date

Англиялик мутахассис ВАР тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф этди

Англиялик мутахассис ВАР тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф этди

Англия футболида тажрибаси билан танилган мутахассис Тони Пулис ВАР (видеотакрор) тизими ва ўйин қоидаларида жиддий ўзгаришлар зарурлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳозирги шароитда ҳакамлар ва ВАР футболнинг ўзига нисбатан кўпроқ эътибор марказида қолгани спорт руҳини бузмоқда.

Пулиснинг таъкидлашича, ВАР тизими ўйинларни чўзиб, табиий темпни йўқотмоқда. “Бизнинг муаммоларимиздан бири — ВАР қарор чиқаришда ортиқча вақт талаб қилади. Биз трибунада ёки телевизор орқали вазиятни бир неча сонияда баҳолай оламиз, аммо ВАР гуруҳи икки-уч дақиқа, баъзан ундан ҳам кўпроқ вақт сарфлайди. Бу футболдаги ритмни йўқотади”, — деди Пулис.

Унинг таклифига кўра, ВАР текшируви ҳар қандай ҳолатда икки дақиқадан ортиққа чўзилмаслиги керак. Агар ҳакамлар шунча вақт ичида қарорга кела олмаса, бу жараённинг фойдаси йўқ, деб ҳисоблайди мутахассис.

Шу билан бирга, собиқ мураббий ВАР хоналарида фақат ҳакамлар эмас, балки футболни ҳис этадиган собиқ ўйинчилар ёки мураббийлар ҳам бўлиши кераклигини айтди. “Профессионал футболчи ҳар бир қоидани ёддан билмаслиги мумкин, лекин у вазиятни ҳис қилади. Бу муҳим жиҳат”, — деди Пулис.

Унинг яна бир таклифи — “соф ўйин вақти” тизимини жорий этиш. Яъни жароҳатлар, ВАР текширувлари ёки вақтни чўзиш ҳолатларида соат автоматик тўхтатилиши лозим. “Шунда мухлислар ҳам айнан қанча дақиқа қолганини аниқ билади, ўйин охирида неча дақиқа қўшилишини тахмин қилишга ҳожат бўлмайди”, — деди у.

Пулис сўзларига кўра, Англия Премьер-лигасидаги тажрибасида кўп марта адолатсиз қўшимча вақтлар берилган ҳолатларга дуч келган. “Кучли жамоага қарши ҳисобда олдинда бўлсак — ҳакамлар беш дақиқа қўшишарди. Агар мағлуб бўлсак, уч дақиқадан ҳам кам вақт бериларди. Бу — футболдаги адолатсизликнинг кўриниши”, — деди у.

Мутахассис фикрича, футбол ўйини қайта кўриб чиқилиши, ВАР тизими аниқ қоидалар билан чекланиши лозим. “Футболни ҳакамлар эмас, ўйинчилар ҳал қилиши керак”, — деб хулоса қилди Тони Пулис.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Англиялик мутахассис ВАР тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф этди