14:50 / 03.10.2018
4 712

"Бахтга етмасам керак..."

"Бахтга етмасам керак..."
Эсимда, бундан бир йил аввал,дугоналарим билан мактабни битирган эдик. Чарақлаб ёнаётган қуёш остида, ёш болалардай ҳиёбон арғимчоқларида учгандик, музқаймоқ егандик, кечгача сайр қилгандик. Мен баҳтли эдим, жуда баҳтли! Бироқ, буни ўша дамда билмаган эканман...

2012 йил 17 июн

Бугун менга янги шифокор бириктирилди. иссиқ ҳавода кўп юриш зарарли. Айни шу сабаб, бир ўзим зерикиб гулларни томоша қилардим. Бирдан эшик очилди-ю, оқ ҳалат кийган, баланд бўйли, ёқимтой доcтор кирди. У жуда ҳам мулойим, тарбияли, меҳрибон эдики...

—Энди сени шифокоринг менман. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади.

— Мен тузалмаслигимни биламан доктор...

— Йўқ!— деди у мен томонга эгилиб, кўз қисаркан,— Сен албатта тузаласан, менга ишонавер.

У менга кулиб қаради-да, ҳонадан чиқиб кетди. Яшагим келиб кетди...

2012 йил 25 июл

Биз докторим билан ҳар куни суҳбат қурамиз. У ҳаётим, режаларим, орзуларим ва ҳозирги аҳволим ҳусусида турли саволлар беради.

— Ёшингиз неччида? — дедим юрак ютиб.

— Ёшим?!— деди у ажабланиб ва мулойим жилмайди. — Йигирма тўққизда.

— Наҳотки?! Лекин сиз жуда ёш кўринасиз...

— Ёшлигим қолибдими. Мана сени ёш деса бўлади. Ўн етти ёш! — у жовонимдаги дориларни қўлига олиб, нималарнидир ўқир, менга қарамас, лекин саволларимга эринмай жавоб берарди. — Мана бу дори аччиқроқ.

— Сиз уйланганмисиз?

— Уйланганмисиз?— саволимни такрорлади ва мийиғида кулди.— Ҳали сендакасини учратмадим-да. Қани энди ухлаб ол, чарчаб қоласан.

2012 йил 4 август

Кеча мени кўргани оила аъзоларим келишди. Уларнинг кулиб турган юзларига қараб, аслида ичларини ит тирнаётганини билиш мушкул эмас.— Кўринишинг яхши қизим!

— Ҳа дада менга яхши қарашяпти...

— Синглим анча ўзингга келиб қолибсан!

Дадам ва акам кучларини жамлаб бу гапларни айта олишди-ю, бироқ онам ҳеч нарса деёлмади. Ҳамма рол ўйнаётган бир пайтда кичик синглим бор ҳақиқатни айтиб қўйди.

— Опа сочингизни нега қирқиб ташладингиз, жуда ҳунук бўп қопсиз...

2012 йил 17 август

Тобора мажолим йўқолиб боряпти. Мени кўргани келганларнинг оғзида бир гап : “тез орада тузалиб кетасан!” Кўзгуга қараб аҳволимга кулгим келади. Ориқ тана, оқариб кетган юз, сочсиз бош, нурсиз кўзлар. Кимё терапиясидан сўнг қош ва киприклар тўкилиши ҳақида огоҳлантиришди.

— Сен жуда ақлли қизсан. Мудом кулиб туришинг тақсинга лойиқ!— дейди мен учун қадрдон инсонга айланиб бораётган доктор.

— Ўлишингни билсанг ҳам масхарабозга ўхшаб кулаверасан дейсизми?!— ундан кўз узмай, тартибли ҳаракатларини кузатардим.

—йўқ!— деди у ҳаяжон билан қаршимда тиз чўкаркан.— Бундай дема. С-сен ҳали яшайсан!

— Сиз жуда яхши одам экансиз, биласизми нега ?

— Нега?

— Ёлғон гапираётганда сездириб қўяркансиз...

2012 йил 25 август

Ўн етти ёшга кириб, ҳеч кимга кўнгил қўймаганман. Аммо бугун... Ҳа у менинг докторим! Самимий, оқкўнгил, тарбияли, меҳрибон шифокор. Ҳар куни, у ёнимга киришидан аввал ойнага қараяпман, атир сепяпман, нималар тўғрисида гапиришим маъқуллигини чамалаяпман. Бу сатрларимни кимдир ўқиса, устимдан роса кулса керак. Йўқ, кимдир бу сиримни билишини, қалбимда уйғонган ягона, биринчи ва оҳирги ҳисни англаб қолишини ҳоҳламайман..

2012 йил 12 сентябр

Кун сайин ёзишга-да, кучим қолмаяпти. Қалам тутган бармоқларим, икки сатр ёзади-ю, қоғоз устига қулайди. Томоғим қуриб, тез чанқайдиган одат чиқардим. Айтишларича, ўлим олдидан одамлар жуда кўп чанқашармиш... Яшагим келяпти...

2012 йил 17 октябр

Ҳаёт шунчалар ширин неъматки... Гарчи мадорим етмаса-да, ўрнимдан турдим, қалам олдим. Ёзяпману, титраб кетяпман. Деразадан қараб тўймаяпман. Бугунги воқеани ёзмасдан иложим йўқ.

— Доктор ҳаво ажойиб!

— Ҳа.

— Нега ҳафасиз? Йиғлаяпсизми? Ҳа сиз ишни эндигина бошлагансиз-ку, ўрганиб кетасиз. Ҳали қўлингизда юзлаб одамлар ўлади...

— Ундай дема!

— Сизга омонатим бор. Мана бу қўлимдаги кундаликни вафотимдан сўнг олиб, ўқиб чиқинг. У ёстиғим остида бўлади. Охирги бир йилини бўлса-да! Илтимос...

Кўзларидан ёш оқаётган докторим менга узоқ тикилиб турди-да, “Мен ҳам сени яхши кўраман” деди. Қандай бахт! Аммо биз саратон касалига йўлиққанлармиз, аҳмоқлар эмас. У мени алдаганини, фақат инсонийлик юзасидан шундай деганини яхши биламан. Қадрдоним, эллик йилдан кейин ҳам қўлингизда жон бераётган беморларингизга, бугунгидай илтифот кўрсатинг, зора шунда мен етмаган бахтларга етсангиз! Ортиқ ёзмасам керак, ортиқ насиб бўлмаса керак...
Моҳигул Диёрхўжаева

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Бахтга етмасам керак..."