10:16 / 22.10.2018
16 645

Аёл киши ажрашишни талаб қилиши мумкинми?

Аёл киши ажрашишни талаб қилиши мумкинми?
Ислом хатони доим аёл киши қилади, деган фикрда эмас. Кўп ҳолларда эркак ҳам хатога йўл қўяди.

Ёмон хулқли аёлдан эркак талоқ ҳукми билан қутулади дегани, аксинча, эркакнинг хулқи ёмон бўлганида, аёл ҳеч нарса қила олмаслигини англатмайди.

Ислом шариати қуйидаги ҳолатларда аёлга ажрашишни талаб қилиш ҳуқуқини берган: эр зарар етказаверса, жинсий ожизлик қилса, оиласини боқишга кучи етмаса, узоқ вақт йўқ бўлиб кетса ва ҳоказо. Зарар етказишига мисол. Хотин эридан чидаб бўлмас даражадаги кўргуликларни бошидан ўтказади. Масалан, эр уришга ёки доим сўкишга одатланган ёки хотинининг еб-ичиш ва кийиниш эҳтиёжларини қондирмайди. Шунда у қозига бориб, ажраштиришни сўрайди. Қози ишни ўрганиб чиқади ва уларни яраштиришнинг имкони бўлмаса, ажраштиради. Агар аёл кўрсатаётган сабаблар арзимас кўринса, аёлнинг талаби инобатга олинмайди.

Хотин эрини ёқтирмаса ёки эри унга ёмон муносабатда бўлса, Ислом аёлга бошқа қурол беради. Бу қурол хулуъдир.

Хулуъ – хотиннинг эрига пул таклиф қилиш ёки маҳрдан бир қисмини қайтариб бериш эвазига талоқ сўраши. Аллоҳ таолонинг:

“Агар уларнинг Аллоҳ буйруқларини бажара олмасликларидан қўрқсангиз (эридан талоқ олиш ниятида) эваз беришида (ва эрнинг шу эвазни олишида) эр-хотин учун гуноҳ йўқ” (Бақара сураси, 229-оят), деган сўзи хулуъ мумкин эканлигига далилдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Айтди: “Собит ибн Қайс ибн Шамоснинг хотини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келди ва: “Ё Расулуллоҳ, мен унинг хулқи ва динидан нолимайман. Лекин Исломдаги ношукрлигини ёмон кўраман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга боғини қайтариб берасанми?” дедилар. У аёл: “Ҳа”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Собитга: “Боғни қабул эт ва уни бир талоқ қил”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бундай ҳолатларда хотин эридан талоқ талаб қилиши мумкин. Бу Ислом динининг адолатини, аёл ва эркакка ўз ҳақ-ҳуқуқларини беришдаги қийматини кўрсатади.

Шариат ўлчовида ақлга сиғадиган сабаб бўлмаса, хотиннинг эридан талоқ сўрашига рухсат берилмайди. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Бирон сабабсиз эридан талоғини сўраган аёлга жаннатнинг ҳиди (ҳам) ҳаром”, деган сўзлари келтирилган (Имом Абу Довуд ривояти).

Шунингдек, “Зарар етказиш ва ўзига зарар қабул қилиш мумкин эмас”, дейилган ҳадисга биноан эр ҳам бирор сабабсиз хотинини талоқ қилиши мумкин эмас.

Эр-хотин ўзаро муомалада Аллоҳ белгилаган чегарага риоя қилишлари, ҳақларини адо этишлари, адоват ва ажрашишга сабаб бўладиган муаммолардан имкон қадар сақланишга интилишлари керак. Уйлари бахт-саодат кошонаси бўлишига, болаларининг тарбияси ва намунали оила ташкил топишига масъул эканликларини ҳис қилишлари лозим. Шунда уйлари комил инсонларни етиштирадиган гўшага, олиму уламолар тарбия топадиган масканга айланади. Ўша вақтда Аллоҳнинг ёрдами билан мўминлар қалби қувончга тўлади.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Аёл киши ажрашишни талаб қилиши мумкинми?