Лондоннинг машҳур клуби “Челси”да сўнгги ҳафталарда вазият яна кескинлашди. Football Insider хабарига кўра, жамоа бош мураббийи Энсо Маресканинг келажаги катта савол остида турибди. Итaлиялик мутахассиснинг лавозимини тарк этиши эҳтимоли ортиб бораётгани айтилмоқда.
Манбаларнинг маълум қилишича, Туриннинг “Ювентус” клуби Маресканинг ҳолатини диққат билан кузатмоқда. Агар у “Челси”ни тарк этса, Италия клуби уни ўз сафида кўришни хоҳлаши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Энсо Мареска ўтган мавсумда “кўклар”ни Чемпионлар лигасига олиб чиққан ва Европа конференциялар лигасида жамоани ғалабага етаклаганди. Шунингдек, ёзги мусобақаларда “Челси” Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам зафар қучган эди.
Бироқ жорий мавсум бошланиши мураббий учун мураккаб кечмоқда. “Манчестер Юнайтед” ва “Брайтон”га қарши мағлубиятлардан сўнг жамоа мухлислари ва матбуот босими кескин ошди. Ҳар қанча “Бенфика” ва “Ливерпул” устидан қозонилган ғалабалар вазиятни бироз юмшатган бўлса-да, Мареска ҳали ҳам истеъфо арафасидаги асосий номзодлардан бири сифатида тилга олинмоқда.
Бундан ташқари, клуб ичидаги бошқа муаммолар ҳам бор — ярим ҳимоячи Энсо Фернандесга “Реал Мадрид”нинг жиддий қизиқиши “Стемфорд Бриж”даги беқарорликни янада оширди.
Хабарларга кўра, агар “Челси” яқин турда “Ноттингем Форест” устидан ғалаба қозона олмаса, Энсо Маресканинг келажаги клубда янада хавф остида қолиши мумкин.
Айни пайтда “Челси” АПЛ жадвалида 7 турдан сўнг 11 очко билан 7-ўринни эгаллаб турибди. Бу натижа “кўклар” даражаси учун паст ҳисобланади ва раҳбарият тез орада қатъий қарор қабул қилиши эҳтимолдан холи эмас.
Таҳлилчилар фикрича, агар Мареска яқин ҳафталарда вазиятни яхшилай олмаса, “Челси”да навбатдаги мураббий алмашинуви муқаррар бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!