14:06 / 04.11.2018
3 749

Лойиқ бўлмагач...

Лойиқ бўлмагач...
Зуннун Мисрий ҳазратларининг шогирдлари бўлиб, у бир йил давомида ҳазратга ихлос билан хизмат қилди, ёнларидан айрилмади. Бир куни шогирд кўнглидаги ниятини ҳазратга айтди:

– Устоз, менга “Исми Аъзам”ни ўргатишингизни илтимос қиламан.

Ҳазрат табассум қилдилар, аммо ҳеч нима демадилар. Шу асно орадан яна олти ой ўтди. Бир куни устоз ўша шогирдни ҳузурларига чорлаб, қўлига оғзи бўз билан беркитилган кўза тутқаздилар.

– Фустат шаҳрида бир дўстим бор. Гарчи у мени бир йилдан буён йўқламаган бўлса ҳам, унга дўстлик ҳадясини юборишга қарор қилдим. Ҳадям эса мана бу идишнинг ичида. Ишонаманки, омонатни дўстимга етказасан.

Шогирд кўзани олиб йўлга тушди. Йўлда шайтон: “Зуннун Мисрийга бир йил хизмат қилдинг, билмади. Яна олти ой ёнида бўлдинг, қадрингга етмади. Биттагина сўровингни ҳам жавобсиз қолдирди. Бир йил мобайнида бирор марта йўқлаб қўймаган одамга эса ҳадя юборяпти. Бу жуда ҳам қимматли нарса бўлса керак. Асли ўша кимса бундай қимматбаҳо ҳадяга лойиқмикан?” – дея уни васвасага солди. Шогирд бу васвасалар таъсирида ҳеч ким йўқ жойда, йўлнинг четида кўзани очиб кўрди. Кутилмаганда унинг ичидан бир сичқон сакраб чиқди ва ерга тушиб, бир онда ўтларнинг орасида кўринмай кетди. Энди айтилган жойга боришга ҳожат ҳам қолмаган эди. Шундай қилиб шогирд орқага, устозининг олдига қайтди. Ҳазрат уни табассум билан қарши олдилар ва дедилар:

– Азизим, омонат этилган бир сичқонни жойига етказолмаган инсонга “Исми Аъзам”ни ўргатиш, ишониб топшириш мумкинми? Билиб қўйки, киши ўзи лойиқ бўлмаган нарсага талабгор бўлмагани маъқул.

Манба: Irfon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Лойиқ бўлмагач...