13:12 / 28.10.2018
10 706

Бир кечалик келинчак… (7-қисм. Биринчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (7-қисм. Биринчи фасл)
— Ахир… Тўғри, мен ҳаммасидан хабардорман… Қаранг, нима дейишниям билмай қолдим… Қизим бир марта турмуш кўрган бўлса… Кейин…

— Кейин-пейини йўқ, эгачи! — гапни кесди Сарвиноз опа қулоғидаги олтин исирғасини асабий ушлаб қўяркан. — Биз ҳаммасидан хабардормиз… Фурқатжон ҳаммасини айтган… Нима дейсиз?.. Икки ёшнинг бахтли бўлишига розимисиз, эгачи?..

— Мен нимаям дердим? — бироз сукутдан сўнг жавоб қилди Нафосат ая. — Икковлари бир-бирларини ёқтиришибди… Қолаверса, бир марта қизимнинг раъйини қайтариб, мана, кўрган оқибатим ҳалигидақа бўлиб… Бахтли бўлишса бўлди-да!..

— Мана бу бошқа гап!.. — Раъно опа ҳовлиқиб ёнбошидаги тоғоралардан бирини очди-да, пишириқларни дастурхонга чиқариб қўйди.

— Қани, эгачи, бир фотиҳа қилиб юборасиз энди! — деди у Нафосат аяга мамнун боқиб. Онанинг кўзларига беихтиёр ёш келди. Бирпас ўйланиб қолди. Ҳойнаҳой укасига хабар бермагани эсига тушдими, ё нимадандир безовталандими, нима қилишни билмай каловланди. Меҳмонларнинг икки кўзи унда эди. Улар ҳайрон бўлиб бир Нафосат аяга, бир Наима опага қараб-қараб қўйишарди. Буни Наима опа сезди шекилли, яна опасини туртди. Нафосат ая сесканиб бошини кўтарди.

— Вой, узр, хаёл шу тобда опкетиб қопти! — дея олди зўрға кўз ёшларини қўлидаги рўмолчасига артиб. — Қани, бўлмаса, илоё омин, икки ёш қўшганлариминан қўша қаришсин! Ували-жували бўлиб, ҳеч қачон дунёда ёмонлик кўришмасин, Оллоҳу Акбар!..

Қолганлар ҳам дуога қўл очиб Нафосат аянинг кетидан фотиҳага жўр бўлишди.

Фотиҳадан сўнг ҳаммалари ширинликлардан иримига тотиб кўришди.

— Қуда, энди тўй кунини бирдан белгилаб кетсак-а? — деди Раъно опа пар ёстиққа астойдил ёнбошлаб.

— Вой, биз ҳали ҳеч қанақанги тайёргарлик кўрганимиз йўқ. — кулимсираб елка қисди Нафосат ая. Бу жавобни эшитиб Сарвиноз опа кулиб қўйди. Раъно опа эса, шоша-пиша катмонидан долларлар чиқариб қудасига узатди.

— Манави ерда минг доллар, қуда! — деди у. — Куёвингиз ҳаммасидан хабардор бўлгани учун бериб юборди. — Бу пулларга яхши мебель сотиб олинглар. Э, сиз сира хижолат тортманг! Эркак қудангиз Худога шукр Тошканни сўраган одам. Ҳаммасини ўзи қилиб беради…

Нафосат ая умрида кўрмаган яшил пулларни олишни ҳам, олмасликни ҳам билмасди. Хижолатда қолганини сездириб қўйди. Лом-мим деёлмай каловланиб турганда, Раъно опа пулларни унинг қўлига мажбуран тутқазди.

— Олинг, қуда, қизингизнинг пешонаси ярақлаган экан. Фурқатдай жиянимнинг назарига тушибди. Илойим бахтли-тахтли бўлишсин!..

Кетар чоғларида қудалар тўй куни-ю, майда-чуйда маросимларгача келишиб олишди. Фақат икковларининг ҳам юраклари муз эди. Ҳамма мулозаматлари ясама эди. Гарчи Насиба ўзларига ёқинқираб тушган бўлса-да, одми кийинган қудалардан, анчадан бери ҳатто таъмир кўрмаган каталакдай ҳовлидан кўнгиллари тўлмади. Фақат Фурқатдан қўрққанлари учунгина дардларини ичга ютиб «Мерседес»га ўтиришди.

* * *
Нафосат ая ҳайрон қолди. Куёв томон уларни бир сўм сарфлашга қўймади. Фурқат ўртоқларини ёнига олиб керакли нарсаларни муҳайё қилиб берди…

Хуллас, тўй бошланди. Насиба иккинчи марта яна оқ либосда, энг яқин дугоналарининг қуршовида «Лимузин»га чиқиб ўтирди. Шу тобда бахтиёр эди. Бошқа тарафдан қаттиқ ҳаяжонланар, ўз бахтига сира ишонгиси келмасди…

Машиналар саф тортиб ниҳоят Тошкентдан чиқаверишдаги атайин келин-куёвлар учун қурилган ҳашаматли уй қаршисига келиб тўхтади. Дарвозанинг икки тарафи одамга лиқ тўла. Карнай-сурнайларнинг ғат-ғутидан мисоли ер титрарди…

Ана, ичкаридан зар чопон ва бошига саллали дўппи қўндириб олган Фурқат ҳам куёвжўралар билан келиннинг истиқболига чиқиб келди.

Ҳамма ўзи билан ўзи овора…

Фурқат келинга гулдастани тутқазиб бақир-чақирлар орасидан секин ичкарига етакларкан, Насибага ер остидан қараб қўйди. Насиба эса, саройлардек уй, икки томонида қўл қовуштирганча қотиб турган казо-казоларга кўзи тушган сари оёқ-қўллари қалтирар, юзлари лов-лов ёнарди…

Тўполон билан тўй ҳам ўтди. Янгалар Насибани ўртага олиб келинлик хонасига олиб киришди. Йўқ, бу уйни таърифлашга тил ожиз. У оёқлари остидаги чўғдай ёнган гиламларни, дид билан қаторлаштириб чиқилган юмшоқ мебелларни, айниқса, келин-куёв учун махсус тўшалган диванни кўриб лол қолди. Наҳотки, бахт деганлари шу бўлса?.. Ахир, бундай шоҳона уйлар, Фурқатдек меҳрибон, камтар йигит ҳар бир қизга насиб қилавермайди-ку!.. Йўқ, у туш кўраётган бўлса керак… Ширин бир туш…

Насиба янгалар куёв икковларини ёлғиз қолдириб хонани тарк этишгач, билдирмайгина лабларини қаттиқ тишлаб кўрди. Йўқ, бу туш эмас, ҳақиқатнинг ўзи…

Шу маҳалда қўйиб беришсайди, Фурқат акасининг бўйнига осилиб қувончларини баҳам кўрарди…

Йўқ, кимнингдир қўйиб бериши шарт эмас. Икковлари ёлғиз. Халал берадиган ҳеч ким йўқ…

Фурқат секин келиб Насибани бағрига босди. Қиз сесканиб кетди. Лекин қимир этмади.

— Мен сенга нима дегандим? — кулиб аввал унинг бўйниларини, кейин лозим ярашиб турган сонларини силади Фурқат. Насиба нима демоқчи эканини тушунди. Чунки Фурқатнинг ҳар бир гапи миясига муҳрланиб қолганди. Лекин атайин қайта сўради:

— Хўш, нима дегандингиз?

— Эсингда йўқми?

— Йўқ.

— Айтгандим-ку, ютқазишни ёмон кўраман деб!.. Мана, сўзимни исботладим. Барибир меники бўлиб турибсан… Ўша ҳеч кимга насиб қилмаган бокиралигинг айланиб келиб менга насиб этди… Тан бердингми?

— Э, қўйинг-э, — бошини эгиб олди Насиба. — Уятсиз гапларни гапирманг!..

— Энди бизнинг орамизда туни билан фақат уятсиз гаплар гапирилади.

— Мен истамасам-чи?

— Истамай бўпсан, жонидан!..

Фурқат кутилмаган ҳаракат билан Насибани даст кўтариб олди ва диванга ирғитиб юборди. У қиқирлаб кулганча нақ диваннинг четига бориб тушди. Сал бўлмаса, полга қулай деди. Фурқат шоша-пиша кийимларини ечиб ўзини Насибанинг устига отди…

* * *
Насиба эрта тонгда тиниқиб уйғонди. Кечаси кам ухлаган бўлишига қарамай, барибир кайфияти аъло эди. Кўзларини очгани ҳамоно ёнбошига қаради. Ёнида Фурқат йўқ. Аввалига қўрқиб кетди. Кейин… Ваннахонада бўлса керак деб хаёл қилди-ю, секин ўрнидан туриб ўтирди. Аъзойи бадани симиллаб оғрирди. Тунги қийноққа йўйиб эътибор қилмади. Кийимларини кийди-да, секин деразадан ташқарига қаради. Ҳовлида Фурқатнинг амма-холалари, қариндош-уруғлари бўлса керак, уёқдан-буёққа чопиб юришарди.

“Ҳозир келин салом бошланса керак. — хаёлидан ўтказди у. — Фурқат акам қаерда эканлар? Тезроқ кела қолсайди…”

Хизрни йўқласанг ҳозир экан. Ҳали ортига ўгирилиб улгурмай, эшик очилиб ичкарига Фурқат кириб келди. Насиба унинг ичга ботган кўзларини, докадек оқариб кетган юзларини кўриб жон-пони чиқиб кетди.

— Сизга нима бўлди, Фурқат ака?

Фурқат кўзларини янада қаттиқроқ қисиб совуқ тиржайганча Насибага яқин келди.

— Хўш, кайфиятлар қалай, келин бола? — сўради у масхаралаганнамо. Лекин Насиба буни шунчаки ҳазилга бурди.

— Қалай бўларди? Зўр!..

— Шунақа дегин?..

Фурқат бошини чайқай-чайқай, диванга бориб ўтирди.

— Биласанми, мен мақсадимга етдим! — деди бироз сукут сақлаб тургач.

— Билсак бўладими? Қандай мақсад экан?..

— Бу сен эдинг… Сенинг бокиралигинг эди…

Фурқат тўсатдан ўрнидан турди-да, Насибанинг икки елкасига қўлини қўйди.

— Сен бир вақтлар менинг устимдан кулмоқчи бўлгансан, эсингдами?

— Қачон?

— Менга ваъдалар бериб анави ҳезалакка тегиб кетганингда, менинг ғурурим поймол бўлган… Шунинг учун ўзимга ўзим сўз берганман… Қандай бўлмасин, бир марта сени қучоғимда олиб ётишни кўнглимга тукканман. Мана, мақсадимга етдим…

— Хўш, нима бўпти?.. — Насиба Фурқатнинг кутилмаган муомаласини кўриб йиғлаб юбораёзди. — Шуларни ҳозир юзимга солишингиз шартми? Ё… Қиз чиқмадимми?..

— Йў-ўқ, қиз болалигингга гап йўқ… Фақат… Сенга бир гапни айтиб қўймоқчиман.

— Айтинг, мен эшитавераман…

Фурқат бир муддат ўйланиб қолди. Сўнгра ўрнидан туриб деразадан ташқарига қаради… Яна бориб диванга ўтирди… Тез-тез бошини қашиб олди… Ниҳоят қайта ўрнидан қўзғалиб Насибага юзланди.

— Энди… Сен менга керак эмассан!..

— Нима?.. Фурқат ака, бу нима деганингиз? Кайфингиз борми?..

— Кайфимминан нима ишинг бор?..

— Фурқат ака, тушунмадим. Нима демоқчисиз?

— Менга керагинг йўқ, демоқчиман, энди тушундингми?..

— Қ-қандай қилиб?.. Ахир…

— Нима ахир?.. Мен сенга яна қайтариб айтаман… Ўша ишинг учун мен сендан ўч олдим… Тўғриси, менга бир мартагагина керак эдинг… Энди…

— Ҳали… Шунақамисиз?.. М-мен… М-мени… Ҳайдаяпсизми?..

— Қўрқма, оғзингга сиққанича пул бераман… Ўлмайсан очингдан!..

— Нима?..

Фурқат яна дераза орқали ташқарига кўз ташлаб олди-да, гапни калта қилди.

— Хуллас… Ҳозир нарсаларингни йиғиштириб уйингга кетишинг мумкин… Бугундан бошлаб… Уч талоқсан!.. Ма, манави пул умрингнинг охиригачаям етиб ортади…

Бу гапни эшитган Насибанинг кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди. Боши ғувиллаб лаблари асабий титради…

— Иф-лос!.. Пулинг бошингда қолсин, номард!..

Алами бўғзига тиқилган Насиба жонҳолатда ташқарига югурди. Қудрат Каримович эндигина бир-иккита меҳмонларини кузатиб ҳовлига кирганди. Янги келиннинг бош яланг, сарпойчан йиғлаб чиқиб кетаётганини кўриб шошиб қолди. Насибанинг ортидан қариндош-уруғлар ҳам чопишди.

— Ҳой, қизим, қаёққа?.. Нима бўлди?.. Қайтинг орқангизга!..

Насиба ҳеч кимнинг овозини эшитмасди. Кўз ёшлари дарёдек оқиб дунёни кўришга халал берса-да, олдинга, фақат олдинга чопарди…

Фурқатникидагилар анча ергача орқасидан чопиб боришди. Ета олишмади. Қудрат Каримович то ўзини йиғиштириб орқасидан машина юборгунча Насиба катта йўлга чиқиб ўткинчи машинага ўтириб олишга улгурди.

* * *
Шу кеча она-бола деярли кўз юммай тонг оттиришди. Насиба аламдан куйиб-куйиб йиғлар, Нафосат ая бўлса, уни юпатолмай ҳалак эди. Қани энди қизи тушмагур гапга қулоқ солса. Сира тушунтириб бўлмайди. Нафосат ая охири чидай олмади. Қаттиқ-қаттиқ гапиришга мажбур бўлди.

— Э, йиғлайвераркансан-да, — деди қўл силтаб. — Ўзингам жуда эрсираб қолган экансанми нима бало?! Туққан онангнинг гаплариям таъсир қилмаса…

— Бу… Нима деганингиз, ойи? — ниҳоят бошини кўтарди Насиба. — Қандай тилингиз борди?

— Тилим боради-да! На иссиққа кўнасан, на совуққа. Буёғидан келсак-чи, ўша гўрсўхтани ўзинг топгансан. Ўлиб кетдинг ўшандан бошқага тегмайман, ўшани дейман деявериб! Энди нимага тумшайиб юрагимни сиқасан?..

— Кечиринг, ойи, мен… Билмабман.

— Мана бу бошқа гап. Одам деган сал ўзини тутволиши керак. Ундан кўра, эртанги кунни ўйла. Кўрасан, келишади ҳеч нарса бўлмагандай ялиниб.

— Қандай келса, шундай қайтиб кетаверади. Бошида қолсин уйлариям!..

— Бўпти, қара, тонг ҳам отиб қоляпти. Турақол, ҳовлиларни супур-сидир қип қўяйлик!.. Яхши бор, ёмон бор. Фақат… Қаддингни тик тут! Бу кунлар битта сени бошингда бормас…

— Хўп!

Насиба бу гаплардан сўнг ҳарқалай ўзига келиб кийимларини алмаштирди-да, ҳовлига чиқиб супур-сидирга тушди…

* * *
Нафосат ая айтганидек, соат эрталабки тўққизга бормай, Қудрат Каримович Фурқатни етаклаб кириб келди. Ота-болаларнинг ҳам қовоқларидан қор ёғарди. Айниқса, Фурқатнинг кўзлари ичга ботган, негадир юзлари, кўз остилари кўкарган эди.

— Бу ғаламисни кечиринг, қизим! — салом-аликдан сўнг тилга кирди қайнота. — Мен учун кечиринг!.. Агар ўғлим бўлмаганда бу иши учун ўзимоқ бўғизлаб қўя қолардим. Жон қизим, мана кўрасиз, қайтиб борган кунингиздан мулла минган эшакдай ювоштириб қўяман. Фақат… Қайсарлик қилманг, одамларнинг олдида мени шарманда қилманг!.. Ахир, ўзим бош эгиб келдим!.. Ҳой, хунаса, нимага қоққан қозиқдай қотиб қолдинг? Гапир! Узр сўра, керак бўлса, оёқларига бош уриб тавба қил!..

Фурқат аста ер остидан отасига қараб қўйди-да, бир четда ер чизиб ўтирган Насибага юзланди.

— Кечир мени, Наси!.. Аҳмоқлик қип қўйдим!..

Насиба бу гапларга жавобан даст ўрнидан турди-ю, Фурқатга бир ёвқараш қилиб олгач, югурганича хонасига кириб кетди.

— Қуда, келиб бекор қипсизлар. — қизининг ўрнига жавоб қилди Нафосат ая. — Менинг кўчада қолган қизим йўқ. Яхшиям тоғаси йўқлигида келдинглар! Бўлмаса, сизларнинг бой эканларинггаям қараб ўтирмасди.

— Жон опа, сиз, ахир, тушунадиган, кўпни кўрган аёлсиз! — деди Қудрат Каримович ҳамон эзилиб кетаётганини яширолмай. — Мен онаси ўлгандан кейин бу болани сал бўшаштириб қўйган эканман. Нима қилайки, мана, эндига келиб бошимга битган бало бўляпти… Лекин ҳалиям кечмас. Буни йўлга солволаман… Фақат… Бу ярамас, Насибани яхши кўради. Агар келиним қайтиб борса…

— Келиним деманг! — уни қайириб ташлади Нафосат ая. — У сувлар оқиб кетиб бўлди. Қаёқдаги наркоман ўғлингизга мени қизим муносиб эмас. Гап тамом, ортиқ бошимни қотирманглар! Мен тирик эканман, Насиба сизнинг остонангизга қайтиб қадам босмайди!..

— Шунақа денг? — Қудрат Каримович ҳафасаласи пир бўлган кўйи оҳиста ўрнидан қўзғалди. Ва кутилмаганда Фурқатнинг юзига тарсаки тортиб юборди.

— Ҳе падарингга лаънат, ҳароми!.. Сени деб обрўйимни бир пул қилдим! Олдимга туш!..
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (7-қисм. Биринчи фасл)