date

«Трактор» бош мураббийи: «Насаф»нинг ўйин услуби муҳим, фақат натижа эмас»

«Трактор» бош мураббийи: «Насаф»нинг ўйин услуби муҳим, фақат натижа эмас»

Элита ОЧЛнинг 5-тур баҳси доирасида Қаршининг «Насаф» клубига қарши майдонга тушадиган Эроннинг «Трактор» жамоаси бош мураббийи Драган Скочич ўйиндан аввалги матбуот анжуманида иштирок этди. Хорватиялик мутахассис рақибга нисбатан юксак эҳтиромини билдириб, муҳим тактик таҳлилларни ошкор қилди.

Рақибга ҳурмат ва йўқотишлар

Скочич сўз бошидаёқ «Насаф» ҳақида тўлиқ маълумотга эга эканлигини ва уларни жиддий қабул қилишини маълум қилди.

«Биз рақиб ҳақида аниқ маълумотга эгамиз. «Насаф»нинг сўнгги ўйинларда кутилган натижага эришмаётгани, бизнинг уларга бўлган эҳтиромимизни асло пасайтирмайди. Олдинда жуда мураккаб ва ҳал қилувчи баҳс кутмоқда, биз унга тайёрмиз».

Мураббий таркибдаги йўқотиш ҳақида ҳам гапириб ўтди: «Афсуски, хорватиялик легионеримиз Игор Постонийскига умид боғлай олмаймиз, аммо қолган барча футболчилар сафда. Яхши ўйин кўрсатиб, муносиб натижага эришишга интиламиз».

«Насаф»нинг муваффақиятсизлиги сабаблари

«Насаф»нинг сўнгги ҳафталардаги омадсиз серияси ва эртанги ўйин улар учун сўнгги имкониятлардан бири экани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Скочич тактик ёндашув муҳимлигини таъкидлади.

«Ҳа, уларнинг натижалари муваффақиятсиз бўлди, аммо биз фақат рақамларга эътибор бермаймиз. Бу вазиятда «Насаф»нинг ўйин услуби муҳимроқ. Улар «Ал Ваҳда»га қарши ўйинда оддий хатоликлар туфайли мағлубиятга учради. Эртанги ўйиннинг турли шароитларига мослашишимиз лозим.

Мураббий рақибнинг кучли жиҳатларини санаб ўтди: «Бу жамоа узун паслар, тезкор тўп алмашинувлари, ҳимоя чизиғи ортидаги бўшлиқлардан фойдаланиш каби хилма-хил тактикадан фойдалана олади. Бу яхши ташкил этилган жамоа, шунчаки дастлабки ўйинларда бироз омад улардан юз ўгирган».

Иқтидорлилар ва Катанецга салом

Скочич «Насаф»нинг қайси футболчилари унда илиқ таассурот қолдиргани ҳақидаги саволга ўйин олдидан индивидуал тавсиф бермаслигини маълум қилди.

«Биз яхши жамоага қарши ўйнаяпмиз. Уларда ёрқин ва истеъдодли ўйинчилар кўп, лекин бугунча тафсилотларга тўхталмайман».

Нутқ якунида Скочич кутилмаганда ўзбек футболи мухлисларига таниш инсон — Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Сречко Катанецга салом йўллади: «Фурсатдан фойдаланиб, қадрдон дўстим Сречко Катанецга соғлик тилашни истайман».

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » «Трактор» бош мураббийи: «Насаф»нинг ўйин услуби муҳим, фақат натижа эмас»