Ҳаммаси яхши эди…
Насибанинг ишлари кундан-кун юришиб, банклардаги пуллари кўпайиб борарди. Шаҳардан чиқаверишдаги қасрлар каби ҳовлисига чарчаб кириб келганда, бутун дардлари, ташвишлари эсидан чиқади. Чарчоқлари йўқолади. Негаки, онасининг қават-қават кўрпачаларда ўтирган кўйи қучоқ очиб қарши олишлари Насибани қувонтиради…
Аммо барибир ёлғиз қолган пайтларида, айниқса кечалари яқин ўтмиш ёдига тушар, ҳаммасидан ҳам Фурқатнинг ҳақоратли гаплари, масхараомуз қараб турганлари кўз ўнгида гавдаланиб юраги зардобга тўларди. Бахтсизлигидан хўрлиги келарди…
— Ҳа майли, — дерди ўзини ўзи юпатиб. — Худо пешонамга шундай қисматни ёзган экан, қўлимдан нимаям келарди?!. Минг чиранганим, куйинганимминан фойдаси йўқ… Худога шукр, ёнимда онажоним бор. Севимли ишим… Хўш, ўша бойваччалардан қаерим кам?.. Нимадан камчилигим бор?.. Нега энди ўшаларни деб ич-этимни ейишим керак?.. Нега?.. Уйи куйсин ундайларнинг!..
— Қизим, — деб қолди Нафосат ая бир куни эндигина ишдан чарчаб келиб хонасига йўл олаётганда. — Сенга айтадиган бир гапим бориди…
— Нима гап, ойи?.. Шунчалик сирлими?.. Нега хомушсиз?..
— Биласанми… Анави Фурқатинг тағин кепти…
— Нима?.. Нега келади?.. Қачон?..
Она айбдорона бош эгди.
— Ана… Ичкари уйда ўтиришибди… Отасиям ёнида…
— Уятсизлар!.. Беномуслар!.. Шунча ишлардан кейин…
Насиба уёқ-буёғини тўғрилаган бўлди-да, шошилмасдан меҳмонхонага йўл олди…
Ичкарида Қудрат Каримович уёқдан-буёққа асабий бориб келар, Фурқат эса… Жуда озиб кетган. Аввалги ҳолатидан асар ҳам йўқдек…
Бошини чангаллаганча ерга қараб ўтирарди…
Қудрат Каримович остонада Насибани кўрди-ю, бирдан ҳушёр тортиб, зўрма-зўраки жилмайди.
— Ассалому алайкум, қизим!..
Насиба саломга алик олиш ўрнига онасига маъноли тикилиб олди.
— Келинглар, нега туриб олибсиз, Қудрат Каримович?.. Марҳамат, ўтиринглар!..
Қайнотанинг ранги бироз ўзгарди. Буни кўзларининг жавдирашидан ҳам билиб олса бўларди. Лекин сездирмасликка ҳаракат қилиб қўлини кўксига қўйди.
— Қизим, отажон дейишингни шунчалар соғинганманки… Қўяйлик, араз-гиналарни бас қилайлик, жон қизим!.. Ҳой, тур ўрнингдан! Саломлашмайсанми келин билан?..
Фурқат отанинг гапидан кейингина аста ўрнидан қўзғалди…
Кўзлари ёшга тўла эди…
Лекин Насиба ҳайрон бўлмади. Шундай бўлишини биларди. Суд унга нақд юз миллион сўм товон пули ундириб бергандан сўнг ишлари орқага кетганини, илгариги юришлари, керилишларидан асар ҳам қолмаганини эшитганди…
«Ҳа, ҳалиям наркотигини ташламабди бу! — кўнглидан ўтказди у. — Чамаси, адойи тамом бўлибди шекилли… Бу кунингдан баттар бўлгин, илойим!.. Худо кўрсатибди-ку!..»
Нафосат ая собиқ қуда ҳурмати бўлса керак, дастурхонга майда-чуйдалар қўйиб, «меҳмонлар»ни ўтиришга таклиф этди ва чой қуйиб узатди…
Насиба эса, ҳамон қовоғини уйганча ўтирар, гапни нимадан бошлашни билмай ҳайрон эди…
Қудрат Каримович эринмасдан деворларга солинган нақшларни, чўғдай гиламларни кўздан кечириб чиқди. Ҳар қараганда бош чайқаб, Насибага зимдан қараб олишни ҳам унутмади…
— Хўш, Қудрат Каримович, — ниҳоят Насиба ўртадаги жимликни бузди. — Қайси шамоллар учирди бизнинг кулбамизга?..
Қайнота бу кинояга жавобан кулиб қўйди.
— Қизим, сенга тан бердим. Маладес, иродангга қойилман!.. Қисқа вақт ичида шунча ишларни қилиб юборибсанки, тан бермай иложим йўқ!
— Шуни айтиш учун келдингизми? — Қудрат Каримовичга ер остидан тикилиб сўради Насиба.
Қудрат Каримович бирдан жиддий тортиб ўғлига ишора қилди.
— Жон қизим, бу ярамас мени адойи тамом қилди… Ҳалиям одам қила олмадим буни!.. Илтимос, кечиргин уни! Ҳарқалай жигарим! Билганман… Эшитганман ҳаммасини… Сени чув туширмоқчи бўлганиданам хабар топдим. Бу кўрнамак мендан яширган экан… Локигин… Ҳаммасини сени деб, сени қайтариш учун қилган… Сени деб мениям расвои олам қип қўйди бу… Ҳозир биргина мини банкдан келадиган арзимас пулга қараб қолдик, ишонасанми, қизим?!. Бу ўғилмас, бошга битган бало бўлди… Уришиб, қаттиқ тегсам, қачон Насиба мени кечирса, қайтиб келса, кейин одам бўламан, деб тураверса… Қаерга борай? Қайси деворга бош урай?.. Сендан бўлаги одам қила олмайди бу кўрнамакни. Ишон, сени яхши кўради бу!.. Ўшанда… Аҳмоқлик қилиб қўйди-да ўзбошимча!.. Жон қизим, ахир, Худо ҳам кечиримли!.. Олдингга бош эгиб келдим!.. Ҳеч бўлмаса, мен кекса одамга раҳминг келсин! Сени қизим деганман. Сенга меҳрим тушиб қолган…
Қайнота шу гапларни айтишга айтди-ю, кўзлари ёшланиб пайпаслай-пайпаслай чўнтагидан рўмолча чиқарди.
Насиба бир онасига қараб олгач, асабий лаб тишлади.
— Наҳотки?.. Мен ким эдимки шундай ўғлингизни одам қилсам?.. Қўйинг, Қудрат Каримович, бу гаплар энди сиғмайди!.. Тўғри, ўғлингизни…
Насиба севардим демоқчи бўлди-ю, аммо тилига чиқара олмади. — Мен Худо эмасман!.. Қолаверса, бошимдан не кунлар ўтмади. Ўзим ўлиб, ўзим тирилдим. Худога шукр, ниятимга етяпман аста-секин… Энди менга халал берманглар! Сизлар бошқа дунё, мен бошқа дунё. Биз ҳеч қачон бир-биримизга муносиб бўла олмаймиз. Афсуски, ёшлик қилиб қўйдим. Онамга қулоқ солмадим… Мен… Мустақил ҳаётга ўргандим. Ҳеч кимга қарам бўлиб яшашни истамайман! Тинч қўйинглар!..
Бу гапларни қандай айтди, қаердан куч олди, ўзи билмай қолди…
Даст ўрнидан турди-да, индамай ташқарига чиқиб кетди…
Орадан чамаси ярим соатча вақт ўтди…
Хонаси деразасидан қон йиғлаб ташқарига боқиб турган Насиба ота-боланинг қай аҳволда кўчага чиқиб кетишаётганини кўрди…
Уларнинг боши эгик эди.
***
Фурқатнинг дарди оғир эди. Қўлини қаерга узатса етар даражада бўлса-да, Насибанинг муштдеккина кўнгли барибир ожизлик қиларди. Йиллар, ойлар давомида тома-тома гўё катта кўлга айланган дардлар, аламлар кўксини силтаб юқорига интиларди. Муҳаббатнинг заҳарли нишидан абгор-у, нотавонга айланаёзган юраги потирлаб унга сира тинчлик бера қолмасди. Алам-у, нафрат ўтида куйиб жизғанаги чиқиб бўлган қиз хонаси эшикларини ичкаридан тамбалади-ю, ҳўнграб йиғлаб юборди. Йиғлагани сайин Фурқатнинг сиймоси кўз ўнгида ёрқинроқ намоён бўла бошлар, ўксик туйғулар жунбушга келиб йиғисига йиғи, ҳасратига ҳасрат қўшарди.
— Худойим, — дафъатан чўғдек қип-қизил гилам устига тиз чўкиб ёш тўла кўзларини шифтга тикди Насиба. — Нега мени бахтсиз қилиб қўйдинг? Сенга нима ёмонлик қилгандим? Ҳар куни ёдимдасан, кун-у тун ўзингга ёлвораман! Ўзингдан сўрайман. Икки маротаба бахт юбординг, аммо алдадинг! Мени шармандалар қилдинг, ўзим бир умр орзулаган бахтимдан мосуволар қилдинг! Нега? Наҳотки, мен бир чимдигина ҳадянгга, иноятингга номуносиб бўлсам? Бор йўғи шуни сўрадим холос-ку!..
Афсуски, нолалари охирига етмай қолди. Хона эшиги безовта тақиллаб, ташқаридан Нафосат аянинг хавотирли товуши жаранглади.
— Аҳмоқ бўлма, қизим! Эшигингни оч! Мени адо қилма, жон бола-ам!..
Насиба кутилмаганда сакраб ўрнидан турди-да, шоша-пиша кўз ёшларини дастрўмолчасига артиб, кўзгуга боқди. Қовоқлари шишибди. Қўл силтаганча югуриб бориб эшикни очди. Очгани ҳамоно ичкарига Нафосат ая ҳовлиқиб кирди-ю, қизини маҳкам қучоқлаб олди.
— Мени қўрқитвординг-ку, аҳмоққина қизим, — деди у йиғи аралаш. — Ўзингни бир нарса қип қўясанми деб жон-поним чиқиб кетаёзди! Кел, юр, анави ерга ўтирайлик-чи! Юрақол, жоним!..
Насиба онанинг ёқимлидан-да ёқимлироқ, жуда ҳам қадрдон исини димоғида туйди дегунча кўнгли баттар бўшашиб кетганди. Лекин Нафосат аянинг дилига ортиқ озор етказгиси келмай, базўр ўзини йиғлашдан тийди ва мажбуран жилмайганча бориб диванга ўтирди.
— Жон қизим, — Нафосат ая бир неча дақиқа сукут сақлаб, қизи хўрсиниқлардан тийилгач, шошилмасдан сўз бошлади. — Ўша мараз Фурқатни энди унут! У сенинг тенгинг эмас! Мана, кўрдинг, синадинг, амин бўлдинг! Бир пулга қиммат йигит эканини ўз кўзларинг билан кўрдинг! У сенинг бир томчи кўз ёшингга арзимайди, қизи-им! Ҳали кўрасан, отаси оламдан ўтиб кетса-чи, итдай хор бўлади, ҳа! Кўзим тирик бўлса, ўша куни ўзингга кўрсатаман худо хохласа! Буёғига ишингни ўйла! Мени айтди дейсан, ҳали шундай бир йигит учрасинки, бир оғиз гапини сутга қўшиб ичадиган, изларини тавоб қиладиган бўлсин! Худойимнинг ўзи кўриб турибди. Минг шукр, оёққа турдинг, дўст-душманнинг олдида юзинг ёруғ, қўлингни қаерга узатсанг, етади. Бир кун бахтниям беради худойим. Қўй, эсдан чиқар ҳаммасини!..
***
Насиба эрта тонгда уйғониб, аста иккинчи қаватдаги балконга чиқди. Бу ердан шаҳар кафтдек кўриниб туради. Қават-қават уйлар, бир-биридан бўйдор чинорлар, қайсидир кўчалар бўйлаб ғиз-ғиз қатнаётган машиналарга боқди. Бу ҳам одамга ўзгача роҳат бахш этаркан. Айниқса, тонг насимининг авайлабгина юзларига урилиб ўтиши Насибани янада сергаклантирди. Тунги тўлғонишлари, аламлари нари чекингандек бўлди. Ҳа, ҳаёт давом этмоқда. Демак, худонинг бандалари фақат олдинга интилиши керак. Шунда Яратган ризқдан, хотиржамликдан қисмайди.
Насиба биринчи бўлиб шаҳар марказидаги супермаркетларини айланмоқни, ишчилардан хабар олмоқни ихтиёр этди ва кўз очиб юмгунча машинасида биринчи супермаркетга етиб келди. Бу супермаркетга Ноилахон деган кўҳликкина аёлни бош қилиб қўйган. Жуда ҳалол, меҳнаткаш жувон экан. Ишни уддалаб кетди. Ҳатто қисқа фурсатда бошқа дўконларга нисбатан кўпроқ даромад қиладиган бўлди.
— Вой, Насибахон, кечиринг, — Ноилахон сал нарида ҳисобчи қизга нималарнидир уқтираётган экан. Насиба кириб келганини кўриб, пилдираганча қаршисида ҳозир бўлди. — Сизни пайқамай қолибман! Яхши келдингизми? Соғлиғингиз яхшими?
— Худога шукр, нолимайман, — деди Насиба ичкари тўла харидорларни кўргач, қалби қувончга тўлиб. — Харидор кўплигига қараганда, ишларингиз бешга ўхшайди!
— Шундайликка шундайку-я, — деди Ноилахон бирдан маҳзун тортиб. — Аммо сизга бир хунук хабарим бор.
— Хунук хабар? Нима бўлди?
— Анави ўзингиз билган тепакал солиқчи келди, — деди Ноилахон ер чизиб. — Ҳозир сизнинг кабинетингизга кирволиб ҳужжатларни текширяпти.
— Шунақами? Майда-чуйда бериб қорасини ўчирмабсиз-да! Бало бормикан менинг кабинетимда унга?
— Вой, дағдағасини кўрсангиз… Ҳаммамизнинг ўтакамизни ёрди у. Айтганча…
Ноилахон супермаркет остонасига қадам қўйган икки ажнабий аёлни кўрди-ю, қўрқа-писа Насибани туртди. — Анавиларни қаранг! Улар СЭС дан келди. Уларниям ўша тепакал чақиртирибди.
— Чақирган бўлса, уларниям кабинетимга таклиф қилинг! Ҳар ҳолда давлатнинг одамлари!
— Хўп бўлади!
Ҳаш-паш дегунча Насиба кабинетига кириб борди. Не кўз билан кўрсинки, худди ўша солиқчи, бир пайтлар унинг номусига кўз олайтирган, уни суюқоёқлар билан тенглаштирган, кўп бора бозордан қувиб солишга уринган тепакал эркак кабинетнинг тўрида оёқларини чалиштирганча керилиб ўтирарди. Насибани кўрди-ю, ўнғайсизландими, аста ўрнидан қўзғалиб, қаршисидаги қовоқлари уйилган, жиддий, нигоҳлари совуққон аёлга масхараомуз боқди.
— Хуш кептилар, солиқчи ака, — деди Насиба ҳеч нарса бўлмагандек расмий оҳангда. — Айтмабсиз-да, кабобми, ишқилиб мазали таомлар билан сийлашарди хизматчиларим!
Ҳали солиқчи Насибага жавоб қайтариб улгурмай, эшик тақиллаб ичкарига СЭС да ишлайдиган икки ажнабий аёл кириб келди. Насиба уларни стол қаршисига ўтқазиб, ўзи ҳам курсилардан бирига чўкди.
— Жа ишлар беш-ку, — деди солиқчи рўпарасидаги аёлларга кўз қисиб. — Шундай катта ишларга қўл урибсиз қўрқмай. Ростми, ё мен адашдимми?
— Сиз адашсангиз, қиёмат бўлади-ку, — деди Насиба совуқ жилмайиш қилиб. — Ҳеч қачон адашмагансиз. Ҳойнаҳой, бу опаларниям сиз чақиртирган бўлсангиз керак-а?
— Ҳа-да, — янада жонланди солиқчи. — Шундай катта дўконни ишга туширибсиз. Аммо орасталикка амал қилишни унутибсиз-да, яхши қиз!
— Биринчидан, — деди Насиба асабий лаб тишлаб. — Мен яхши қизмас, Насиба Туробовнаман! Илтимос, чегарадан чиқмасангиз! Иккинчидан, менинг дўконларимда ҳамиша орасталик. Истасалар, марҳамат, текшириб кўрсинлар!..
— Текшириб бўлганмиз, — дея Насибага юзланди ажнабий аёллардан бири. — Мана, бу ҳужжатда йўл қўйилган қоидабузарликлар кўрсатилган. Омборингиздан муддати ўтган сут ва гўшт маҳсулотлари топилди. Тўғри, улар кўп эмаскан, бироқ муддати ўтган. Худо кўрсатмасин, уларни харидор сотиб олса, заҳарланиб бир нарса бўлиб қолса, гуноҳи сизга бўлади, синглим! Ё гапим нотўғрими?
Насиба бу гапдан сўнг бошқарувчисига совуқ тикилди.
— Кечиринг, опа, — деди айбдорона бош эгиб бошқарувчи. — Шуни пайқамабман. Лекин омборчи жазосини олди!
— Сиз бошқарувчисиз-ку, — деди Насиба. — Нега ҳаммасини ипидан игнасигача текширмайсиз ҳар куни? Бас, кечириш йўқ, маошингизнинг ярми берилмайди. Агар яна бир марта шундай қўпол хатога йўл қўйсангиз, ишдан кетдим деяверинг! Боринг, ишни бошқаринг!
— Хўп бўлади!
Бошқарувчи йиғлагудек бўлиб ўтирганларга ер остидан билдирмайгина қараб олди-ю, чиқиб кетди.
— Хўш, иккинчи ҳужжатингизда нима ёзилган? — ажнабий аёлга юзланди Насиба. — Яна айбимиз бор эканми?
— Йўқ, — жавоб қилди аёл. — Бошқаси жойида. Бу ҳужжатга тўлашингиз керак бўлган жарима миқдори ёзилган. Марҳамат!
Насиба ҳужжатни қўлига олиб кўз югуртирди. Бир миллион сўм жарима ёзилибди. Дарҳол уни аёлга қайтариб берди.
— Хўш, нақд пулда тўлайсизми? — гапга аралашди солиқчи. — Ёки…
— Сиз, амаки, — дея даст ўрнидан турди Насиба. — СЭС нинг ишига аралашмасангиз яхши бўларди. Қолаверса, бизда ҳеч қачон нақд пул бўлмайди. Пулларимизни банкда сақлаймиз. Демак, жаримани ҳам пул ўтказиш йўли билан тўлаймиз! Агар менга бошқа саволлар бўлмаса, рухсат берасиз, ишим кўп!..
Дўкон эгасидан бу қадар қўпол муомалани кутмаган солиқчи гезарганча истар-истамас ўрнидан турди. Аммо кетишга шошилмади.
— Солиқ ҳужжатларида жудаям қўпол хатоликлар бор экан, — деди у. — Сингил… Ҳа… Нимайди… Амаки дедингизми боя?.. Қизим, солиққаям анчагина жарима тўлашингизга тўғри келади.
— Тўлаш керак бўлса, хатога йўл қўйган бўлсак, тўлаймиз. Фақат бизнинг ишлашимизга халал бермасаларинг бас!..
— Вей, бойвучча, — энди солиқчи дафъатан Насибага яқин келиб баттар гезарди. — Сал пастроқ тушгин энди! Нима, пулинг кўп, қўша-қўша дўкон очиб ташлаган бўлсанг, биз қуллуқ қилишимиз керакми сенга? Вей, хоҳласам-чи, бир “пуф”лаб учирвораман сендақаларни!..
— Учирганингизда кўрармиз! — Насиба атайин хотиржамликка берилиб, мажбуран жилмайди. — Олдин учиринг, ана ундан кейин гапирсангиз ярашади.
— Ҳали шошмай тур!..
Солиқчи зарда аралаш столга бир муштлади-ю, чиқиб кетди. Ажнабий аёллар эса ҳарқалай хайр-маъзур қилгандан кейингина рухсат сўраган ҳолда, одоб билан узр сўрагачгина ташқарига чиқишди.
Насиба… Асаблари қақшаб, юраги сиқилиб, аъзойи бадани музлаган кўйи ўз курсисига бориб ўтирди-ю, икки кафти билан бошини чангаллаганча йиғлаб юборди.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”