02:02 / 02.11.2018
10 273

Бир кечалик келинчак… (15-қисм. Биринчи фасл)

Бир кечалик келинчак… (15-қисм. Биринчи фасл)
Билол зийраклик қилди. Фурқат ва Насибага бир-бир тикилиб олди-да, уларнинг юзидаги ўзгаришларни илғаб кутилмаганда Насибани ташқарига бошлади.

— Илтимос, опа, сиз чиқиб турсангиз, — деди у ташқарига чиққанлари ҳамоно эшикни ёпиб. — Илтимос, йўқ деманг!

— Бу нима қилганингиз? — Насиба жаҳли чиққан каби узун киприклари пирпираганча Билолни нари суришга тутинди. — Бу одамнинг сизга тааллуқли жойи йўқ. Ўзим гаплашаман.

— Опа, — деди Билол дўкон ичкарисидагиларга ўғринча қараб қўйиб. — Тушунаман. Бу менинг ишиммас. Лекин сизнинг асабийлашишингизни истамайман. Келинг, изн беринг, биз ичкарида эркакча гаплашиб олайлик! Ишонинг, муштлашмаймиз, тўполон кўтармаймиз. Маданият билан гаплашамиз. У ортиқ бу ерга келиб сизни безовта қилмайди!

Насибанинг бошқа иложи ҳам қолмаганди. Аслида Фурқатни шу тобда умуман кўргиси келмаётганди. Қарагандаёқ унинг турқи кўзларига жуда совуқ кўриниб, нафрати қўзғалган ва агар яна у билан бир неча дақиқа рўпарама-рўпара турса, ўзини идора этолмаслигини, бирор кор-ҳол юз беришини кўнгли сезарди. Шу сабабли Билолга ён беришга мажбур бўлди.

— Майли, — деди бўшашиб. — Фақат ваъдангизда туринг. Муштлашмайсиз. Яхшиликча тушунтирасиз… Менга қаранг, ўзи унинг кимлигини, нега келганини биласизми?

— Биламан, — деди Насибани ҳайрон қолдириб Билол. — Уни танийман. Бойваччанинг арзандаси. Бунинг устига наркоман. Бир-икки марта тўқнаш келгандим қачонлардир… Опа, кўнглингиз тўқ бўлсин, у сизни бошқа безовта қилмайди.

— Бўпти, мен шу атрофда бўламан!

Билол рухсат текканидан қувониб оғзининг таноби қочган кўйи кабинетга кириб кетди.

* * *
Орадан ярим соат ҳам ўтмади. Насиба узоқдан Фурқат бошини қуйи солганча чиқиб кетаётганини кўрди. Шу онда дўконга келганларига пушаймонлар қилди. Билолни топганига, онасининг қаршисида мулзам тортмаслигига кўзи етиб мамнун тортганди. Фурқат барчасини ер билан яксон қилди. Яна кўнгли ғаш тортди, кўз ўнгида яқин ўтмиш гавдаланди. Хўрликлар, ҳақоратлар қулоқлари остида қайта жаранглагандек бўлди. Дўкон тугул ёруғ дунё борича кўзига омонатдек кўрина бошлади. Қўйиб беришса, барчасига қўл силтаб боши оққан тарафга кетиб қолишга тайёр турди.

Яна Билол хаёлини бўлди.

— Опа, иш битди, — деди у кулимсираб. — Бошқа сизни безовта қилмайди.

— Ўзи нима дедингиз шундай қайсар индамай чиқиб кетди? — сўради Насиба Билолга шубҳали боқиб. — Худди разборчилардай йўл тутдингиз-а!?. Мен сиздан гумонсирай бошладим. Ҳали бунақа ҳунарларингизам борми?

— Адашяпсиз, — деди Билол ер чизиб. — Мен ҳам бошқалар каби оддий одамман. Фақат… Талабаликда бошдан ҳар хил ишлар ўтган. Фурқатга ўхшаганларникидаям мардикор ишлашимга тўғри келган.

— Мардикор? — Насиба негадир ҳайрати ошиб Билолга қаттиқроқ тикилди. — Сиз… Ҳа-я, нега ҳайрон бўляпман ўзи? Биламан… Тушунаман… Хўш, Фурқатникида нима иш қилгансиз?

— Бассейнини биз қуриб бергандик қачонлардир. Хафа қилмаган лекин. Келишган пулимизга қўшиб ҳам берган. Дадасиям мужик одам экан.

— Бас қилинг, — деди Насиба Билолнинг сўзини кесиб. — Бундан кейин менинг олдимда бунақанги жаргонли гапларни ишлатманг, илтимос!

— Хўп. Кечиринг.

— Юринг, истироҳат боғига борамиз! Очиғи, кайфиятим бир пул бўлди. Қайиқ олиб кўлда айлансак, балки ўтиб кетар… Айтганча, эшкак эшишни биласизми ўзи?

— Қийиб қўяман, — деди Билол кафтларини бир-бирига ишқалаб. — Эшгандаям энасини кўрсатиб ташлайман!

Насиба Билолнинг сўнгги лаҳзаларда янада очила бошлаганини кўриб анча енгил тортди.

Эркак кишининг аёл қаршисида ийманиб, қисиниб туришини жини суймасди.

* * *
Боғда одам кўп эди. Негадир Насиба кўлга тушишни хоҳламади. Боғни айланиб юришни маъқул билди. Соя-салқин йўлаклар бўйлаб кетиб бораркан, қур-қур ёнида одимлаётган Билолга кўз қирини ташлаб олар, баъзида беихтиёр кулимсираб оларди.

— Вай, қаранг, Билол, сойга ўхшаган жойи боракан, — деди кутилмаганда Насиба пастликдаги жилғани кўрсатиб. — Юринг, ўша ерга тушамиз!..

Билол бир оғиз сўз демай, ўша томон юрди.

Жилға суви муздек эди. Насиба худди ёш қизлар каби оёғидаги пойафзалини ечиб сувга тушди. Сув муздеклигидан сесканиб ҳам кетди.

— Қўлимдан ушланг, ҳозир йиқилиб тушаман, — деди юқорида уни ҳавас аралаш кузатаётган Билолга. — Нега қараб турибсиз?

Билол югуриб борди-ю, Насибанинг қўлидан тутиб юқорига тортқилади. Ана шу тобда улар бир-бирларига жуда яқин туриб қолишди. Бўй йигитнинг қайноқ нафаси кўксининг аллақаерини куйдириб ўтгандек бўлди. Икки юзи тоғ олмаси янглиғ қизил тус олиб киприклари асабий пирпирай бошлади. Қалби эса тобора олдинга интилиш, йигитга яқинроқ туришга ундарди. Билолнинг ҳам чамаси бўлари бўлаёзганди. Иккиланиб, билинар-билинмас ҳарсиллаб тургач…

Лаблар туташди.

Бу икковлари учун ҳам ёруғ дунёдаги энг тотли, унутилмас, ҳаяжонли ва ёввойи лаҳзалар эди.

Насибанинг аъзойи бадани қизиб борар, вужудида титроқ зоҳир эди…

Бир маҳал сесканди-ю, ўзини орқага олди ва Билолга терс ўгирилиб олди. Йигит эса ортга чекинишни хоҳламасди. Елкасидан маҳкам қучиб ўзига қаратди.

— Мен сизни жудаям яхши кўраман, опа, — шивирлади у титроқ аралаш…

Йўқ, бу титроқ қўрқувдан дарак эмас, жиловдан бўшанган эҳтирос олови эди.

— Мени ҳеч қачон опа деманг, — деди Насиба Билолнинг елкасига бош қўйиб. — Ғалати таъсир қиляпти опа десангиз.

— Унда нима деб атай?

— Шунчаки Насиба десангиз етади. «Сен»лаб мурожаат қилсангиз ҳам йўқ демасдим.

— Бўпти, шундай қиламан.

— Қани, «сен»ланг-чи!

— Сени севаман, Насиба!..

Насибага Билолнинг ҳозирги изҳори жуда ёқиб тушганди. Беихтиёр эркалангиси, Билолга суяниб яшагиси, у билан фахрлангиси келди. Бироқ эркаланишга уялди.

— Юринг, ҳов анави дарахт остида ўтирамиз бирпас, — деди улкан чинорни кўрсатиб. — Қаранг, салқин экан!

— Чинор остида ўтириш зиён дейишади-ку!

— Ўтиришмас, ухлаш зиён. Ҳарқалай, ухлаб қолмассиз?

— Ухлаб қолсам, сен борсан-ку, уйғотарсан!

— Юзингизга муздек сув сепибми?

— Ҳа, шундай қилиб уйғотасан.

— Билол, нега менга учрадингиз? Учрамасангиз бўларди-ку!

— Мени учратганингдан хафамисан? — деди Билол маъюс тортиб. — Агар…

— Ҳечам хафа эмасман. Фақат… Энди-энди ёлғизликка, муҳаббатсиз яшашга кўника бошлагандим. Сиз йўлиқдингиз-у, ҳаммасини чиппакка чиқардингиз.

— Кечир, — деди Билол гуноҳкорлардек ёлғондакам бош эгиб. — Айбимни ювишга тайёрман.

— Нима билан ювмоқчисиз айбингизни?

— Керак бўлса, қон билан.

— Йўқ, — Насиба Билолнинг лабига бармоғини босди. — Қон керакмас… Айтганча, сиз менинг ўтмишимдан хабар топсангиз, кетиб қолсангиз керак деб ўйлайман.

— Ўтмишингдан аллақачон хабар топганман.

— Нима? Ким айтди сизга?

— Эшитганман-да! Фурқат алдаб юргани-ю, сен бошқасига текканинг, у оламдан ўтиб қолгани… Қисқаси, ҳаммасини эшитганман.

— Шундаям мени деяверасизми?

— Албатта, мени сенинг ўтмишинг умуман қизиқтирмайди. Менга ҳозиринг муҳим. Сени худди шу ҳозиринг билан севаман…

— Қизиқ… Жудаям қайсар кишийкансиз.

— Онам шундай яратган-да қайсар қилиб!

— Хўш, буёғига нима қилмоқчисиз?

— Менми?

Билол энди тортинишлардан, безовталанишлардан анча холи эди. Насибанинг икки елкасидан маҳкам қучди-да, ўзига қаратди.

— Мен тезроқ тўйимиз бўлишини истайман.

— Тўй? Ўҳ-ҳў, иштаҳалар карнай-ку!

— Нима, сен менга турмушга чиқмайсанми?

— Агар «йўқ» десам, нима қиласиз?

— Ўлай агар, бу жавобни кўтара олмайман. Катта йўлга чиқаман-у, ўзимни машинанинг тагига ташлайман. Ҳа, сенсиз яшагандан ўлиб кетганим маъқул.

— Бас, аҳмоқона гапларни гапирманг! Ундан кўра, айтинг, ҳозир кўнглингиз нимани тусаяпти?

— Овқатни назарда тутяпсанми?

— Ҳа-да! Эркакларга овқатдан бўлак ниманиям таклиф қилиш мумкин?!.

Билол Насибани маҳкам қучиб кўкка боқди.

— Агар уришиб ташламасанг, айтаман.

— Бўпти, уришмайман, айта қолинг!

— Яқинда ресторанга олиб боргандинг-ку! Ўшандаги французча гўшт деган овқатига гап йўғакан.

— Ростданам ёқдими сизга?

— Жудаям ёқди.

— Яна боришимизни хоҳлаяпсизми?

— Билмагандай сўрайсан-а!.. Умуман… Ўзинг суриштираверганинг учун айтдим холос. Менга кўпроқ сенинг ёнингда бўлиш ёқади. Гўштлариям, ресторанлариям сенинг олдингда капейка.

— Тағин жаргонли гапиришга ўтдингизми?

— Узр, талабалик-да! Болалар билан гаплашавериб ўрганиб қолибман.

— Бундан кейин дипломатларча гапиринг.

— Хўп бўлади, ўртоқ генерал!..

— Кетдик, яна французча гўшт тугаб кетиб балога қолмай!

Билол даст ўрнидан турди-да, Насибага қўл узатди.

Икковлари қўлтиқлашганча ташқарига кета бошлашди.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир кечалик келинчак… (15-қисм. Биринчи фасл)