08:54 / 09.11.2018
5 357

Оммани манипуляция қилишнинг 10 усули

Оммани манипуляция қилишнинг 10 усули
Ноам Чомский – тилшунослик профессори, файласуф, жамоатчилик арбоби, китоблар муаллифи. Уни замонамизнинг энг нуфузли интеллектуалларидан бири сифатида тилга олишади. Сиёсий мустабидликнинг ёрқин ва изчил танқидчиси бўлмиш Чомский давлатнинг ибтидосидан то бугунги кунгача бўлган ролини таҳлил қилади ва унинг ривожланиш векторларини белгилаб беради.

Давлат ҳокимияти ёки сиёсий ҳокимият ўз манфаатларига эга бўлганида, тутуриқсиз равишда ўзини асраб қолиш мақсадида ўзини сайлаганларни бошқаришни бирламчи вазифасига айлантиради. Одамлар норозилик кўрсата бошлаганида эса зўравонликдан қочиш учун бунга қарши тарғиботдан фойдаланади, тарғибот қуроли бўлиб ОАВ хизмат қилади. Ноам Чомский «Манипуляция қилишнинг 10 усули»ни тузган бўлиб, уни эътиборингизга ҳавола этамиз.

1-усул: диққатни чалғитиш

Жамиятни бошқаришнинг асосий унсури одамлар эътиборини муҳим муаммолар ҳамда сиёсий ва иқтисодий ҳукмрон доиралар қабул қиладиган қарорлардан чалғитишдир. Бунинг учун эса ахборот майдони кам аҳамияти хабарлар билан тўлдирилади.

Фуқароларга замонавий фалсафий оқимлар, илғор илм-фан, психология, нейробиология ва кибернетика соҳасидаги муҳим маълумотларни олишга имкон берилмайди. Бунинг ўрнига ахборот майдони спорт ва шоу-бизнес хабарлари, енгил-елпи материаллар билан тўлдирилади.

«...фуқароларнинг эътиборини ҳақиқий аҳамиятга эга бўлмаган муаммоларга қаратиб, чинакам ижтимоий муаммолардан чалғитиш. Одамлар ҳар доим нима биландир банд бўлишига ва уларнинг тафаккур учун вақти қолмаслигини эришилади: бошқа барча ҳайвонлар сингари далада – қўтонда». (Н. Чомскийнинг «Сокин урушлар учун сассиз қурол» китобидан иқтибос).

2-усул: аввал муаммолар яратиб, кейин уларнинг ечимини таклиф этиш

Мазкур усул «муаммо – реакция – ечим» деб ҳам аталади. Муаммо, қандайдир «вазият» юзага келтирилади, бундан мақсад аҳоли орасида муайян реакцияни келтириб чиқариш ва одамларнинг ўзи ҳукмрон доираларга керакли қарорларнинг қабул қилинишини талаб этишидир. Масалан, шаҳарларда зўравонликлар кучайтирилади ёки қонли терактлар уюштирилади, пировардида одамлар хавфсизликнинг кучайтирилишини кўзда тутувчи қонунлар қабул қилинишини ва фуқаролик эркинликларини чекловчи сиёсат олиб борилишини талаб қилади.

Ёхуд қандайдир иқтисодий, террористик ёки техноген инқироз келтириб чиқарилади. Шунда одамлар ижтимоий ҳуқуқлари поймол бўлса-да, инқирознинг оқибатларини бартараф этиш чоралари ҳақида ўйлай бошлайди. Англаш лозимки, инқирозлар ўзидан-ўзи пайдо бўлмайди.

3-усул: аста-секинлик билан муроса

Унчалик машҳур бўлмаган бирор чоранинг қўлланишига эришиш учун уни кунма-кун, йилма-йил татбиқ этиш кифоя. Ўтган асрнинг 80 ва 90-йилларида принципиал янги ижтимоий-иқтисодий шартлар (неолиберализм) айнан шу усулда жаҳон бўйлаб тарқатилди.

Давлатнинг функцияларини минимумга тушириш, хусусийлаштириш, ишончсизлик, беқарорлик, оммавий ишсизлик, рисоладагидек кун кечиришга етмайдиган маош. Буларнинг бари бир пайтнинг ўзида содир бўлганида, шубҳасиз, инқилобга олиб келарди.

4-усул: ижрони кечиктириш

Машҳур бўлмаган қарорни сингдиришнинг бошқа бир усули уни «оғриқли ва зарур» чора сифатида таништириб, унинг келажакда амалга оширилиши учун фуқароларнинг розилигини олишдир. Айни пайтда эмас, келгусида қурбон беришга рози бўлиш осонроқ.

Биринчидан, чунки бу бирданига амалга ошмайди. Иккинчидан, омма ҳар доим «эртага ҳаммаси яхши бўлиб кетади» деган умидни ардоқлашга мойил ва ундан талаб қилинадиган қурбонликлар рўй бермайди деган илинж билан яшайди. Шу тариқа фуқароларнинг ўзгаришлар ҳақидаги ўйларга кўникиши учун кўпроқ вақти бўлади ва вақти келганида ўша ўзгаришларни муроса билан қабул қилади.

5-усул: халққа кичик боладек мурожаат қилиш

Кенг оммага мўлжалланган аксар тарғибот чиқишларида гўёки гап ривожланишдан ортда қолган мактаб ўқувчилари ёки ақлан норасо кишилар ҳақида кетаётгандек важлар, қаҳрамонлар, сўзлар ва оҳанг қўлланади.

Бир киши тингловчини чалғитишни қанчалик кўп истаса, номукаммал гаплардан шунчалик кўп фойдаланади. Нега? Агар кимдир бирор кишига гўёки у 12 яшар ёки ундан кичик ёшдаги боладек муомала қилса, катта эҳтимол билан ўша кишининг реакциясида худди 12 яшар ёки ундан кичик бола сингари танқидий баҳолаш бўлмайди.

Юқорида ва қуйидаги тилга олинган усулларга дучор бўлган кенг аудитория учун мўлжалланган сиёсий нуқтларга пуч мулоҳазалар ва сийқаси чиққан ҳақиқатлар тиқиштирилган бўлади.

6-усул: ҳиссиётга иложи борича кўпроқ эътибор бериш

Ҳисларга таъсир кўрсатиш нейролингвистик дастурлашнинг классик усули бўлиб, одамларда рационал таҳлилни, охир-оқибат содир бўлаётганларни танқидий тафаккур қилишни тўхтатиб қўйишга қаратилган.

Бошқа томондан, ҳиссий омилдан фойдаланиш онг остига фикрлар, истаклар, қўрқувлар, хавфсирашлар, мажбурлашлар ёки халқ-атворнинг барқарор моделларини сингдириш имконини беради. Террорчилик қанчалик шафқатсиз, ҳукумат қанчалар адолатсиз, очлар ва хўрланганлар қанчалик қийналаётгани ҳақидаги сеҳр-жоду содир бўлаётганларнинг ҳақиқий сабабларини “кадр” ортига яшириб қўяди. Ҳислар – мантиқнинг душмани.

7-усул: одамларни жоҳилликда ушлаб туриш

Одамларни – уларни бошқариш учун қўлланаётган усулларни тушунмайдиган даражага тушишига эришиш. Жамиятнинг қуйи синфларига тақдим этилаётган таълим сифати иложи борича ҳаминқадар ва ўртамиёна бўлиши керак, токи қуйи синфлар уларни юқори ижтимоий синфлардан ажратиб турадиган билимсизликни ошиб ўта олмасин.

8-усул: фуқароларни ўртамиёналикдан завқланишга ундаш

Аҳолининг онгига аҳмоқ, разил ва тарбиясиз бўлиш қанчалар урфда эканини сингдириш. Бу усул аввалгиси билан ўзаро боғлиқ. Замонавий дунёда ҳар қандай ижтимоий соҳалар – дину илм-фан, санъату сиёсатда ўртамиёналик катта миқдорда намоён бўлмоқда.

Жанжаллар, сариқ саҳифалар, сеҳр ва афсун, шубҳали юмор ва популистик акциялар – буларнинг бари одамлар ўз онгларини реал дунёнинг чексиз кенгликларига қадар кенгайтирмаслигининг олдини олиш учун хизмат қилади.

9-усул: ўзини айбдор ҳис қилишни кучайтириш

Одамни барча бахтсизликларининг сабаби ўзининг ақлий имкониятлари ёки саъй-ҳаракатларидаги камчиликларда эканига ишонишга мажбурлаш. Натижада одам иқтисодий тизимга қарши чиқиш ўрнига ўзини ўзи камситишни, ҳамма нарсага ўзини айблашни бошлайди, бу эса тушкун кайфиятга ва ала-оқибат ҳаракатсизликка олиб келади.

Ҳаракат бўлмасдан туриб эса инқилоб ҳақидаги гап бўлиши мумкин эмас! Сиёсатчилар ҳам, олимлар ҳам (айниқса, психотерапевтлар), диний арбоблар ҳам одамлар ўзини ўзи камситишига эришиш учун ғоят самарали доктриналардан фойдаланади.

10-усул: одамлар ҳақида уларнинг ўзидан ҳам кўпроқ маълумотга эга бўлиш

Сўнгги эллик йилда илм-фан оламидаги тараққиёт оддий одамларнинг билими ва ҳукмрон синфлар эга бўлган маълумотлар ўртасидаги фарқнинг янада катталашишига олиб келди.

Биология, нейробиология ва амалий психологиянинг шарофати билан «тизим» ҳам физиология, ҳам психика соҳасида одам ҳақида илғор билимларга эга бўлди. Тизим – одам ўзи ҳақида биладигандан кўпроқ нарсани билишни уддалади. Бу шуни англатадики, аксар ҳолларда тизим катта ҳокимиятга эга ва одамларни уларнинг ўзидан кўпроқ бошқаради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Оммани манипуляция қилишнинг 10 усули