19:07 / 27.10.2018
14 312

Бир кечалик келинчак… (4-қисм. Биринчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (4-қисм. Биринчи фасл)
Тўй баҳона Нодирларнинг хонадони ҳам шовқин-суронга, кулги-ҳайқириқларга тўлди. Эшик олдидаги карнай-сурнайларнинг ғат-ғути бир бўлса, Фазилат опанинг тиши ковагида асраб юрган қимматбаҳо кўйлагини кийиб уёқдан-буёққа ҳаяжон ичида чопиши, эри Нозим аканинг қувончига чидамайми, эрта кунданоқ тўйиб ичиб олгани бир бўлди. Қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар уларни тинимсиз табриклашар, келин бўлмишнинг соҳибжамоллигини гапириб ҳавас билан бош чайқаб қўйишарди.

Биргина Нодирнинг ичига чироқ ёқса ёришмасди. Чунки ҳеч ким унинг бедаво дард исканжасида эканини билмайди.

Ҳа, у ҳануз умид қилади. Наркоманлиги тўғрисида қайғурмаса ҳам, жинсий ожизлигини ўйлаб эзилади. Насиба ёнимга ётса-ю, бирдан ҳаммаси яхши бўп кетса деб умид қилади… Жуда бўлмаганда хотини ёрдам беришидан умидвор бўлади… Қолаверса…

Маросимлар тугаб, ниҳоят бошига куёвлар салласи-ю, зарбоф чопон кийган Нодир оқ ҳарир кўйлакда лов-лов ёниб турган келинни чимилдиққа олиб кирди. Одатга кўра, шу заҳоти эшикни ичкаридан тамбалади…

Буёғига Нодир нима қилишни, гапни нимадан бошлашни билмасди. Насиба ҳам бир четда қотиб турар, кўзлари жиққа ёшга тўла. Нодирга шу нарса туртки бўлди. Секин келиннинг ёнига бориб елкасидан ушлади.

— Нега йиғлаяпсан? — шивирлаб сўради у. — Бу… Ахир… Тақдир!.. Сен… Кел, манави ерга ўтиргин! Мен ҳозир…

Нодирнинг ичи қалтираб кетаётганди. Бунинг сабабини ўзидан бўлак ҳеч ким билмайди. У сал ўзини босиб олиш илинжида бир четга яшириб ташлаган наркотикни олиб бир чимдимини тескари ўгирилиб туриб бурнига тиқди. Шу тобда Насиба кўз ёшларини арта-арта беихтиёр Нодир томонга ўгирилганди. Нима қилаётганини кўрди-ю… Жон-пони чиқиб кетаёзди. Биларди. Бир вақтлар қўшнилари ҳам томорқаларига тўпланиб шунақанги нарсани бурниларига тиқишгани, кейин бироз вақт ўтиб бекордан-бекорга кулишаётганларини эшитган. Улар бир куни ҳатто бир-бирлари билан пичоқлашишган ҳам эди… Ҳа, унақаларни наркоман дейишади. Улар ҳеч нарсадан қайтишмайди…

— Сиз ҳали… Шунақамисиз?..

Нодир унинг пайқаб қолганини кўриб шошилинч кафтларини бир-бирига ишқалаганча кулимсираб Насибага яқинлашди.

— Биласанми… Сал шамоллабман… Шунга… Аптекадан дори олгандим…

Насиба индамади. Аксинча, баттар нафрати қўзғалди. Онасининг сўрамай-нетмай бериб юборгани, берганда ҳам наркоманга берганидан койиди, ўксинди. Аммо… Энди кеч… Бўлар иш бўлиб ўтди… Дардини кимга айтади… Чимилдиққа кирдими, тамом, қизлик даври ўтди…

Нодир акса уришдан тўхтаб, аста Насибанинг елкасидан ушлаб ўзига қаратди.

— Менга тегманг! — кутилмаганда Насиба унинг қўлларини олиб ташлаб ўзини орқага олди. — Тегманг менга!.. М-мен… Билмаган эканман. Наркоман!..

— Нима?.. Бу нима деганинг?.. Қаердан олдинг бу гапларни?..

— Мени гўл деб ўйловдингизми?..

Насиба қўрқувданми, асабийлашганиданми, нуқул титрарди.

— Ҳаммасини кўрдим!..

— Шунақа дегин?.. — Нодир кулимсираб кайф элта бошлаган кўзларини ишқалади. — Хўш, нима бўпти? Кўрган бўлсанг, демак, энди билиб олибсан… Ахир… Сен ниманиям тушунардинг?.. Бўпти, кел, жоним, қучоғимга кир!.. Сен… Менга ёрдам беришинг керак, тушуняпсанми?.. Бутун умидим сендан… Илтимос, мени тўғри тушун!.. Мен… Мен тамом бўлган одамман… Менга ёрдам бер, Наси!..

Бу гапларни Насиба бошқача маънода тушунди. Наркоманлик жонига теккан, шунинг учун ёрдам сўраяпти, деб ўйлади. Беихтиёр Нодирга ер остидан тикилди. Унинг кўзлари қизариб, ранги оқариб кетганди…

Раҳми келди. Нега раҳми келди?.. Буни ўзи ҳам тушунмади. Лекин юмшади… Қандай ёрдам бериш ҳақида бош қотира бошлади…

“Ахир, мен қандай ёрдам беришни билмайман-ку! — кўнглидан ўтказди у чимилдиқнинг бир четига чўкаркан. — Қўлимдан фақат ўша зормандасини топиб яшириб ташлаш, ё ёқиб юбориш келади, холос… Бошқа нима қила олардим?!.”

Нодир бу орада ечиниб, биргина майкада қолганди. Насиба уни кўриб алланечук бўлиб кетди. Ҳозир нималар бўлишини кўз олдига келтирган сари юрагини ваҳм босди.

Лекин… Қўлидан ҳеч нарса келмайди. Онаси айтмоқчи, қиз бола турмушга чиқдими, эрининг хасми. Ҳамманинг олдида юзи ёруғ бўлиб, вақти етганда фарзанд туғмас экан, уятга қолади…

— Кел, Насиба, — Нодир уни чимилдиқ сари етаклаб эҳтиёткорлик билан устидаги кўйлакни ечиб олди. Шу кўйи бирпас Насибанинг билакларини, сийналарини ўпиб турди. Барибир ўзида ҳеч қандай ўзгариш сезмади.

“Нима қилсам экан? — қийналиб кетган Нодир Насибани қўйиб юборди-да, каравотнинг бир четига бориб ўтириб бошини чангаллади. — Дўхтирларнинг гапи билан нималар қилмадим… Беҳаё киноларниям томоша қилиб кўрдим. Эҳ, нимага битта мен шундайман?.. Қайси айбим учун?.. Энди Насибага қандай тушунтираман?.. У ниманиям тушунарди?..”

Насиба эса, ўзича хаёл сурарди. Нодирнинг қўлларини баданида ҳис қилган маҳал, эҳтиросли нафасларини эшитган тобда Фурқат илк марта қучган кун кўз олдига келарди. Йўқ, беихтиёр ижирғаниб кетди… Фурқатга ўхшата олмади Нодирни…

— Насиба, кел, менга ёрдам бер!.. — кўзлари жиққа ёшга тўлган Нодирни кўриб Насиба ҳайрон бўлди. — Мен шу кеча сенинг юзингни ёруғ қилишим лозим. Нега жим турибсан?.. Наҳотки, менга раҳминг келмаса?..

Нодир куч билан уни кўтариб олди-да, каравотга ётқизди.

— Вой, нима қилиб ёрдам бераман? — Сонларига канадек ёпишган қўлларни итариб ташлашга уринаётган Насиба зарда аралаш сўради.

— М-мен сенга очиғини айтаман… — бирдан ўтириб олди Нодир. — Айтаман. Умид қиламанки, сен мени тўғри тушунасан. Ахир, хотинимсан-ку!.. Биласанми, мен… Йигит бўлиб… Йигитлик вазифамни бажара олмаяпман… Мен… Касалман!.. Айт, нима қилай?..

— Касалман? — Насиба тўсатдан ўрнидан туриб кетди. — Наркотикни айтяпсизми?

— Йўқ, уни эмас… Нега шу чоққача ҳам тушуниб етмадинг?.. Бошқача касалман!.. Мен… Сенга эрлик қила олмаяпман!..

Нодир шундай деди-ю, ўкириб йиғлаб юборди. Насиба шошиб қолди. Нима қилишни, уни қандай овутишни билолмай, югурганича даҳлизга чиқди. Нодирнинг йиғлаётганини онаси Фарзиниса опа ҳам эшитган шекилли, остонада ранглари оқарганча гарангсиб турган Насибани кўриб икки елкасидан маҳкам ушлаган кўйи силтай бошлади.

— Нима бўлди?.. Нега Нодир йиғлаяпти?..

Насиба жавоб берадиган аҳволда эмасди. Зўрға қўли билан «киринг» ишорасини қила олди. Фарзиниса ая, унинг кетидан отаси Нозим ака, амма-холалари ичкарига ўзларини уришди. Насиба тош қотганча остонада қолиб кетди…

* * *
— Ҳа, болам, сенга нима бўлди? Нима жин урди ўзи?..

Нодир кутмаганди. Хонада пайдо бўлган ота-онаси, қариндош-уруғларини кўриб шоша-пиша рўмолчаси билан кўз ёшларини артиб олди. Кўзлари қизариб кетганди.

— Нега мунча шовқин кўтарасизлар? — у ўзини босишга уриниб, каравотга ўтириб олди. — Менга ҳеч нарса бўлгани йўқ. Шунчаки…

— Ҳа, бу яна наркотик чекиб олибди, онаси! — бирдан тутоқиб ўғлига ўқрайди Нозим ака оқарган сочларини асабий силаб қўяркан. — Ўшанинг дастидан йиғлаган-да!.. Вей, қачон ташлайсан-а шу ярамас нарсани?.. Ахир, ҳеч бўлмаса уйланганингдан кейин чекмасанг-чи!.. Келиннинг юрагини ёрворибсан-ку, аҳмоқ!.. Вей, қачон одам бўласан ўзи-а?..

Нодир индамай ўтираверди. Бир ёқдан онаси, иккинчи томондан отаси узоқ вақт тергашди. Шунда ҳам ғиқ этмади. Очиғини айтишга қўрқди. Шарманда бўлишни истамади…

Тергей-тергай, ҳаммалари чиқиб кетишгач, яна ўзи яшириб қўйган наркотикни қўлига олиб, уй эшигини ичкарисидан беркитиб олди…

Кўп ўтмай, у яна қаерлардадир узоқда парвоз қила бошлади…

* * *
— Ўғлинг одам бўлмайдиганга ўхшайди, — деди Нозим ака эртасига нонуштадан сўнг келинининг ортидан назар ташлаб оларкан. — Кечагина келган келиннинг аҳволини қара!.. Ахир, бу шўрлик қаёқдан билибди?.. Йўқ, ўзинг ўйла, болалигидан устачиликка бериб, ҳунар ўргаттирдим. Қўли гул уста бўлди… Мана, уйлаб ҳам қўйдим. Энди нима етмайди бунга-а?.. Нимага чекади шу савилни?.. Эҳ, бошида билиб қолмаганимга ачинаман. Бурнидан сим ўтказиб ташлаттирардим ўшани…

— Адаси, бу ерда бошқа гап борга ўхшайди. — уёқ-буёққа кўз ташлаб олгач, аста шивирлади Фарзиниса ая. — Мен онаман, ахир, кўнглим бошқа нарсани сезгандай бўляпти…

— Хўп, нимани сезибди ўша кўнглинг?..

— Э, қуриб кетсин… Айтишгаям уялади одам…

— Айтавермайсанми, намунча одамни хит қилмасанг сен ҳам?!.

— Ўғлимизнинг бирон бир касали йўқмикан ишқилиб?..

— Э, ўғлингни мана шу оғу хароб қиляпти, холос, унда касал нима қилсин?

— Йў-ўқ, адаси, бу ўзбошимча ўғлингиз бизга билдирмай юраверганга ўхшайди… Келинимизнинг янгаликка қолган холасиям негадир тилини тишлаб юрибди… Ҳеч бир янгилик айтмади… Кўнглим ғаш, адаси, кўнглим ғаш…

— Астағфирилло!.. — Нозим ака бирдан ўрнидан туриб кетди. — Нимага шу чоққача айтмадинг менга?..

— Вой, мен қаёқдан билай?..

— Бор, тез чиқиб янгаси билан яна бир гаплаш!.. Аниқласин. Иссиғида чорасини топиш керак… Балки, ёшлик қилиб сал ҳаяжонлангандир?..

Фарзиниса ая чиқиб кетди. Нозим ака бўлса, бошини чангаллаганча гиламга ўтириб қолди.

— Наҳотки, менинг ўғлим касал бўлса?.. — дерди у ўзига-ўзи. — Бўлиши мумкинмас… Тўхта, балки…

Нозим ака нимадир эсига тушгандек бирдан ҳушёр тортди.

— М-мен айбдор бўлиб чиқмай тағин… Ўшанда… Ишқилиб, ҳаммаси яхши бўлсин!..

Ота ҳамон нимадандир умид қилар, хотинининг қайтиб киришини, кирганда ҳам яхши гап топиб киришини сабрсизлик билан кутарди…

Орадан ярим соатлар вақт ўтиб Фарзиниса ая кириб келди. Рангида ранг қолмаган, кўзлари ёшли эди.

— Хўш, гаплашдингми? Нима экан? — дея саволга тута кетди Нозим ака хотинининг аҳволига назар ташлашни ҳам унутиб. — Гапирсанг-чи, нима?..

Фарзиниса ая жавоб бериш ўрнига пиқиллаб йиғлай бошлади.

— Уф-ф, хотинларнинг йиғисини эшитсам, сочларим тикка бўлиб кетади-да! —Нозим ака хуноби ошиб уй ичини айлана бошлади. — Бўлди қил дийдиёингни!.. Худди биров ўлгандай йиғлашинг нимаси?..

— Адаси, шарманда бўлдик! — деди ниҳоят Фарзиниса ая. — Ўғлимиз… Келиннинг юзини ёруғ қила олмабди…

— Нима?.. Ё алҳазар!..

— Ҳамма айб ўзингизда! — деди Фарзиниса ая. — Эсингиздами, бир пайтлар жа ичкиликка берилиб кетгандингиз?

— Қачон, онаси? — Нозим ака бўшашиб хотинига юзланди.

— Ўшанда заводда омборчи эдингиз. Нодир энди бир ярим яшар бўлганди. Ичиб келиб мен билан уришиб қолдингиз-у, Нодирни шартта тортиб олиб ўзимни ҳайдаб солдингиз…

— Хўш, нима бўпти ўшанга?

— Ўшанда мен қўшниларникида ярим кечасигача мижжа қоқмай ўтирдим… Қиш кириб қолаёзганди. Бир маҳал хабар олай-чи боламдан деб чиқсам, Нодир шўрлик қип-яланғоч ҳолда сўрида биғиллаб ётибди… Сиз бўлсангиз, парвойингиз фалак сўрининг нариги бурчагида хуррак отяпсиз. Жонҳолатда келиб кўрсам…

Фарзиниса ая беихтиёр йиғлаб юборди. — Боламнинг аъзойи бадани музлаб кетибди… Ўшанда қаттиқ шамоллаганди Нодирим… Ҳазилакам қийналмаганди бечора болам… Дўхтирларга олиб борганимиздаям бу шамоллашнинг асорати қолиши мумкин дейишганди-ку!.. Мана ўша асорати, билдингизми?.. Ярамас ичкиликни деб биттагина боламни бахтсиз қилиб қўйдингиз-ку!..

— Тўғри, хотин, — дея бош эгди Нозим ака. — Мен сенга кўп жабр етказдим… Ўша пайтларда айтгандинг. Ўғлимиз касалманд бўлиб қолмасин-да, деб қайғурардинг… Нима қилайки, хом сут эмган банда эканман… Охирини ўйламадим… Менга қара, майли, бўлар иш бўлди… Энди келинингга яхши гапириб, кўнглини олгин. Тағин уйига жўнавормасин!.. Нодирни бўлса, маслаҳатлашиб дўхтирга қаратамиз… Ахир, тузалмайдиган каcал бор эканми…

Фарзиниса ая ҳеч нарса демади. Кўз ёшларини арта-арта, ташқарига — қариндош-уруғларнинг олдига чиқиб кетди.

* * *
Нодир яна бир-икки маротаба ҳаракат қилиб кўрди. Натижа чиқмади. Шундан сўнг ҳаммасига қўл силтади… Насибанинг олдида ётмай, даҳлизда ухлайдиган одат чиқарди. Чунки бу эр-хотинлик узоққа бормаслигини кўнгли сезди… Лекин… Ноумид шайтон деганларидек, тағин йўл қидира бошлади… Кечалари бошига муштлаб, уёқдан-буёққа юриб чиқди… Наркотикдан ҳам, Насибадан ҳам воз кечолмаслигини ўйлагани сайин ёруғ дунёга сиғмай ўртанди…

— Йўқ, мен ким биландир очиқчасига гаплашишим, маслаҳатлашишим керак! — деди ўзига ўзи. — Мен Насибадан айрилиб қолишни истамайман… Йўли бордир, ахир, биронта!.. Майли, керак бўлса, мана шу оғуни ташлайман. Қўлимдан келади… Аммо Насибани нима қилиб бўлмасин, шу уйда опқолишим керак… Бошқанинг қўйнига кириб кетишини истамайман… Тоштемирга учрашаман… Ё, индамай қўя қолсаммикан?.. Мабодо бошқача тушунса… Йў-ўқ, Тоштемир унақа йигитмас… Эркак у, эркак…

Эртасига ўртоғи Тоштемирга учрашди. Маҳаллада энг яқин дўсти шу эди. Зерикканда улфатчилик қилиб туришарди… Отаси Тўхта ака баққол. Кўпинча пулни ўша Тоштемир топарди. Бунинг устига уйланган.

— «Тоштемирга таваккал айтаман, — кўнглидан ўтказди Нодир апил-тапил кийиниб ташқарига йўл оларкан. — Балки бирор жўяли маслаҳат берар…» Мен тажрибасизлик қилаётган бўлмай яна…

Тоштемир кечаги кайфдан сўнг сал ўзини ёмон ҳис қилар, кўзлари ичига кириб, гарангсиганча ҳовли айланиб юрган экан. Нодир кўрдики, уйида дўстидан бўлак ҳеч ким йўқ.

— Э, оғайни, бормисан? — унга пешвоз чиқди Тоштемир. — Вей, тез анави ерга бориб кел!.. Мен пулини бераман. Савилдан олиб кел, бир кайф қилмасак, аҳвол чатоқ!..

— Ўзинг-чи?.. — деди Нодир норози оҳангда. — Яқин-ку ораси!.. Бориб кела қолмадингми?

— Сен кеп қолдинг, бўлмаса бормоқчи бўлиб турувдим!.. Кел энди, таранг қилма, ўртоқ!..

— Ароқ ичиб қўя қолсак-чи?

— Э, ароқни бошингга урасанми? Биз алкашмидик ароқ ичиб?.. Ма, пулни ол!.. Икки кишилик олиб кел!..

Нодир ноилож қолди. Ўзи ҳам жон деб турганди. Тоштемирнинг велосипедини олди-да, қўшни маҳаллага жўнади…

Орадан ярим соатча ўтиб қайтиб келди. Чўнтагидаги қоғоз, устидан целлофанга ўралган наркотикни узатаркан, Тоштемирга маъноли тиржайиб қўйди. Икковлари омборхонага кириб оғуни тинчитишди. Тоштемир сал ўзига келгандек кўзларини юмганча полга чўзилиб юборган Нодирнинг тиззасига шапатилади.

— Вей, чимилдиқда ишлар қалай? Мундоқ гапирмайсан-ам-а!..

Нодир тўсатдан ўрнидан турди. Қисилган кўзлари каттароқ очилди.

— Биласанми, — деди Тоштемирнинг елкасига қўлини қўйиб. — Аслида сенга бир муҳим гапни айтишга келгандим.

— Хўп, айт, нима гап?..

— Фақат… Бировга гуллаб қўймасанг айтаман.

— Нима, шунчалик муҳимми?.. Ё манавиндан ҳам кучлироғини топдингми?

— Йўқ… Бошқа гап… Хуллас, оғайни, м-мен касал бўлиб қолдим…

— Касал?.. Отдайсан-ку!.. Ана, кўзларинг ўйнаб турибди.

— Э, оғайни, касал бўлиб бир ерим оғриса алам қилмасди… Мен… Хотинимни эплолмадим…

— Нима?.. — Тоштемир бирдан ўрнидан туриб кетди. — Нима дединг? Жиннимисан?..

— Жиннимасман. Бор гапни айтдим… Қўлимдан келмади, вассалом!..

Тоштемир аввалига хохолаб кулиб юборди. Улфатининг бир туки ўзгармаганини кўргач, бошини эгганча ер чиза бошлаган Нодирнинг елкасидан ушлаб ўзига қаратди.

— Менга қара, тушкунликка тушма, балки сал ҳаяжонлангандирсан!.. Ўтиб кетади. Ўзингни қўлга ол!.. Ҳаммадаям бўлиши мумкин бу нарса.

— Йўқ, менинг касалим оғир, оғайни!.. Биласанми, шу касалнинг орқасидан неча марталаб дўхтирга қатнаганман. Аммо фойдаси бўлмади…

Нодир кутилмаганда йиғлаб юборди.

— Мен тамом бўлдим, Тоштемир!.. Тамом бўлдим!..

Тоштемир уни қўлтиғидан олиб турғазди-да, ташқарига бошлади.

— Юр, сиқилма! Бирор чораси топилиб қолар!..

— Ҳеч кимга айтмайсан-а?.. Айтмайсан-а?.. — ялинган оҳангда қайта-қайта сўрарди Нодир. — Мени шарманда қилмайсан-а синфдошларнинг олдида?

— Жинни бўлганмисан?.. Ўлибманми айтиб? Бунақа гапларни бировга айтиб бўлмайди… Юр, ўзим би-ир сени бугун меҳмон қилай!..

Шу куни Тоштемирнинг хотини ота уйига кетган, онаси қаердадир меҳмонда, отаси бозорда эди. У шоша-пиша дарвозани қулфлаб, Нодирни етаклганча нариги маҳаллага жўнади…
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (4-қисм. Биринчи фасл)