
Мадриднинг «Реал» клуби ўз молиявий тузилмасида улкан ўзгаришларни амалга ошириш бўйича жиддий музокаралар олиб бормоқда. Voz Populi нашрининг хабар беришича, дунёнинг йирик сармоядорлари «Қироллик клуби» улушини сотиб олишга катта қизиқиш билдирган.
Кимлар клубга инвестция киритмоқчи?
Клуб акцияларини қўлга киритиш истагини Sixth Street инвестиция компанияси ҳамда дунёдаги энг йирик ҳашаматли товарлар империяси LVMH раҳбари Бернар Арно шахсан билдирган.
Мазкур инвесторлар гуруҳи «Реал»нинг тахминан 10 фоиз акцияси учун 1 миллиард евро атрофидаги таклифни тайёрламоқда. Маълумотларга кўра, клуб президенти Флорентино Перес хорижий сармоя жалб қилиш режаларини фаоллаштирган.
Ҳозирги кунда «Реал» клубининг умумий бозор қиймати 10 миллиард евродан юқори экани қайд этилган.
Навбатдаги қадам: Фавқулодда мажлис
Декабрь ойининг ўрталарида клуб аъзолари иштирокида фавқулодда мажлис ўтказилиши режалаштирилган. Унда асосий масала — клуб бошқарувида иштирок этмайдиган, лекин иқтисодий ҳуқуқларга эга бўладиган миноритар акциядорларни жорий этиш масаласи муҳокама қилинади.
Қайд этиш жоизки, Sixth Street ҳозирда ҳам клубнинг асосий объекти — «Сантяго Бернабеу» стадионидаги тижорат лойиҳаларида шерик ҳисобланади. LVMH эса яқинда «Реал»нинг расмий таъминловчиси мақомини олган.
Ушбу улуш сотиб олиш ҳар икки томон учун ҳам узоқ муддатли ва хавфи паст стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда. Лойиҳа маъқулланса, «Реал Мадрид» спорт ва бошқарувдаги марказлашувни сақлаган ҳолда, ривожланиш учун улкан қўшимча молиявий ресурсларга эга бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.