилган. 24 ёшли вингер 2024 йил ноябридан буён майдонга тушмаган. У 2023 йил “Шахтёр” клубидан “Челси”га 100 миллион еврога трансфер қилинган ва шартномаси 2031 йилгача амал қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!